ХОТИН-ҚИЗЛАРГА НИСБАТАН ЗЎРАВОНЛИКНИ БАРҲАМ ТОПТИРИШ ВА ГЕНДЕР ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ — ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Бугунги кунда дунё миқёсида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш масалалари энг долзарб мавзулардан бирига айланди. Оиладаги соғлом муҳит ва хотин-қизларнинг фаровонлиги жамият тараққиётининг асосий кўрсаткичларидан ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — давлат сиёсати устувор йўналиши
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида хотин-қизлар масаласини давлат сиёсатининг марказига қўйиш борасида катта ислоҳотлар амалга оширилди. Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятдаги фаоллигини ошириш мақсадида қатор қонунлар, дастурлар ва қарорлар қабул қилинди.
“Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик” мавзусида ўтказилаётган республика кампанияси ҳам айнан ушбу мақсадга қаратилган бўлиб, жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришни назарда тутади.
Зўравонлик — жамият тараққиётига таҳдид
Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик нафақат шахсий ҳаётга, балки оила ва жамият барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади. Зўравонлик турлари — жисмоний, психологик, иқтисодий ва гендер асосидаги камситишлардир. Уларнинг ҳар бири хотин-қизнинг шахсий хавфсизлиги, шаъни ва қадр-қимматига даҳл қилади.
Шу сабабли қуйидаги вазифалар муҳим аҳамиятга эга:
аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини кучайтириш;
ҳуқуқий маданиятни ошириш;
оилаларда низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш усулларини тарғиб қилиш;
зўравонлик қурбонларига психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш.
Давлат идоралари ва суд органларининг масъулияти
Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида давлат идоралари, айниқса суд органлари зиммасига жиддий вазифалар юкланади. Қонунчилик нормаларининг мазмун-моҳиятини ходимларга етказиш, профилактик тадбирлар ташкил этиш ва амалга оширилган ишлар юзасидан белгиланган муддатларда ахборот тақдим этиш тизим самарадорлигини таъминлайди.
Бу йўналишда қуйидаги ишлар амалга оширилиши зарур:
хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича семинар ва ўқув-кўргазмали тадбирлар ўтказиш;
суд тизими ходимлари ўртасида гендер тенглик бўйича билим ва кўникмаларни ошириш;
зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ҳамкорлик механизмларини кучайтириш;
жамоатчилик ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кенгайтириш.
Вилоят маъмурий судининг судьяси Муллабаева Гўзал Мухтаровна






