АДОЛАТ: ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИ

Адолат – жамиятнинг асосий пойдевори бўлиб, унинг барқарорлиги, тараққиёти ва инсонлар ўртасидаги муносабатларнинг адолатли шаклланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Адолат барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва тараққиёт учун асос бўлади.

Адолат жамиятда барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлишини кафолатлайди. Адолатли бошқарув тизими жамиятда ишонч муҳитини шакллантиради. Бу ишонч фуқароларнинг давлатга ва бошқа фуқароларга бўлган муносабатини яхшилаб, ўзаро ҳамкорликни кучайтиради.

Шунингдек, адолатли жамиятда ҳар бир инсон ўз меҳнатига муносиб равишда мукофотланади, бу эса ижтимоий тенгсизликни камайтиради. Тенг имкониятлар эса шахсларнинг ўз қобилиятларини тўлиқ намоён этишига ёрдам беради.

Бундан ташқари, адолат жамиятда инсонлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини, барча фуқаролар учун тенг имкониятларни яратади, камбағаллик ва ижтимоий нотенгликка қарши самарали кураш олиб борилади.

Адолатли жамиятда коррупцияга ва зўравонликка ўрин қолмайди. Ҳар қандай қонунбузарлик аниқ ва шаффоф қонунлар асосида жазоланади.

Адолат жамиятнинг маънавий асосларидан бири сифатида шахслар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишонч туйғусини шакллантиради. Бу эса келажак авлоднинг ахлоқий ривожланишига ижобий таъсир қилади.

Хулоса қилиб айтганда, адолат жамият тараққиётининг асосидир. У инсон ҳуқуқлари, ижтимоий тенглик ва иқтисодий барқарорликни таъминлайди.

Х.КУРБАНОВ

Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

И.ХОЛОВ

Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси