Жорж Вашингтон номидаги университет профессорлари билан учрашув
20 сентябрь 2022 йил Бухоро вилоят маъмурий судида хорижий делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда хорижий мамлакат томондан Жорж Вашингтон номидаги университет профессори Малколм Рассел-Эйнҳорн, Жорж Вашингтон номидаги университетнинг халқаро муносабатлар бўйича тадқиқотчи-профессори Шон Р.Робертс иштирок этишди.
Ўзбекистон томонидан Бухоро вилоят маъмурий суди раиси С.А.Турсунов, вилоят суди судьялари Г.М.Муллабаева, Б.Т.Садуллаев, Ж.Ф.Ҳусенов, И.И.Холов ва Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси в.б. О.О.Ражабовлар иштирок этишди.
Учрашув адвокат, миллий консультант, профессор Ж.Неъматов томонидан очилиб, хорижий меҳмонларга иштирокчилар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, С.А.Турсунов томонидан Ўзбекистон Республикасидаги суд тизими, жумладан маъмурий судларнинг ташкил этилиши, вазифалари ва ваколатлари ҳақида тушунтириш берилди.
Хорижий делегация вакиллари томонидан қуйидаги саволлар берилди:
1) Шон Р.Робертснинг саволи:
Бухоро вилоят суди ва Бухоро туманлараро маъмурий судларининг айнан битта бинода фаолият юритиш сабаблари ҳақида тушунтириш берсангиз?
Шон Р.Робертснинг саволига С.А.Турсуновнинг жавоби:
2021 йил 1 январдан туман (шаҳар)лардаги маъмурий судлар тугатилиб, вилоят марказларида фақатгина туманлараро маъмурий судлари ташкил қилинганлиги муносабати билан мазкур бинода вилоят ва туманлараро маъмурий судларининг фаолият кўрсатиш имконияти бўлганлигини сабабли ҳар иккала судлар ушбу бинога жойлаштирилган. Вилоят ва туманлараро маъмурий судларининг битта бинода жойлашуви судьяларнинг мустақиллигига таъсир қилмайди. Келгусида вилоят суди учун алоҳида бино қурилиши режалаштирилган.
2) Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволи:
Маъмурий судларда айнан қайси давлат органларига нисбатан берилган шикоят (ариза)лар кўпайган.
Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволига С.А.Турсуновнинг жавоби:
Ҳозирги кунда туманлараро маъмурий суди томонидан кўрилаётган ишларнинг асосий қисмини маҳаллий давлат ҳокимияти, солиқ органлари, мажбурий ижро бюросининг қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган шикоят (ариза)лар ташкил қилади.
3) Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволи:
Маъмурий судларда ҳам келишув ва ярашув институти мавжудми?
Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволига С.А.Турсуновнинг жавоби:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги ПҚ-107-сонли Қарорида, оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш, тарафларга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган. Мазкур Президент қарорига асосан тегишли қонунларга, жумладан МСИЮтКга ҳам тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини назарда тутувчи ўзгартиришлар бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
4) Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволи:
Солиқ органининг қарорларидан (сайёр ва аудит текширувлари юзасидан қабул қилинган қарорлари) норози тарафлар дастлаб юқори турувчи органга, сўнгра судга шикоят қилиши назарда тутилган. Ушбу тартиб янан қайси органларда мавжуд?
Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволига С.А.Турсуновнинг жавоби:
Солиқ қонунчилигига асосан солиқ органининг сайёр ва аудит текширувлари юзасидан қабул қилинган қарорларидан дастлаб юқори турувчи солиқ органига, сўнгра судга шикоят қилиши назарда тутилган. Камерал солиқ текшируви натижасида қабул қилинган қарордан эса аризачининг танловига кўра судга ёки юқори турувчи солиқ органига шикоят қилиниши мумкин. Бошқа мансабдор шахснинг қарорларидан норози бўлган шахс тўғридан-тўғри судга мурожаат (шикоят) қилиши мумкин.
5) Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволи:
Далилларни тўплаш ва исботлаш тартиби ҳақида тушунча берсангиз?
Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволига С.А.Турсуновнинг жавоби:
Ҳозирги кунда амалда бўлган қонунчиликка кўра, маъмурий суд ишларини юритишда ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги ПҚ-107-сонли Қарорига асосан суднинг фаол иштироки тамойили асосида маъмурий суд ишларини юритишда ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган шахс далилларни тўплашда ўз имконияти доирасида иштирок этиш имкониятини яратишни назарда тутувчи қонунчилик жорий қилинмоқда.
6) Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволи:
Тарафлар бошқа ташкилотлардан далиллар ололмаса, суд томонидан далиллар олиниши мумкинми?
Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволига С.А.Турсуновнинг жавоби:
Тарафларнинг сўровига асосан тегишли ташкилотлардан далиллар тақдим қилинмаган тақдирда, ишни кўриш жараёнида тарафларнинг асослантирилган илтимосномасига кўра суднинг сўровномаси орқали далиллар тегишли ташкилотлардан талаб қилиб олиниши мумкин. Суд ўз ташаббусига асосан ҳам далилларни талаб қилиб олиши мумкин.
7) Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволи:
Давлат хизматларини хусусийлаштирилиши билан боғлиқ ишлар маъмурий судларда кўрилганми, ушбу ҳолатлар бўйича маъмурий судларга фуқаролар шикоят қилиши мумкинми, умуман олганда маъмурий судга қандай ҳолатда шикоят қилиниши мумкин?
Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволига С.А.Турсуновнинг жавоби:
Давлат хизматларини хусусийлаштирилиши билан боғлиқ ишлар Бухоро туманлараро маъмурий судида кўрилмаган. Мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки қарорлари шахснинг ҳуқуқларида дахл қилган ҳолларда ушбу шахслар маъмурий судга шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли, уларнинг ҳуқуқлари суд орқали ҳимояланиши мумкин.
8) Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволи:
Суд процессларида прокурор иштироки ҳақида фикрингиз?
Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволига С.А.Турсуновнинг жавоби:
МСИЮтКга мувофиқ прокурор барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақли. Шунингдек, пророрнинг аризасига асосан қўзғатилган маъмурий иш бўйича суд мажлисида прокурор иштироки мажбурий. Қонунчилигимизга кўра прокурор ва адвокатнинг процессуал мақоми тенг. Лекин қонунчиликка кўра прокурор суддан иш ҳужжатларини олиб ўрганади, адвокат эса иш ҳужжатлари билан фақатгина суднинг рухсатига асосан суд биносида танишади.
9) Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволи:
Собиқ иттифоққа аъзо қайси давлатларнинг суд тизимини биласиз, уларнинг қайси бирида тажриба орттириш мумкин?
Малколм Рассел-Эйнҳорннинг саволига С.А.Турсуновнинг жавоби:
Собиқ иттифоққа аъзо қайси давлатларнинг суд тизими билан яқиндан таниш эмасман, лекин 2022 йилнинг июнь ойида Германия Федератив Республикасида амалий сафарда бўлганман, ушбу давлат суд тизимини, жумладан маъмурий суд тизими билан яқиндан танишганман. Бизнинг давлатимиздаги суд тизими билан ўхшашлик жиҳатлари мавжуд. Бундан ташқари, Туркия давлатининг суд тизимини биламан.
Бундан ташқари, учрашув давомида хорижий меҳмонлар Бухоро вилоят маъмурий суди ва туманлараро маъмурий судларидаги судьялар сони билан қизиқиб, саволларига жавоб олдилар.