Маъмурий судларга кимлар мурожаат қилади ва бу суд қандай ишларни кўради?

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ҳам мурожаат қилишга ҳақли.

Маъмурий судга мурожаат қилиш:

фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишлар бўйича — ариза (шикоят) ва илтимоснома шаклида;

апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанциялари судларига мурожаат этилганда шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.

Маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир. Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга ёки фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.

Маъмурий суд томонидан ҳал этиладиган ишлар қуйидагилардан иборат:

1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

2) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

3) сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

4) нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

5) давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги;

6) ушбу Кодекснинг 271-моддасида кўрсатилган инвестиция низолари бўйича;

7) ушбу Кодекснинг 272-моддасида кўрсатилган рақобат тўғрисидаги;

8) маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.

Аризачи ариза (шикоят) билан бир қаторда ушбу талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этишга ҳақли. Талаблардан алоҳида тарзда билдирилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судда ёки иқтисодий судда кўриб чиқилиши лозим.

Инвестициявий низолар жумласига инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорларига, ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир ишлар киради.

Рақобат тўғрисидаги ишлар бўлиб юридик шахслар, шу жумладан чет эллик юридик шахслар, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва монополияга қарши орган ўртасида товар ҳамда молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган, маъмурий суд судловига тегишли низолар ҳисобланади.

Талаб судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда маъмурий судга тақдим этилган бўлса, ариза (шикоят) тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказилади. Агар ариза (шикоят) судга тааллуқлилик қоидаларини бузган ҳолда иш юритишга қабул қилинганлиги ишни кўриб чиқиш чоғида аниқланса, маъмурий суд иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва маъмурий суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Судга тааллуқли ишлар туманлараро маъмурий судлар томонидан кўрилади, бундан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли ишлар мустаснодир.

Инвестиция низолари бўйича йирик инвесторнинг, рақобат тўғрисидаги ишлар бўйича томонларнинг хоҳишига кўра ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўриб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари биринчи инстанция суди сифатида давлат сирлари билан боғлиқ ишларни кўради.

Йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризалари (шикоятлари) жавобгар жойлашган ердаги туманлараро маъмурий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига тақдим этилиши мумкин.

Йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризалари (шикоятлари), шунингдек товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган даъво аризалари туманлараро маъмурий судга ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига тақдим этилиши мумкин.

Д.Чориев
Вилоят маъмурий суди судьяси
Ю.Абдуғаффорова
Вилоят маъмурий суди архив мудири