ҚАРЗДОР ЖИСМОНИЙ ШАХСНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАН ЧИҚИШИНИ ВАҚТИНЧА ЧЕКЛАШ АСОСЛАРИ ВА ТАРТИБИ
Ўзбекистон республикасининг «суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 42-1-моддада Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тартиби белгиланган.
Унда, Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли, бундан жарима тариқасидаги жиноий жазо бўйича ижро ишини юритиш ҳоллари мустасно.
Давлат ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори катта давлат ижрочиси томонидан тасдиқланади. Мазкур қарорнинг кўчирма нусхалари қарздор жисмоний шахсга (агар унинг турган жойи маълум бўлса), ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (бошқармасига) ҳамда Давлат чегарасини қўриқлаш органларига юборилади.
Агар ижро ҳужжати суд ҳужжати бўлмаса ва суд ҳужжати асосида берилмаган бўлса, ундирувчи қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.Давлат ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин.
Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжатининг талаблари амалда ижро этилганда ёхуд у бўйича ижро иши юритиш ушбу Қонунда белгиланган асосларга кўра тугатилганда ёки тамомланганда, давлат ижрочиси кейинги кундан кечиктирмасдан қарздор жисмоний шахсни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.
Мазкур моддада фақат мулкий турдаги ижролари юзасидан чеклов белгиланиши назарда тутилмаган.
Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси
Муллабаева Гўзал Мухтаровна