Фарғонада 1 минг 78 нафар муқаддам судланган шахс яна жиноятга қўл урган
Фарғонада судлар томонидан ўтган йилда 6 нафар фуқарога нисбатан тергов органи томонидан қўйилган ноҳақ айбловлар бекор қилиниб, уларнинг барчасига биринчи инстанция судлари оқлов ҳукмларини чиқарган.
Шунингдек, ушбу даврда 719 нафар шахсга нисбатан 470 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб (модда тўлиқ айбловдан чиқарилган, модда қисми ёки банди чиқарилган ёки бошқа моддага малакаланиб ҳукм чиқарилган) ҳукм ўқилди.
Бу маълумотни Фарғона вилояти суди раиси Шуҳрат Камолов халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясидаги вилоятда судлар томонидан фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш борасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилда кўриладиган чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотида айтиб ўтди.
Одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида вилоят судлари томонидан 2020 йил давомида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, ўтган йил давомида жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди ва туман (шаҳар) судлари томонидан жами 5 минг 282 нафар шахсга нисбатан 4 минг 310 та жиноят иши тамомланган.
Таҳлиллар судда кўрилган мазкур шахсларнинг 1 минг 78 нафари ёки 20,4 фоизи муқаддам судланган шахслар экани, шунингдек, жиноятлар асосан ичкиликбозлик, ишсизлик, оилавий ва қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида келиб чиқаётганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2020 йил 3 декабрдаги ҳукмига кўра, А.Кожанова Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 97-моддасининг 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган.
Мазкур жиноят иши бўйича судланувчининг шахсига оид маълумотлар ўрганилганида А.Кожанова муқаддам бир неча бор судланганлиги, жиноят содир қилинган вақтда вақтинча ишсиз бўлгани, никоҳи суд томонидан бекор қилинган бўлиб, 3 нафар фарзанди борлиги, Фарғона шаҳри, Юксалиш кўчаси, 84-уй, 5-хонадонда доимий рўйхатда турсада, жиноят содир этилган вақтда Фарғона шаҳри, А.Яссавий кўчаси, 40/Б-кўп қаватли уй балкони остида яшаб келгани маълум бўлди.
Бу эса, ўз навбатида, ички ишлар идоралари ходимлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида жойларда аҳоли ўртасида, хусусан, муқаддам судланганлар билан профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмаётганлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, мутасадди ташкилотлар томонидан мазкур фуқаронинг муаммоларига етарлича эътибор қаратилмаганлигидан, уни иш ва яшаш жойи билан таъминлаш чоралари кўрилмаганлигидан далолат беради.