Янги Конституциямизда  болалар меҳнатига оид норма борми

Ўзбекистон  Республикаси  Президенти Ш. Мирзиёев 2022 йил 20 июнда      Конституциявий комиссия аъзолари  билан  учрашувда  инсон ҳуқуқларини  ҳимоя қилиш  бўйича  амалдаги тизимнинг самарасини ошириш  мақсадида  Конституциямизда  болалар  меҳнатига йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратган эди. Ўзбекистон  Республикаси  2008  йилда  Халқаро  меҳнат ташкилотининг Болалар  меҳнатининг  оғир  шаклларини тақиқлаш  ва  йўқ  қилишга  доир  шошилинч  чоралар тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган.

         Ўзбекистон  Республикаси  Маъмурий  жавобгарлик тўғрисидаги  ва  Жиноят  кодексларида  вояга  етмаган шахсларнинг  меҳнатидан  фойдаланишга  йўл  қўйилмаслиги тўғрисидаги  талабларни  бузиш,  яъни   вояга  етмаган  шахс меҳнатидан  унинг  соғлиғига, хавфсизлигига  ёки  ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш  учун  маъмурий  ва  жиноий  жавобгарлик  чоралари белгиланган.

        Янги  таҳрирдаги  Конституциямизнинг 44-моддасида  “Болалар  меҳнатининг  боланинг  соғлиғига,  хавфсизлигига,  ахлоқига,  ақлий  ва  жисмоний ривожланишига  хавф  солувчи,  шу  жумладан  унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари  тақиқланади”, деган қатъий норма мустаҳкамланган.

      Пахта далаларида ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларида, умуман, бошқа соҳаларда ҳам болалар меҳнатидан фойдаланиш, айниқса, уларни жалб қилишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш  бўйича  тизимли  ва  қатъий  ислоҳотлар  натижасида Ўзбекистонда  болаларнинг  мажбурий  меҳнати  тўлиқ  барҳам топди. 2  миллионга яқин  болалар  мажбурий  меҳнатдан  озод қилинди.

         Эндиликда  бу  борадаги  давлат  сиёсатини  конституциявий даражада  мустаҳкамлашга  қаратилган  муҳим  қадамлар ташланмоқда.    

        Конституциямизга илк маротаба киритилаётган мазкур норма мамлакатимизда  ушбу  соҳада  эришилган  ютуқларни  қатъий мустаҳкамлайди ҳамда болалар соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

      Айни  пайтда,  ушбу  конституциявий  норма  болаларнинг соғлиги,  хавфсизлиги,  тўлиқ  жисмоний,  ақлий  ва  маънавий ривожланишига  таҳдид  солмайдиган,  таълим  олиш  жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишларига тўсқинлик қилмайди.

Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнатга тайёрлаш  учун  умумтаълим  мактаблари,  ўрта  махсус,  касб-ҳунар  ўқув юртларининг  ўқувчиларини  уларнинг  соғлиги,  хавфсизлиги, тўлиқ  жисмоний,  ақлий  ва  маънавий  ривожланишига  таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан  бўш  вақтида  бажариши  учун  –  улар  ўн  беш  ёшга тўлганидан  кейин  ота-онасидан  бирининг  ёки  ота-онасининг ўрнини  босувчи  шахслардан  бирининг  ёзма  розилиги  билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

 Бухоро туманлараро маъмурий суди раиси                                                 А.Б.Бобомуродов