Ўғрилик – жамият аъзоларининг мулкига тажовуз қилувчи жиноятдир

Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат қуриш вазифаси жамият ҳаётининг барча жабҳаларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг самарали механизми яратилишини тақозо этади. Республикамиз Конституциясида шахс манфаатларининг давлат манфаатларидан устунлиги, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари олий қадрият ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Жиноятларнинг олдини олиш, уларнинг ҳар қандай тур ва кўринишларига қарши муросасиз курашиш, юртимизда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи шахсий мулкий ҳуқуқларини таъминлашнинг мақсади жамиятда тинчлик ва осойишталикни сақлашдир. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, шу жумладан мулкини ноқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Асосий Қомусимизнинг 53-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир, унга нисбатан қилинган ҳар қандай тажовуз қонунга зид деб топилади”. Ушбу норма муҳим аҳамиятга эга бўлиб, биринчидан, давлат иқтисодий сиёсатининг асосий тамойилларини белгилайди, иккинчидан иқтисодий сиёсатимизнинг мазмун- моҳияти, асосий йўналишларини Конституция даражасида эътироф этади, учинчидан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёти бозор муносабатларига асосланганлтигини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, шу жумладан мулкини ноқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Ўғрилик жиноятларининг ижтимоий хавфлилиги шундаки, бу турдаги жиноятлар натижасида шахсий ва хусусий мулкка моддий зарар етказилади. Шу билан бирга, жиноят содир этган шахсларнинг ўз вақтида аниқланмаслиги ва жавобгарликка тортилишининг таъминланмаслиги, бир томондан, уларнинг ғайриқонуний бойлик орттиришига, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан текинхўрларча ҳаёт кечиришига имкон яратса, бошқа томондан, бу ҳолатлар жиноят содир этган шахслар учун жавобгарлик ва жазонинг муқаррарлиги таъминланмаслигига, ўғриликдан жабр кўрган шахсларга жиноят натижасида етказилган моддий зарарнинг қопланмаслигига ва одамлар онгида ички ишлар органларининг ўз вазифаларини бажармаётганлиги ҳақида фикрлар шаклланишга ҳамда пировард-натижада давлатга ишончнинг йўқолишига олиб келади. Давлатимизда ай рим фуқароларнинг касбий таълим ва даромаднинг қонуний манбаи бўлмаганлиги, ота-онасиз қолган, ўз оиласи бўлган, ёки ўз оиласи бор бўлган алоҳида уйда (квартирада) яшайдиган ёшлар жабрланувчиларнинг турмуш тарзини биладиган, шунингдек, ўғрилик жиноятининг профессионаллик даражасининг ортишига олиб келади. Айрим ёшларнинг спиртли ичимликларни мунтазам равишда истеъмол қилиш (сўнгги йилларда гиёҳвандлик воситалари), жамиятдаги қўшнилар билан дўстона муносабатлар ўрнатиш қобилиятлари мавжудлиги, кўпгина жиноятчилар “ўғрилар” турмуш тарзини олиб бориш учун мақбул деб ҳисоблашади, бу уларнинг ахлоқий ва руҳий ривожланишидаги жиддий деформацияларни кўрсатмоқда.

Ўғрилик жиноятини содир этиш ҳолатлари ва мотивларини сақлаб қолиниши таҳлиллари натижасида икки асосий сабаб бўлиши мумкин.

Биринчидан, ўғрилик жиноятини содир этган шахсларнинг ижтимоий ҳолатга йўналтирилганлиги, иккинчидан ижтимоий ҳолатини мавжуд эмаслиги билан баҳоланиши мумкин. Ўғрилик жинояти талон-тарож жиноятларининг нисбатан кенг тарқалган тури ҳисобланади. Ўғрилик жинояти умумий тавсифини талон-тарож тушунчасидан бошлаш маъқул. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “ўғрилик”, “жиноят” ва “профилактика” тушунчаларининг луғавий маъноси қуйидагича изоҳланган. Ўғрилик – “ўғрилаб қўлга киритилган, жиноий йўл билан ўзлаштирилган мулк” жиноят – “айб, гуноҳ жиноий иш, Давлат қонунлари билан белгиланган тартибга хилоф ва шу қонунларга асосан жавобгарликка тортишни талаб қиладиган, жамоат учун хавфли хатти–ҳаракат”, профилактика – “юнонча prophilaktikos–сақловчи, олдини олувчи” маъноларни билдиради.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда ўғрилик жамият аъзоларининг мулкига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар туркумига кириб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 169-моддасида унинг аниқ тушунчаси ва жавобгарлиги бериб ўтилган. Бундан ташқари ўғрилик жиноятини содир этиш механизмига ўхшаш, аммо содир этилиши механизмига кўра ўғрилик деб эътироф этилмайдиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳам мавжуд, масалан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексниг
61-моддасида “Оз миқдорда талон-торож қилиш” бу – мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг мол–мулкини ўғрилаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон–торож қилишдир” деб кўрсатилган.

Талон-торож қилиш – бу бировнинг мулкини ўзининг ёки бошқа шахсларнинг фойдаси учун, мулкдорга ёки ушбу мулкнинг бошқа эгасига зарар келтириб, қонунга зид ва ҳақ тўламай ундириш. Талон-торож қилиш – бу кўп маъноли тушунча бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят қонунига мувофиқ, мулкка қарши жиноятларнинг маълум бир гуруҳини, яъни босқинчилик (ЖКнинг 164-моддаси), товламачилик (ЖКнинг 165-моддаси), талончилик (ЖКнинг 166-моддаси), ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖКнинг 167-моддаси), фирибгарлик (ЖКнинг 168-моддаси), ўғрилик (ЖКнинг 169-моддаси) каби ижтимоий хавфли қилмишларни ўз ичига қамраб олади. Талон-торож қилишнинг яширин усули деганда, мулк эгаси ёки мулк ишониб топширилган ёки ихтиёрида турган шахсга сездирмасдан, улар йўқ вақтда ёхуд мулкдор ёки бошқа шахс лар мулкнинг талон-торож қилинаётганини тушунмаган вақтда содир этилиши тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-тарож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 1999 йил
30 апрелдаги №6 сонли қарорида ўғриликка қуйидагича таъриф берилади: “Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади. Борди-ю, жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкнинг олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғрилик деб тавсифлаш лозим”. Шуни таъкидлаш жоизки, ўғрилик учун ўзганинг эгалигида бўлган мулкни олиб қўйиш хосдир. Бироқ ўғрилик айбдорнинг мулкка нисбатан бошқа муайян ҳуқуқи бўлган (масалан, вақтинча қараб туриш) мулкни ўғрилаш ва эгаллашга ҳам қаратилиши мумкин. Бу ерда ишлаб чиқаришда ишчи томонидан хом ашёни ёки тайёр маҳсулотни, жабрланувчи томонидан вақтинча қараб туришга ташлаб кетилган мулкни, магазинда кийиб кўриш учун олинган мулкни, аравакашга етказиб бериш учун топширилган мулкни ўғрилаш назарда тутилмоқда. М.Ҳ.Рустамбоев ҳақли равишда таъкидлаганидек, “ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ёки ўғрилик иқтисодиёт соҳасидаги энг кенг тарқалган жиноятлардан биридир. Талон-торож қилишнинг барча шакллари ичида ўғрилик жинояти содир этилиш усули жиҳатидан энг хавфи камроғи деб топилиши мумкин: унда жисмоний ёки руҳий таъсир этиш қўлланилмайди; айбдор уни содир этишда ўзидаги ваколатлардан ва мол-мулкни эгаллашда алдашдан фойдаланмайди. Айбдор ҳуқуққа хилоф ва яширин равишда, яъни бошқа шахслардан яширин ҳолда мулкдорнинг хоҳиш-иродасига қарши ўзганинг мулкини ўзлаштиради ва уни ўзининг мулки сифатида тасарруф эта бошлайди. Бироқ ўғрилик, статистика кўрсатишича, ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг энг кенг тарқалган усулидир ва бу унинг ижтимоий хавфлилигини оширади”. Баъзи манбаларда қайд этилишича, “ўғрилик – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасига кўра, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилишдир”; “Жиноят ҳуқуқида ўғрилик – мулкка қарши жиноят бўлиб, ўзгалар мулкини яширин талон-тарож қилишда намоён бўлади”. Яна бошқа юридик адабиётда эътироф этилишича, “Талон-тарожнинг ўғриликда намоён бўлиши бирон-бир ўзига хос жиҳати билан тавсифланмайди. Ўғриликнинг ўзига хос хусусияти фақат унгагина хос бўлган усулида – мулкни хуфёна яшири усулларда ўзлаштиришда намоён бўлади” . М.Қодиров  эса, бу борада шундай деб ёзади, “Ўғрилик мулкни талон-тарож қилишнинг энг кенг тарқалган турларидан биридир. Р.Қ.Кабулов ҳам ҳақли равишда ўғрилик жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини унинг яширин тарзда содир этилишида эканлигига урғу бериб ўтади. Ушбу масала Э.С.Тенчов қарашларида ҳам ўз аксини топган: “Ўғриликнинг тенг шарт-шароитларда қонунда белгиланган талон-тарожнинг бошқа шаклларига қараганда нисбатан ижтимоий хавфлилиги камроқ бўлиб, қонунда ўзгалар мулкини яширин талон-тарож қилиш сифатида мустаҳкамланган”. Зотан, мазкур қилмиш ҳақиқаттан ҳам талон-тарож жиноятларининг бошқа шаклларидан айнан содир этилиш усули билан фарқланади. Л.Д.Гаухман ўғрилик жинояти тушунчасини “ўзгалар мулкини яширин равишда талон-тарож этиш, яъни бошқа шахс мулкини айбдор ёки учинчи шахс фойдасига ўзлаштирилиши” билан боғлайди. Ўғирликда ўзганинг мулкига қаратилган тажовуз назарда тутилади. Шахс ўз мулкига нисбатан қонунга хилоф қилмишни содир этса, бу ҳолат талон-тарож ҳисобланмай ди. Шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, мулк ва унинг эгаси бир шахс бўлмайди (масалан, гаров сақлаш шартномаси ва ҳоказолар). Мулкдорнинг мулк эгасидан ғайриқонуний равишда мулкни олиши талон-тарож деб қаралиши мумкин эмас. Чунки бунда мулкий муносабатларга зарар етмайди. Бундай қилмиш ўзбошимчалик деб тавсифланиши мумкин. Ўғирлик натижасида мулк эгасининг ихтиёридаги мулкнинг ҳажми ва миқдори камайиб, у айбдор эгаллаб олган ашё ва нарсалардан фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Хулоса қиладиган бўлсак, ўғриликка “ўғрилик – бу бировнинг мулкини ўзининг ёки бошқа шахсларнинг фойдаси учун, мулкдорга ёки ушбу мулкнинг бошқа эгасига зарар келтириб, қонунга зид ва ҳақ тўламай яширин, хуфя равишда ёхуд ўғрилик содир этилганлигини англамаётган шахслар кўз олдида очиқдан талон-тарож қилишдир”, деб таъриф бериш мумкин.

Салохитдин Турсунов, Бухоро вилоят маъмурий судининг раиси