Энди ер майдонини ноқонуний олиб қўйишга оид ва бир қанча ҳуқуқбузарлик ишларини Бизнес-омбудсман кўриб чиқади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиеёвнинг фармони билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этилган эди.
Бундан ташқари, 2017 йил 29 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги 440-сонли қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонуннинг 3-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил мансабдор шахс бўлиб, у тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини, мазкур ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан риоя этилишини таъминлаши қайд этилган.
Юқорида қайд этилган Президент Фармони ва Қонунга мувофиқ Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ваколатлари кенгайтирилиб борилмоқда.
Жумладан, ҳозирга қадар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган айрим турдаги маъмурий ишлар, шу жумладан ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш, хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш (ва бошқа ҳуқуқбузарликлар) эндиликда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, унинг ўринбосарлари ва вакил девони бош инспекторлари томонидан кўриб чиқилади ва қонунда назарда тутилган жарима жазолари қўлланилади.
Президент 11 январь куни «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 245-8-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги (ЎРҚ-744-сон) қонунни имзоланди ва шу куни расмий эълон қилинди.
Киритилган ўзгартиришларга кўра, қуйидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишлар Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) ва унинг девони ходимлари томонидан кўриб чиқилади:
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш (МЖтКнинг 43-моддаси);
ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш (200−2-модда);
хусусий мулк ҳуқуқини бузиш (241−1-модда);
тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш (241−2-модда);
тадбиркорлар фаолиятини ва (ёки) уларнинг банк операцияларини қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш (241−3-модда);
тадбиркорларни ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш (241−4-модда);
имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш (241−6-модда);
тадбиркорлар ҳисобварақларида пуллари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф талаб қилиб олиш (241−8-модда);
тадбиркорлардан қонунчиликни бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш (241−10-модда).
Мазкур Қонун қабул қилингунга қадар ушбу ҳуқуқбузарликлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилаётган эди. Ушбу қонун кучга кирганидан сўнг Бизнес-омбудсман номидан маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима қўллашга унинг ўринбосарлари ва Вакил девони бош инспекторлари ҳақли бўлдилар.
Бахтиёр Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси