Адвокат ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси фуқаролик процессуал кодексининг
67-моддасига кўра, адвокатлар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўлиши мумкин.

Судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатура тўғрисидаги Қонуннинг 
5-моддасида адвокатлик фаолиятининг турлари белгиланган.

Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокат:

ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонунчилик юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар беради; ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузади;

фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича судда, бошқа давлат органларида, жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга оширади;

жиноят ишлари бўйича суриштирув, дастлабки тергов босқичида ва судда ҳимоячи, жабрланувчининг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар сифатида иштирок этади;

тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатади.
ҳакамлик судида ва халқаро тижорат арбитражида (судида) вакилликни амалга оширади.

Адвокат қонунчиликда ман этилмаган бошқа турдаги юридик ёрдам ҳам кўрсатиши мумкин.

Адвокатлик фаолияти лицензияланган.

Унда, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш; маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш ихтисосликлари бўйича амалга оширилади. Ихтисослик фақат фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишларини юритишда адвокатлар томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатишда талаб қилинади. Адвокат танланган ихтисослик йўналишларидан қатъи назар, ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонунчилик ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар бериш, ҳуқуқий тусдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузиш, давлат органларида (суд органларидан ташқари), жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир адвокат тегишли ихтисосликни мустақил танлаш ва у бўйича белгиланган тартибда малака имтиҳони топшириш ҳуқуқига эга.

Юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, суднинг барча инстанциясида қатнашаётган  адвокатлардан  фақат ордер талаб қилиниши лозим.

Муллабаева Гўзал Мухтаровна, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Холов Ихтиёр Измуротович,Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси