Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 21-августдаги ПФ-140-сонли фармонида суд тизимини замонавий талаблар даражасига олиб чиқиш мақсадида бир қатор муҳим вазифалар белгиланди. Хусусан, судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш йўналишида аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган. Фармонга мувофиқ, 2025–2030-йилларда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Янги ва таъмирланаётган биноларда “Рақамли суд” концепцияси талабларига мос суд мажлиси заллари барпо этилиб, фуқаролар ҳамда судьялар учун замонавий ва қулай иш шароити яратилади. Фармонда нафақат моддий-техника базани янгилаш, балки судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Янги биноларда ишловчи судья ва ходимлар учун замонавий иш шароити, қулай инфратузилма ва хавфсиз муҳитни таъминлаш режалаштирилган. Хулоса қилиб айтганда, Фармонда белгиланган ушбу ислоҳотлар суд тизимини янада самарали ва замонавий қилишга хизмат қилади. Замонавий бинолар, барқарор молиялаштириш ҳамда ижтимоий ҳимоянинг кучайтирилиши адолатли судловни таъминлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
2025 йил 21 август куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-140-сонли Фармони суд тизимини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технология ларини кенг жорий этишга қаратилган муҳим қадам бўлди. Мазкур фармоннинг асосий мақсади – одил судловга эришиш даражасини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароит яратиш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини янги босқичга кўтаришдир. Фармонга мувофиқ, Олий суднинг Ахборот-коммуникация технологиялари бошқармаси негизида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект департаменти ташкил этилди. Ушбу департамент: -суд жараёнларига замонавий АКТ ва сунъий интеллектни татбиқ этиш, -“Рақамли суд” концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш, -судлар ахборот тизимларини такомиллаштириш ва интеграция қилиш вазифаларини бажаради. Бу орқали суд тизимининг барча бўғинларида ягона рақамли муҳит яратилиши ва фуқароларга хизмат кўрсатишнинг шаффофлиги таъминланиши кўзда тутилмоқда. Фармонда белгиланган “Рақамли суд” концепцияси суд ишларини тубдан янгилашни назарда тутади. Хусусан: -аризалар электрон шаклда тақдим этилади; -суд муҳокамаларида иштирок этиш масофадан туриб амалга оширилади; -суд ҳужжатлари автоматик равишда тайёрланади; -суд мажлислари баённомалари сунъий интеллект ёрдамида реал вақт режимида матнга айлантирилади; -ижро ҳужжатлари электрон шаклда юборилади. 2025 йил якунига қадар Тошкент шаҳрида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўриб чиқишга ихтисослаштирилган “Рақамли суд” зали тажриба тариқасида ишга туширилади. Кейинчалик 2026–2027 йилларда концепция республика бўйлаб жорий этилади. Фармон билан тасдиқланган дастур доирасида қатор инновацион лойиҳалар амалга оширилади, хусусан: -2025 йил 1 декабрдан – ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади; -2026 йил 1 январдан – “my.sud.uz” порталида сунъий интеллектга асосланган виртуал маслаҳатчи фаолият бошлайди; -2026 йил 1 мартдан – суд ишлари ҳақида дастлабки маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкони яратилади; -2026 йил якунига қадар – янги электрон хизматлар ишга туширилиб, “Шахсий кабинет” платформаси такомиллаштирилади. Хулоса қилиб айтганда, суд тизимини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш самарадорлиги сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Янги ташкил этилган Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект департаменти эса мазкур жараёнларни амалга оширишда марказий орган сифатида хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга дори қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида суд тизимини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор муҳим чоралар белгилаб берилган. Шунингдек, ҳужжатнинг VI бўлими иқтисодий судлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратади. Иқтисодий судларнинг мақбуллаштирилиши. Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб иқтисодий судлар тизимида қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилади. Жумладан: -туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари тугатилади. Бу орқали судлар тизимини ортиқча бўғинлардан холи қилиш ва иш юритишни соддалаштириш кўзда тутилмоқда. -фақат Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилади. Шу тариқа иқтисодий суд ишлари марказлаштирилади ва мутахассис судьялар жамланади. Янгиланишнинг аҳамияти. Бу ўзгаришлар, аввало, ишларнинг сифатли ва тезкор кўриб чиқилишига хизмат қилади. Судлар сони камайиши уларнинг аҳамияти йўқолиши эмас, балки самарадорликни оширишга қаратилган чора ҳисобланади. Адолатга тезкор эришиш имконияти яратилади. Суд ишлари юритишда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиш натижасида иш жараёнлари соддалашади. Тизим тежамкор ва қулай бўлади. Суд бинолари, кадрлар ва молиявий ресурсларнинг мақбул тақсимланиши таъминланади. Хулоса қилиб айтганда, Фармонда назарда тутилган иқтисодий судларни мақбуллаштириш ислоҳоти мамлакатимизда одил судловни таъминлаш, тадбиркорлар ва иқтисодий субъектлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишда янги босқич ҳисобланади. Судларнинг марказлашган ва рақамлаштирилган тарзда ишлаши нафақат ишларни адолатли кўриб чиқишга, балки фуқаролар ва бизнес учун ишончли ҳуқуқий муҳит яратишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга дори қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш бўйича 2025–2027 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланди. Янгиликлар нималардан иборат?
2025 йил 1 декабрдан – фуқаролар, адвокатлар, юристлар ва судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади;
2025 йил якунига қадар – суд ҳужжатларини автоматик тайёрлашга мўлжалланган махсус дастур яратилади;
2026 йил 1 январдан – “my.sud.uz” порталининг янги модули ишга туширилиб, сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчи фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатади ва мурожаатларга жавоб қайтаради.
2026 йил 1 мартдан – фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва ҳуқуқбузарлик ишларига оид дастлабки суд маълумотларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади.
2026 йил якунига қадар – 5 та янги интерактив хизмат ишга туширилиб, суд ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг янгиланган, янада қулай версияси фойдаланувчилар ихтиёрига топширилади. Нега бу муҳим? Бу ислоҳотлар: -фуқаролар учун судга мурожаат қилиш жараёнини енгиллаштиради; -ҳуқуқий маълумотларга онлайн кириш имкониятини яратади; -суд ишларини юритишда шаффофлик ва самарадорликни оширади; -замонавий технологиялар асосида одил судловга эришишни тезлаштиради. Хулоса қилиб айтганда, суд соҳасини рақамлаштириш бўйича 2025–2027 йилларга белгиланган чора-тадбирлар мамлакатимизда одил судловга эришишни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. Янги платформалар, виртуал маслаҳатчи ва интерактив хизматлар фуқароларга ҳуқуқий маълумот ва ёрдамга осон, тез ва шаффоф тарзда эришиш имкониятини яратади. Бу эса суд тизимида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ва ишончни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон мамлакатимиз суд тизими тараққиётида янги босқични бошлаб берди. Фармонда белгиланган асосий мақсад — суд-ҳуқуқ соҳаси учун замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга, холис ва адолатли қарор қабул қила оладиган малакали кадрлар корпусини шакллантиришдан иборат. Фармонга мувофиқ, Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди. Академия судьялар ва суд аппарати ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Академияда ўқув жараёни “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойили асосида ташкил этилиб, назария ва амалиёт уйғунлиги, шунингдек, замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. 2025 йил 1 октябрдан бошлаб:
судьялик лавозимларига номзодлар учун олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курслари жорий этилади;
тингловчиларга стипендия тўланади ҳамда уларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш учун “виртуал суд” машғулотлари йўлга қўйилади;
қайта тайёрлаш курсини муваффақиятли тугатган шахслар судьяликка танловларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар. Шунингдек, судьялар малакасини ошириш ва раҳбар кадрларни қайта тайёрлашнинг аниқ графиги жорий қилинади. Бу эса тизимда кадрлар сифати ва масъулиятини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Академияда “Суд фаолияти” йўналишида амалий магистратура дастури йўлга қўйилади. Бир йиллик ўқув дастурини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар давлат намунасидаги дипломга эга бўладилар. Хулоса ўрнида шуни айтиш жойизки, янги Академия нафақат юксак малакали судьялар корпусини шакллантириш, балки мамлакатимизда одил судловнинг самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мамлакат суд тизимини тубдан ислоҳ қилишда навбатдаги муҳим қадам бўлди. Фармонда белгилаб берилган мақсад ва вазифалар суд тизимини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини амалиётга кенг татбиқ этиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган. Жумладан, “Рақамли суд” концепцияси доирасида: -суд ишларини тўлиқ электрон шаклда юритиш; -мурожаатларни масофадан туриб юбориш ва кўриб чиқиш; -суд жараёнларида иштирок этувчиларга электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратиш; -суд харажатларини ҳисоблаш ва тўлашни автоматлаштириш; -сунъий интеллект ёрдамида суд мажлислари баённомаларини реал вақт режимида тайёрлаш каби вазифалар белгиланган. “Рақамли суд” концепциясининг амалга оширилиши суд жараёнларини шаффоф, тезкор ва самарали қилишга хизмат қилади. Хусусан, судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект орқали ишнинг тахминий натижаси ва сарфланадиган харажатлар ҳақида маълумот олиш имконияти яратилади. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш билан бирга, ортиқча вақт ва ресурсларни тежайди. Шу билан бирга, суд ҳужжатларини автоматик шакллантириш, электрон архив юритиш ва ҳуқуқий маълумотларни таҳлил қиладиган платформа ишга туширилиши назарда тутилган. Фармонда 2025–2030 йилларда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган. Янги биноларда замонавий суд мажлиси заллари ташкил этилиши, судьялар ва суд ходимлари учун қулай меҳнат ва ижтимоий шароитлар яратилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, иқтисодий судлар тузилмаси мақбуллаштирилиб, туман ва шаҳар иқтисодий судлари ўрнида туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилиши белгиланди. Бу эса ягона суд амалиётини шакллантириш ва самарадорликни оширишга хизмат қилади. Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон билан белгиланган чора-тадбирлар суд тизимини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, одил судловга эришиш даражасини янги босқичга кўтаришга, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлар учун қулай имкониятлар яратиш билан бирга, суд ишларини шаффоф ва самарали ташкил этишга, энг муҳими, одил судловнинг таъминланишига хизмат қилади.
Oʻzbekiston Konstitutsiyasida sudlar faoliyatining hamda fuqarolarning huquq va erkinliklarining kafolatlarini kuchaytirishga qaratilgan oʻzgarishlar 2023-yil 30-aprelda bo’lib o’tgan referendumda amalga oshirildi. Ushbu o’zgarishlar quyidagi asosiy jihatlarni o’z ichiga oladi:
1. Sud mustaqilligi: Sudlarning mustaqilligini ta’minlashga qaratilgan qoidalar kiritildi. Sudyalar va sud tizimining faoliyatini siyosiy aralashuvlardan himoya qilish bo’yicha chora-tadbirlar belgilandi.
2. Fuqarolar huquqlari: Fuqarolarning huquq va erkinliklarini himoya qilishga qaratilgan yangi normativlar kiritildi. Bu, xususan, sudda adolatli sudlovni ta’minlash, har bir shaxsning o’z huquqlarini himoya qilish imkoniyatlarini oshirishga qaratilgan.
3. Sud jarayonining shaffofligi: Sud jarayonining ochiqligini va shaffofligini ta’minlash maqsadida sud majlislarini videokuzatuvlar orqali olib borish tartibi belgilandi.
4. Yangi institutlar: Yangi huquqiy institutlar, masalan, inson huquqlari bo’yicha ombudsman lavozimi kiritildi, bu esa fuqarolarning huquqlarini himoya qilishda muhim rol o’ynaydi.
5. Qonun ustuvorligi: Qonun ustuvorligini ta’minlash va fuqarolar tomonidan qonunlarni bilish va ularga amal qilish imkoniyatlarini oshirishga qaratilgan o’zgarishlar amalga oshirildi.
Ushbu o’zgarishlar Oʻzbekistonning demokratik rivojlanishi va fuqarolarning huquq va erkinliklarini yanada kengaytirishga xizmat qiladi.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, суд идорасига иши тушган ҳар бир инсон ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишониши керак.
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ушбу тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Соҳага оид жадаллашган саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг ташаббуси ва алоҳида назорати доирасида кечаётгани барчамизни қувонтирмоқда.
Юртимизда шиддатли тус олган ислоҳотлар натижасида халқимиз ҳаётида жуда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бераётир. Кейинги етти йилда суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган марралар ҳақида сўз юритсак, уларни санаб адоғига етолмаймиз. Халқ манфаати йўлида олиб борилаётган ишлар одамларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини оширмоқда.
Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, қонунлар устуворлиги ғоясини ҳаётга татбиқ этишни таъминловчи асосий механизм бўлмиш мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва такомиллаштириш Ўзбекистонда давлат томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг тамал тоши ҳисобланади.
Ўтган қисқа даврда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган тарихий ўзгаришларга қўл урилди. Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланди. Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгилангани эътиборга молик.
Хусусан, Бош қомусимизнинг 136-моддасида “Судялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди”, деб белгилаб қўйилди.
Шу жиҳатдан, соҳада амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бераётир.
Суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга қаратилган жиддий ўзгаришлар туфайли мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам юксалмоқда. Жумладан, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича Мерос жамғармаси томонидан юритиладиган Иқтисодий эркинлик индексининг “Суд фаолияти самарадорлиги” индикатори, Бутунжаҳон одил судлов лойиҳаси томонидан юритиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг “Фуқаролик одил судлов”, “Жиноий одил судлов” индикаторлари каби халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг нуфузи ошаётир.
Бир сўз билан айтганда, халқаро стандартларга жавоб берадиган суд-ҳуқуқ тизимининг ривожланиши маҳаллий ва хорижий инвесторларда қизиқиш ва ишончни уйғотади. Тадбиркорлик соҳаси вакиллари низолар юзага келганда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилади. Бу эса инвестиция жалб этиш ва иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
2025 йил 10 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимида муҳим ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган янги қонун – ЎРҚ–1067-сонли Қонун кучга кирди. Мазкур қонун Жиноят-процессуал кодекси ва “Судлар тўғрисида”ги Қонунга қатор муҳим ўзгартиришларни назарда тутади. Қандай ўзгартиришлар киритилди?!
Айбсизлик презумпцияси янада мустаҳкамланди: Қонунга мувофиқ, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасига киритилган ўзгаришларга биноан, Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Шунингдек қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Ҳимоя ҳуқуқи ва ҳуқуқий ёрдам кафолатланди: Қонуннинг 24-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар яратилиши белгиланди.
Судьялар мустақиллиги ва кафолатлари мустаҳкамланди: “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг бир неча моддаларига ўзгаришлар киритилиб, судьялар мустақиллигига дахлдор ҳуқуқий кафолатлар кучайтирилди. Хусусан, Қонуннинг 1-моддаси матни “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади. Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас” деб баён қилиниши белгиланди. Шунингдек, судьялар фақат Конституция ва қонунларга бўйсуниши аниқ белгилаб қўйилди. Судьяни лавозимдан озод этиш фақат қонун билан белгиланган асослар ва тартибда амалга оширилиши мумкин. Суднинг тугатилиши судьяни ишдан бўшатиш учун асос сифатида хизмат қила олмайди.
Судлар фаолияти ва молиялаштириш масалалари: Қонуннинг 90-модда биринчи қисмининг биринчи жумласи “Судларнинг фаолиятини молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак” деган жумла билан баён қилиниши белгиланди. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–1067-сонли Қонуни билан инсон ҳуқуқларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлашда муҳим қадамдир. Мазкур қонун орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, судьялар мустақиллиги ҳамда жиноят ишларини адолатли муҳокама қилишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, “Ҳуқуқ устуворлиги индекси”да мамлакатимизнинг кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида суд-ҳуқуқ соҳасида изчил ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Судлар мустақиллигини таъминлаш, суд қарорларининг асосланганлигини ошириш ва фуқароларнинг суд орқали ҳимоя ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида 2024–2025 йилларда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, судьялар салоҳиятини ошириш мақсадида малака баҳолаш ва қайта тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилди. Фуқароларнинг адолатга етишишини осонлаштириш мақсадида судларга электрон мурожаат қилиш, онлайн муҳокамаларда иштирок этиш имкониятлари яратилди. Суд қарорлари очиқлиги таъминланиб, “Sud.uz” электрон платформаси орқали барча қарорлар оммага эълон қилинмоқда. “Yurida Orfo” дастури ва бошқа рақамли технологиялар орқали суд қарорлари сифатини яхшилашга эришилмоқда. Ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ОАВда махсус чиқишлар, интервью ва таҳлилий мақолалар мунтазам чоп этилмоқда. Судьялар, ҳуқуқшунослар, адлия органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ва очиқ эшиклар кунлари ўтказилмоқда. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлар ижтимоий тармоқлар ва давлат платформалари орқали интерактив шаклда тақдим этилмоқда. Мактаб ва олий таълим муассасаларида “Ҳуқуқий маданият” мавзусидаги дарслар ва учрашувлар ташкил этилаётир. Бугунги кунда Ўзбекистон “Ҳуқуқ устуворлиги индекси”да ўз ўрнини барқарор равишда яхшилаб бормоқда. Бу суд тизимига бўлган ишончнинг ортганидан далолат беради. Фуқаролар ва тадбиркорлар орасида судларга мурожаат қилиш фаоллиги ортаётир, яъни аҳоли судга ишонч билдирмоқда. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг тарғибот-ташвиқоти ва амалий натижалари Ўзбекистонда ҳақиқий адолат ва ҳуқуқ устуворлигига асосланган фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса давлатимиз томонидан танланган ислоҳотлар йўли тўғри ва самарали эканини тасдиқлайди.
Б.Ибрагимов Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси
Д.Абдуллаев Судья катта ёрдамчиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Бухоро вилоят маъмурий суди