Давлат ўз фаолиятини жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида амалга ошириши

Конституциямизнинг 7-моддасида, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган органлар томонидангина амалга оширилади. Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият органлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади”, – деб белгиланган.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижтимоий давлат принциплари асосида инсон қадрини юксалтириш, камбағалликни қисқартириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш каби барқарор ривожланишга эришишга қаратилгандир. Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямиз лойиҳасининг 14-моддаси “Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади”, деган мазмунда баён этилиб, барқарор ривожланишни таъминлаш давлат фаолиятининг асосий вазифаси сифатида белгиланмоқда. Ушбу норма киритилишининг зарурати, энг аввало, республикада барча соҳаларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда давлат бюджетини шакллантиришда, солиқларни белгилашда, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда давлатнинг халқ олдидаги вазифаларини етарли даражада бажаришдан иборатдир. Давлат ўз фаолиятини жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида амалга оширади деб белгиланишида ижтимоий давлат ғояси ўз ифодасини топаётганлигини кўриш мумкин.

Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси Озоджон Ражабов