Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги давлат ва унинг суверенитетининг муҳим шарти
Ҳозирги таҳликали даврда давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш принципига амал қилиш – ташқи сиёсатда барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир. Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи деярли барча давлатлар, шу жумладан, Германия, Франция каби давлатлар конституцияларида ўз ифодасини топган.
Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи дастлаб, 1945 йилда қабул қилинган БМТ Уставида белгиланган, кейинчалик БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларида, хусусан, БМТ Уставига мувофиқ давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликка оид халқаро ҳуқуқ тамойиллари тўғрисидаги Декларацияда (1970 йил) такомиллаштирилган. Мазкур принципга кўра, ҳар қандай давлат бошқа давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши, унинг суверенитети, миллий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини қисман ёки тўлиқ бузишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим. Бундан ташқари, давлатлар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари бирор-бир давлат ҳудудига, унинг бир қисмига ёки ресурсларига куч билан ёки куч ишлатиш таҳдиди билан бевосита ёхуд билвосита тажовуз қилмасликлари шарт. Бунда давлатлар алоҳида давлат ҳудуди ёки унинг бир қисмига зиён етказувчи ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишлари ва бузғунчи давлатларни қўллаб-қувватламасликлари лозим. Ҳудудий яхлитлик принципига мувофиқ, нафақат Ўзбекистон бошқа давлатларни, балки бошқа давлатлар ҳам мамлакатимиз чегаралари дахлсизлигини ҳурмат қилиши лозим.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида протокол “Ҳамкорлик тўғрисида” 2015 йил 17 ноябрь, Тошкент, Ўзбекистон Республикаси учун 2015 йил 17 ноябрдан кучга кирган.
Протоколда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари, ўзаро қизиқиш уйғотадиган минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Томонлар ушбу Протоколнинг 1-моддасида кўрсатилган масалалар бўйича маслаҳатлашувларни доимий асосда навбат билан Ўзбекистон ва Покистонда ёки халқаро тадбирлар доирасида ўтказадилар. Делегациялар даражаси, маслаҳатлашувлар кун тартиби ва муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади. Маслаҳатлашувлар қуйидаги масалаларни қамраб олиши мумкин:
а) ўзаро консуллик алоқалари;
б) икки томонлама битимларнинг бажарилиши бўйича ахборот алмашиш;
в) ўзбек-покистон муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий базасини инвентаризация қилиш.
Томонлар ўз ваколатлари доирасида иккала мамлакатнинг давлат бошқарув органлари ва муассасалари, шунингдек жамоатчилик ва илмий ташкилотлари ўртасида бевосита алоқаларнинг ўрнатилиши ва ривожланишига кўмаклашадилар. Томонлар ҳар икки мамлакат давлат муассасалари томонидан ўтказиладиган халқаро муносабатлар ва халқаро ҳуқуқ соҳасида малака ошириш ва махсус курслар ташкил этиш орқали ўз дипломатлари тажрибаси ва малакасини оширишда ўзаро кўмаклашадилар. Томонларнинг халқаро конференциялар ва учрашувларда иштирок этаётган вакиллари, шунингдек учинчи давлатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлардаги икки давлат дипломатик миссиялари ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича маслаҳатлашувлар олиб боришлари мумкин.
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси Жалолиддин Ҳусенов