Ижтимоий бирдамлик – ижтимоий давлатнинг муҳим белгиси

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 10-моддасида, “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, – деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган.

Жамиятда ижтимоий бирдамлик одамларни ўзаро бирлаштириб, жамиятдаги муаммоларни биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб, аҳил бўлиб ечиш, айниқса, эҳтиёжманд аҳолини иқтисодий қўллаб-қувватлашда ҳам намоён бўлади.

XIX аср охири XX аср бошларида пайдо бўлган ижтимоий бирдамлик назарияси асосида келиб чиққан бўлиб, Германия, Франция, Италия, Испания ва Польша каби мамлакатлар конституцияларида давлат фаолиятининг асосий принципларидан бири сифатида мустаҳкамланган. Мазкур принцип жамият ҳаётида тинчлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғусини мустаҳкамлашга, умумхалқ манфаатларини юзага чиқаришга, пировардида одамлар ўртасида ижтимоий бирдамликни ривожлантиришга хизмат қилади. Ижтимоий бирдамлик жамиятда ҳеч бир инсоннинг ўз муаммолари билан ёлғиз қолиб кетмаслигини ҳамда инсонларни бир-бирига ўзаро ёрдам кўрсатишига асосланган ривожланишни таъминлайди. Ушбу принцип фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч туйғусини уйғотиб, инсон – жамият – давлат манфаатлари йўлида белгиланган вазифаларни бажаришда яқиндан ҳамкорликни таъминлайди.

Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси Озоджон Ражабов