Когон туман “Тараққиёт” МФЙда Бухоро вилоят маъмурий судининг судьялари ва Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси иштирокида давра суҳбати ўтказилди
Йиғилишда раислик қилувчи Когон туман “Тараққиёт”МФЙ раиси Ф.Рахмонова давра суҳбатини очиб, иштирокчиларга ташриф буюрган вилоят маъмурий судининг судьяларини ва Бухоро туманлараро маъмурий судининг раисини таништирди, ҳамда кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаевага маъруза учун сўз берди.
Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаева қуйидагича маъруза қилди:
Маъмурий ишларнинг тафтиш тартибида қайта кўрилиши суд ҳужжатларининг қонунийлиги ва асослилигини, судлар томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилишини ва процессуал қонун талабларига риоя этилишини таъминловчи ҳуқуқий институтнинг муҳим қисми ҳисобланади.
МСИЮтК 250-моддасининг мазмунига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан туманлараро маъмурий судларнинг, ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанциялари судларининг қарори, ажрими устидан берилган шикоятлар (протестлар)ни тафтиш тартибида кўриб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида:
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тафтиш инстанцияси (судьяси)нинг суд ҳужжатлари;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан берилган шикоятлар (протестлар);
Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжати устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ёки Бош прокурорининг протести Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида кўриб чиқилади.
МСИЮтКнинг 251-моддасига кўра, туманлараро маъмурий судларнинг, ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек, апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори, ажрими устидан берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) вилоят ёки унга тенглаштирилган суднинг номига йўлланади, лекин суд ҳужжатини қабул қилган судга берилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисидаги ариза тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди ёки Бош прокуратурасига берилади.
Қонунга мувофиқ, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида қарор қабул қилингунига қадар ўтган тақдирда, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин (МСИЮтК 252-моддасининг учинчи қисми).
Қонунда белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоятга (протестга) ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома илова қилиниши лозим.
Илтимосномада шикоят (протест) бераётган шахс томонидан муддатни ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилиши лозим.
Илтимоснома шикоятда (протестда) ёки алоҳида аризада баён қилиниши ҳамда шикоят (протест) билан бирга тақдим қилиниши керак.
Маърузачи Г.Муллабаева йиғилганлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берди.
Раислик қилувчи Ф.Рахмонова кун тартибидаги навбатдаги масала бўйича Бухоро вилоят маъмурий судининг судьясиО.Ражабовга сўз берди.
Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси О.Ражабов қуйидагича маъруза қилди.
2024 йил 5 август куни “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши ва 2028 йил 1 январга қадар амал қилиши белгилаб қўйилди. Ушбу Қонун:
1) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
2) фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан 2018 йил 1 майга қадар ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
3) ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари (бундан буён матнда Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари деб юритилади) томонидан эътироф этиш мумкин деб топилганлиги ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилганлиги ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтганлиги сабабли якунига етмаганлиги ҳолларига;
4) 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига кўра қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқароларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ёки резидент бўлган юридик шахсларга ажратилган, тасдиқлаш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер участкасига;
5) фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
6) 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига;
7) хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига;
8) фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк (эгалик қилиш) ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартибини белгилайди.
Ушбу Қонун 1-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ер участкаларига нисбатан ушбу Қонунда назарда тутилган асосларда ва тартибда фақат ижара ҳуқуқи, ушбу ер участкаларида қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилади. Бунда ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланади.
Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан эътироф этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қароридан норози бўлган шахслар ушбу қарор устидан судга қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда шикоят қилиши, прокуратура ва адлия органлари эса қарорни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга ариза (шикоят) бериши мумкин.
Фуқаролар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги шартларнинг барчасига риоя этилганлиги асос бўлади, агар:
мазкур ер участкаси бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган ёки электрон онлайн-аукционга қўйилмаган бўлса;
мазкур ер участкасидан фойдаланиш юзасидан жисмоний ва (ёки) юридик шахслар ўртасида низо мавжуд бўлмаса;
мазкур ер участкаси учун ер солиғи бўйича, унда қурилган бинолар ва иншоотлар учун эса мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаса.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотларни ва ҳужжатларни келишиш Кадастр агентлигининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Кадастр агентлиги автоматлаштирилган ахборот тизимининг операторидир.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотлар ҳамда ҳужжатлар автоматлаштирилган ахборот тизимига Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ҳамда бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан киритилади.
Ушбу маълумотлар ва ҳужжатлар ваколатли ташкилот раҳбарининг ёки унинг ўринбосарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Маълумотларнинг ва ҳужжатларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилиши устидан назорат прокуратура ва адлия органлари томонидан амалга оширилади.
Ваколатли ташкилотлар тегишли маълумотларни ва ҳужжатларни ўз ахборот тизимларини автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилган ҳолда тақдим этиши мумкин.
Маърузачи О.Ражабов йиғилганлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берди.
Раислик қилувчи Ф.Рахмонова кун тартибидаги навбатдаги масала бўйича Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси А.Бобомуродовга сўз берди.
Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси А.Бобомуродов қуйидагича маъруза қилди.
Мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ҳуқуқий демократик давлатни ривожлантиришдир. Аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини шакллантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва ислоҳотлар самарадорлигининг муҳим шарти саналади. Шу боис аҳолининг ўз конституциявий ҳуқуқ ва бурчларни тўлиқ англаб етиш, ён атрофда содир бўлаётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий онги, маданияти, билими даражасини оширишни эса ҳуқуқий саводхонликни таъминламасдан, уни амалиётда тўғри, тизимли йўлга қўймасдан эришиб бўлмаслиги таъкидланди. Мазкур йўналишда мамлакатимизда зарур ҳуқуқий база тўлиқ шакллантирилган. Хусусан, Конституция, қонунлар, хуқуқ соҳалари бўйича зарур қўлланмалар, шарҳлар, оммабоп юридик адабиётлар яратилган. МДҲ давлатларида биринчи бўлиб қабул қилинган Асосий қонунимизда фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги белгилаб қўйилди. Демак, фуқароларнинг қонунларни яхши билиши, уларга риоя этиши ҳам конституциявий даражада ўрнатилди.
Шунингдек, бугунги кунда маъмурий судларга давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракати ва қарорлари устидан кўплаб ариза ва шикоятлар келиб тушмоқда. Мазкур ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида ҳақиқатда давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги натижасида оддий, ҳуқуқий саводхонлиги бўлмаган фуқаролар, шунингдек юридик шахслар бир қанча муаммоларга дуч келаётганлигини, бунинг натижасида уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузилишига олиб келмоқда.
Бугунги олиб бораётган давра суҳбатимиздан мақсад шуки, биз қонун ҳимоячилари, шунингдек, сиз давлат органлари мансабдор шахслари биргалашиб, халқимизга, фуқароларга яқиндан ёрдам беришимиз, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузилишига йўл қўймаслигимиз керак. Шундагина халқимиздан биздан рози бўлади. Халқ биздан рози бўлди дегани демакки давлатдан рози бўлди дегани.