Солиқ ҳисоби
Солиқ ҳисоби – бу хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиққа тортиш базасини аниқлаш ва солиқ ҳисоботларини тузиш учун зарур бўлган маълумотларни ҳисобга олиш тизимидир.
Корхоналарда рўй берган хўжалик операциялар, активлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар, даромадлар, харажатлар ҳамда фойда солиқ ҳисобининг объектларидир.
Солиқ ҳисобининг вазифаси – бу ҳисобот даврида солиқ ва бошқа мажбурият тўловларни тўғри ҳисоблаш учун зарур бўлган ишончли маълумотларни ҳисобга олиш ҳамда ички ва ташқи фойдаланувчиларни зарурий маълумотлар билан таъминлашдан иборат.
Солиқ ҳисоби тарихига назар соладиган бўлсак, Амир Темур даврига бориб тақалади. Амир Темур давлатни бошқаришда ҳисобга, шу жумладан солиқ ҳисобига ҳам алоҳида эътибор берган. “Темур тузуклари” тарихий китобида солиқ ҳисоби тўғрисида қуйидагиларни эътироф этганлар: “Яна ҳар бир ўлкага уч вазир тайинлашларини буюрдим. Булардан бири раият учун (бўлиб), ундан йиғиладиган олиқ – солиқларнинг ундирилишини кузатиб, ҳисоботини олиб борсин. Олиқ – солиқ миқдори, солиқ тўловчиларнинг номларини ёзиб борсин ва раиятдан йиғилган маблағни сақласин. Иккинчи вазир сипоҳ ишларини бошқаради. Сипоҳга берилган ва берилиши лозим бўлган маблағ ҳисобини олиб борсин. Учинчи вазир эса дараксиз йўқолган кишилар, келиб-кетиб юрувчилар (саёҳатчилар ва савдогарлар), ҳар хил йўл билан йиғилиб қолган ҳосил, ақлдан озганларнинг мол-мулки, вориссиз мол-мулкни, қозилар ва шайхулисломларнинг ҳукми билан олинган жарималарни тартибга келтирсин».
Солиқ ҳисобининг келиб чиқиши – бу бухгалтерия (моливий) ҳисоб билан солиққа тортиш тизими кесимида, яъни уларнинг ўзаро боғлиқлигининг натижасидир.
Солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш.
Солиқ солиш объектлари ва (ёки) солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни умумлаштириш ҳамда тизимлаштириш, шунингдек солиқларни, йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва солиқ ҳисоботини тузиш мақсадида Солиқ Кодекси талабларига мувофиқ солиқ тўловчи ёки солиқ агенти томонидан ҳисоб ҳужжатларини юритиш солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш деб эътироф этилади.
Ҳисоб ҳужжатлари солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлаш, шунингдек солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бошланғич ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби регистрлари ҳамда бошқа ҳужжатлардан иборатдир.
Агар Солиқ кодекси 76-моддасининг 4-қисмида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш бухгалтерия ҳисоби маълумотларига асосланади. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоб ҳужжатларини юритиш тартиби бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланади.
Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ зиммасига бухгалтерия ҳисобини юритиш мажбурияти юклатилмаган шахслар солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишни Солиқ кодексининг 7-бобига мувофиқ ташкил этади ва юритади.
Солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишга нисбатан солиқ органларининг ахборот тизимларидан мажбурий фойдаланишга доир талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланадиган тартибда белгиланиши мумкин.
Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда белгиланади. Бунда ҳисоб сиёсати ихтиёрий шаклда тасдиқланади ва унда қуйидагилар акс эттирилиши керак:
1) агар солиқ тўғрисидаги қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи ёки солиқ агенти томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилган солиқ регистрларининг шакли ва уларни тузиш тартиби;
2) унга риоя этилиши устидан масъул мансабдор шахслар;
3) солиқ солиш мақсадларида алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш тартиби, агар бундай ҳисоб юритиш мажбурияти Солиқ кодексида назарда тутилган бўлса;
4) солиқ тўловчи томонидан фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида сарфларни харажатлар сирасига киритиш, шунингдек қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишнинг танланган усуллари;
5) хеджирланадиган (ингилиз тилидан таржимада-ҳимоялаш, суғурталаш) таваккалчиликларни, хеджирланадиган моддаларни ва уларга нисбатан қўлланиладиган хеджирлаш воситаларини аниқлаш сиёсати, хеджирлаш операциялари, шунингдек бошқа молиявий таваккалчиликлар амалга оширилган тақдирда хеджирлаш самарадорлиги даражасини баҳолаш услубияти;
6) активларнинг ҳар бир гуруҳи ва кичик гуруҳи бўйича амортизация нормалари (ҳисоблаш усуллари).
Солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатини ўзгартириш ва (ёки) унга қўшимчалар киритиш солиқ тўловчи томонидан қуйидаги усуллардан бири ёрдамида амалга оширилади:
1) бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқилган янги ҳисоб сиёсатини ёки унинг янги бўлимини тасдиқлаш;
2) бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқилган амалдаги ҳисоб сиёсатига ёки амалдаги ҳисоб сиёсатининг бўлимига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш.
Ҳисоб сиёсатини шакллантиришда солиқ тўловчи томонидан солиқ солиш мақсадларида танланган ҳисоб юритиш усуллари тегишли ҳисоб сиёсати тасдиқланган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан эътиборан қўлланилади.
Янги ташкил этилган юридик шахс ёки чет эл юридик шахсининг доимий муассасаси солиқ солиш мақсадларида ҳисоб юритиш усуллари тўғрисидаги қарорни ўзи ташкил этилгандан кейинги биринчи ҳисобот даври давомида қабул қилади.
Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати календарь йил давомида ўзгартирилмайди. Солиқ тўғрисидаги қонунчиликка ёхуд солиқ солиш шартларига ўзгартириш киритилганда ва фақат ушбу ўзгартиришлар тааллуқли бўлган қисмида солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатида ўзгартиришлар қилишга йўл қўйилади.
Солиқ солиш мақсадидаги ҳисоб сиёсатини алоҳида ҳужжат ёки корхонанинг ҳисоб сиёсатининг бир бўлими кўринишида тузиш мумкин.
Солиқ солиш мақсадидаги ҳисоб сиёсати раҳбарнинг буйруғи ёки фармойиши билан тасдиқланади.
Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак:
Солиқ кодексида белгилаб қўйилган олти банддан энг асосийси ва мураккаби 4-банд, яъни “солиқ тўловчи томонидан фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида сарфларни харажатлар сирасига киритиш, шунингдек қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишнинг танланган усуллари” банди ҳисобланади.
Фойда солиғи ва қўшилган қиймат солиғи анъанавий тарздаги энг мураккаб солиқлар ҳисобланади ва уларни ҳисоблаб чиқиш борасида ҳар доим солиқ тўловчи билан солиқ органлари ўртасида баҳс кетади.
Фойда солиғи бўйича:
Айириб ташланадиган ва айирилмайдиган харажатларнинг таркиби, яъни қайси харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини камайтириши мумкин;
Ўтган йиллардаги зарарларни ўтказиш;
Илгаридаги харажатлар резервларини шакллантириш;
Қўшилган қиймат солиғи бўйича:
Товар ва хизматлар бўйича илгари тўланган солиқни ҳисобга қўшиш йўли билан солиқ базасини камайтириш мумкин бўлган шартлар;
Чет эллик юридик шахс билан ишлагани ҳисобга олинганлиги шарти;
Агар Солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи ёки солиқ агенти солиқ солиш мақсадларида ҳисобни ҳисоблаш усули бўйича миллий валютада юритади.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун махсус рента солиғини тўловчи бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар солиқ ҳисобини солиқ солиш мақсадида ҳисоблаш усули бўйича АҚШ долларида юритишга ҳақли.
Ҳисоб ҳужжатлари қоғозда ва (ёки) электрон шаклларда тузилади ҳамда Солиқ кодексининг 88-моддасида белгиланган солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати тугагунга қадар сақланади.
Солиқ тўловчи қайта ташкил этилганда қайта ташкил этилган шахснинг ҳисоб ҳужжатларини сақлаш мажбурияти унинг ҳуқуқий ворисига (ҳуқуқий ворисларига) юклатилади. Юридик шахс тугатилганда ҳисоб ҳужжатлари тегишли давлат архивига қонунчиликда белгиланган тартибда топширилади.
Солиқ Кодексида солиқ солишнинг турлича тартиби назарда тутилган фаолият турларини бир вақтда амалга ошираётган солиқ тўловчилар солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши шарт.
Солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисоби солиқ тўловчилар томонидан бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида юритилади. Фаолиятнинг муайян турига тааллуқли барча даромадлар ва харажатлар тегишли ҳисоб ҳужжатлари билан тасдиқланиши керак.
Солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисоби мутаносиб усул ёки тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули ёрдамида юритилиши мумкин.
Ҳисобга олишнинг мутаносиб усулида даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар реализация қилишдан олинган тушумнинг умумий суммасида фаолиятнинг муайян турлари бўйича, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғини ҳисобга олмаган ҳолда реализация қилишдан олинган тушум улушига мутаносиб тарзда шу муайян фаолият турларига киритилади.
Тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули қўлланилганда даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар фаолиятнинг қайси тури амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса, шу турига киритилади. Бунда фаолиятнинг фақат битта аниқ турига киритиш мумкин бўлмаган даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ҳисобга олишнинг мутаносиб усули орқали фаолиятнинг амалга оширилаётган барча турларига киритилади.
Мақсадли маблағлар олувчи солиқ тўловчилар ушбу мақсадли маблағлардан фойдаланиш доирасида олинган даромадларнинг (қилинган харажатларнинг) алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши шарт. Солиқ тўловчилар, бундан бюджет ташкилотлари мустасно, солиқ даври тугаганидан кейин ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига олинган мақсадли маблағлардан фойдаланганлик тўғрисида ҳисобот тақдим этади. Олинган мақсадли маблағлардан фойдаланганлик тўғрисидаги ҳисоботнинг шакли ва уни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Солиқ ҳисоби борасидаги халқаро тажриба.
Солиқ ҳисоби ҳозирги кунда кўп давлатларда мавжуд эмас. Масалан Хитой Халқ Республикасида солиқ ҳисобининг мавжуд эмаслиги қуйидагилар билан боғлиқ. Бухгалтерия ҳисобини меъёрий тартибга солиш, солиқ органлари томонидан амалга оширилади. Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва топширишнинг қатий тартиби мавжуд. Хитой Халқ Республикасининг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонунида барча корхоналар молиявий ҳисоботни махсус талабларига биноан тайёрлашлари лозимлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, Германия, Италия, Испания, Франция, Япония каби саноати ривожланган мамлакатларда ҳам солиқ ҳисоби юрилмайди. Ушбу мамлакатлардаги молиявий бухгалтерия ҳисоби билан солиқ ҳисобининг кўрсаткичлари мос келади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, турли мамлакатларда бухгалтерия ҳисоби билан солиққа тортиш механизмлари ўртасида боғланиш турлича. Бундай мамлакатлар иқтисодиётида солиқ ҳисобининг тутган ўрни ҳар хил.
Шунингдек, Россия Федерацияси солиқ қонунчилигида солиқ ҳисоби 2000 йилларда кириб келган. Ҳозирги кунда амалда бўлган Россия Федерацияси Солиқ кодексининг 25-боби 313-моддасида, солиқ ҳисоби тарифланган бўлиб, унга кўра, Солиқ ҳисоби – бошланғич ҳужжатлар асосида фойда солиғи бўйича солиққа тортиш базасини аниқлаш учун Солиқ кодексида белгиланган тартибга мос равишда гуруҳланган маълумотларнинг умумлаштирилган тизимидир. Солиқ тўловчилар ҳисобот (солиқ) даври натижасига кўра солиққа тортиш базасини солиқ ҳисоби маълумотлари асосида ҳисоблайди. Ушбу кодекс талабига кўра, солиқ ҳисоби фақатгина фойда (даромад) солиғини солиққа тортиш базасини аниқлаши кўзда тутилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юридик шахслар томонидан солиқлар ҳамда мажбурий тўловларни ўз вақтида ва тўғри ҳисоблаш, ҳисобланган солиқ ва мажбурий тўловларни давлат бюджети ҳамда давлатнинг мақсадли жамғармаларига ўз вақтида тўланишини таминлаш, солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича белгиланган имтиёзлардан кенг фойдаланиш солиқ ҳисобининг асосий вазифалари ҳисобнади.
Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Бахтиёр Садуллаев