Солиқ муносабатларининг субъекти ҳисобланган чет эл юридик шахсининг ҳақиқатда бошқариладиган жойи

Солиқлар давлатнинг иқтисолиётини тартибга солишдаги асосий воситалардан бири эканлигидан келиб чиққан ҳолда, мамалакатимизда солиқ сиёсатини такомиллаштиришга, тизимдаги муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бош қомусимиз ҳисобланган ЎЗбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида, “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар”- деб қайд этилган. Чет эл юридик шахси ҳақида сўз бошлашдан аввал, солиқ муносабатларининг субъекти кимлар эканлиги ҳақида тушунчага эга бўлиш лозим бўлади. Солиқ тўловчилар, солиқ агентлари ва ваколатли органлар солиқ муносабатларининг субъектларидир. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 20-моддага кўра, ушбу Кодексга мувофиқ зиммасига белгиланган солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш мажбурияти юклатилган юридик ва жисмоний шахслар солиқ тўловчилар деб эътироф этилади. Юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари мазкур шахсларнинг солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича мажбуриятларини ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ушбу алоҳида бўлинмалар жойлашган ери бўйича бажаради. Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган солиқ тўловчилар алоҳида бўлинмаларни ҳисобга олиб марказлашган ҳолда солиқ ҳисоботини тақдим этади ва солиқларни (йиғимларни) тўлайди. Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмалари солиқ тўловчилар деб эътироф этилади. Миллий қонунчилигимизда юридик шахсга таъриф берилган, авваламбор, ҳуқуқий муносабат субъекти бўлган юридик шахс, фуқаролик қонунчилигига биноан, яъни Фуқаролик кодексининг 39-моддасига биноан, ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланади. Юридик шахслар мустақил баланс ёки сметага эга бўлишлари керак. Солиқ қонунчилиги бўйича: 1) Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган юридик шахслар (Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари); 2) чет давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган, фуқаролик ҳуқуқий лаёқатига эга бўлган чет эл юридик шахслари (шу жумладан компаниялар ва бошқа корпоратив тузилмалар); 3) халқаро ташкилотлари юридик шахслар эканлиги қайд этилган. Юридик шахснинг ҳудудий жиҳатдан алоҳида бўлган, турган ери бўйича доимий иш жойлари жиҳозланган ҳар қандай бўлинмаси Ўзбекистон Республикаси юридик шахсининг алоҳида бўлинмасидир. Юридик шахснинг алоҳида бўлинмасини эътироф этиш, унга қандай ваколатлар берилганлигидан ва унинг ташкил этилиши бўйича юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида ёки бошқа ташкилий-бошқарув ҳужжатларида акс эттирилганлиги ёки акс эттирилмаганлигидан қатъи назар, амалга оширилади. Агар иш жойи бир ойдан ортиқ муддатга яратилган бўлса, у доимий ҳисобланади. збекистон Республикаси юридик шахси алоҳида бўлинмасининг жойлашган ери ушбу юридик шахс мазкур алоҳида бўлинма орқали фаолият олиб борадиган жойдир. Қуйидаги юридик шахслар Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентларидир: 1) Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари; 2) Ўзбекистон Республикасининг солиқ солиш масалалари бўйича халқаро шартномаларига мувофиқ ушбу халқаро шартномаларни қўллаш мақсадлари учун Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этилган чет эл юридик шахслари; 3) ҳақиқатдаги бошқарув жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган чет эл юридик шахслари, агар Ўзбекистон Республикасининг солиқ масалалари бўйича халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса. Инвестиция фондининг (пай фондининг ёки жамоавий инвестицияларни амалга ошириш бошқа шаклининг) бошқарувчи компаниясини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш ушбу инвестиция фондини (пай фондини ёки жамоавий инвестицияларни амалга оширишнинг бошқа шаклини) Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш учун асос бўлмайди. Мазкур фондлар (жамоавий инвестицияларни амалга оширишнинг бошқа шакллари) бошқарувчи шериклар ёки бошқа шахслар томонидан бошқарилган тақдирда ҳам шундай қоидалар қўлланилади. Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари бўлмаган юридик шахслар Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари деб эътироф этилади.

Бевосита чет эл юридик шахси ҳақиқатда бошқариладиган жой ҳақида фикр билдирадиган бўлсак, солиқ муносабатларини тартибга солишнинг асосий норматив ҳужжатларидан бири ҳисобланган Солиқ кодексининг 34-моддасида чет эл юридик шахси ҳақиқатда бошқариладиган жой ҳақида тўлиқ тушунтириш берилган, яъни қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасига риоя қилинган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси чет эл юридик шахси ҳақиқатда бошқариладиган жой деб эътироф этилади: 1) унинг ижро этувчи органи (ижро этувчи органлари) ўз фаолиятини ушбу юридик шахсга нисбатан мунтазам равишда Ўзбекистон Республикасидан туриб амалга оширади. Бунда Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятнинг бошқа давлатдагига (давлатлардагига) нисбатан сезиларли даражада кам ҳажмда амалга оширилиши фаолиятни мунтазам равишда амалга ошириш деб эътироф этилмайди; 2) унинг асосий (раҳбар) мансабдор шахслари (фаолиятни режалаштириш ва назорат қилишга, корхона фаолиятини бошқаришга ва бунинг учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга ваколатли бўлган шахслари) ушбу юридик шахсни раҳбарлик асосида бошқаришни асосан Ўзбекистон Республикасида амалга оширади. Бунда раҳбарлик асосида бошқариш жумласига, хусусан, ушбу чет эл юридик шахсининг жорий фаолиятига доир бўлган, бошқарувнинг ижро органлари ваколатларига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш киради. Ўзбекистон Республикасида қуйидаги фаолиятни амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг чет эл юридик шахсини ҳақиқатда бошқариш жойи сифатида эътироф этишга сабаб бўлмайди: 1) акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар тайёрлаш ва (ёки) қабул қилиш; 2) директорлар кенгашининг мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўриш; 3) чет эл юридик шахсининг фаолиятини режалаштириш ва назорат қилиш доирасида алоҳида функцияларни амалга ошириш. Алоҳида функцияларни амалга оширишга, хусусан, стратегик режалаштириш, бюджетлаштириш, консолидациялашган молиявий ҳамда бошқарув ҳисоботини тайёрлаш ва тузиш, ушбу чет эл юридик шахсининг фаолиятини таҳлил қилиш, ички аудит ҳамда ички назорат, шунингдек стандартлар, услубиятлар ва (ёки) сиёсатларни қабул қилиш (маъқуллаш) киради. Чет эл юридик шахсининг фаолиятига нисбатан қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ушбу юридик шахс ҳақиқатда бошқариладиган жой деб эътироф этилмайди: 1) фаолият ўзи доимий жойлашган ердаги давлатда (унинг ҳудудида) ўзининг малакали ходимлари ва активларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилганда; 2) фаолият Ўзбекистон Республикаси билан солиқ солиш масалаларига доир амалдаги халқаро шартномага эга бўлган чет давлат ҳудудида амалга оширилганда. Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шартларнинг бажарилганлиги ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак. Агар ушбу модданинг биринчи қисми 1-бандида ва (ёки) 2-бандида белгиланган шартлар бир вақтнинг ўзида ҳам Ўзбекистон Республикасига нисбатан, ҳам бирор-бир чет давлатга нисбатан бажарилаётганлиги ҳужжатлар билан тасдиқланса, агар чет эл юридик шахсига нисбатан қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилаётган бўлса, Ўзбекистон Республикаси чет эл юридик шахси ҳақиқатда бошқарилаётган жой деб эътироф этилади: 1) бухгалтерия ёки бошқарув ҳисобини юритиш (бундан консолидациялашган молиявий ҳамда бошқарув ҳисоботларини тайёрлаш ва тузишга, шунингдек унинг фаолиятини таҳлил қилишга доир ҳаракатлар мустасно) Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган бўлса; 2) иш юритиш Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган бўлса; 3) ходимларни оператив бошқариш Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган бўлса.

Кадиров Умид, Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси