Адолатли жамиятнинг асосий устунларидан бири мустақил суд тизимидир. Суд органлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, низоларни ҳал этиш ва қонун устуворлигини таъминлаш учун хизмат қилади. Суд мустақиллиги деганда, судялар ҳар қандай ташқи таъсирдан холи ҳолда, фақат қонунга асосланган ҳолда қарор қабул қилиши тушунилади. Бундай мустақиллик давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқлари, шунингдек, ижтимоий ва сиёсий босимлардан ҳимоя қилиниши керак. Зеро, фақат адолатли ва холис суд тизими фуқароларнинг қонун олдида тенглигини кафолатлай олади. Судлар фаолиятида протсессуал нормаларга қатъий риоя қилиш, судялар ва тарафларнинг холислиги, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари муҳим ўрин тутади. Шунингдек, фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун суд қарорларининг асосланганлиги ва қонунийлиги таъминланиши лозим. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, фуқароларнинг суд тизимига мурожаат қилиш ҳуқуқидан тўлақонли фойдаланишини таъминлаш ҳам адолатли суд тизимини шакллантиришда муҳим омилдир. Суд ҳуқуқ тизимининг мукаммал ишлаши жамиятнинг барқарор ривожланишига ва инсон ҳуқуқларининг ҳимояланишига хизмат қилади. Хулоса қилиб айтганда, мустақил ва адолатли суд тизими ҳуқуқий давлатнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Судялар фақат қонунга асосланиб қарор қабул қилиши, суд жараёнлари очиқ ва холис бўлиши керак. Фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини ошириш ва ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш жамият барқарорлиги ва адолатнинг таъминланишида муҳим рол ўйнайди.
Ҳар қандай суд жараёни вақт талаб қилади ва бу жараёнда айрим ҳолатларда фуқаронинг ҳуқуқлари жиддий хавф остида қолиши мумкин. Шунинг учун маъмурий судларда «Дастлабки ҳимоя чоралари» деган тушунча мавжуд. Бу дегани – агар фуқаронинг ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларига зарар етиш хавфи бўлса, суд асосий қарорни кутмасдан, вақтинчалик чора кўриши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 92-моддаси айнан шу масалага бағишланган. Дастлабки ҳимоя чоралари нима? Дастлабки ҳимоя чоралари – бу суд қарори чиқмагунча фуқаронинг ҳуқуқларини вақтинча ҳимоя қилиш учун кўриладиган чора-тадбирлардир. Суд, агар қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлса, бундай чораларни қўллаши мумкин: 1) маъмурий ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатларини кўзлаб ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса; 2) аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чораларни кўрмасдан туриб ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса. Бу чораларнинг асосий мақсади – суд иши кўрилаётган даврда фуқаронинг ҳуқуқларига зиён етмаслигини таъминлашдир. Дастлабки ҳимоя чораларини кўришга маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади. Бу чоралар вақтинчалик бўлиб, суд жараёни тугагунга қадар амал қилади. Якуний қарор чиққач, ушбу чоралар бекор қилиниши ёки доимий ҳуқуқий таъсирга эга бўлиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 92-моддаси фуқароларнинг суд жараёнида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим кафолатлардан биридир. Дастлабки ҳимоя чоралари орқали суд фуқароларнинг манфаатларига зарар етишининг олдини олади ва адолатли қарор қабул қилиш учун етарли вақтни таъминлайди. Бу тизим фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларда қонунийлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.
Баҳор нафаси туйила бошлаган шу фаслнинг шукуҳли кунларида, қолаверса яқинлашиб келаётган “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида Бухоро вилоят маъмурий суди ҳовлиси ва биноси ҳашар тадбирига гувоҳ бўлди. Бу хайрли ишга вилоят ва туманлараро маъмурий суди судьялари ҳамда ходимлари бир ёқадан бош чиқариб, жонбозлик кўрсатдилар.
Эрта тонгда суд ҳовлисида ҳаёт қайнади. Ҳашар иштирокчилари ўз қўллари билан табиатга нафас бағишлаш мақсадида шижоат билан ишга киришдилар. Дарахтларни оқлаб, уларга янги нафас бағишладилар. Ерга муҳаббат ва меҳр билан янги кўчатлар экилди — улар бир куни суд ҳовлисига соя, ёруғлик ва нафосат бахш этадиган шижоатли ниҳолларга айланади.
Ҳашар жараёнида мавжуд гулзор ва йўлаклар ҳам эътибордан четда қолмади. Уларнинг ҳар бири аниқ бир тартибда шаклга келтирилиб, гўзалликка йўғрилди. Тоза ҳаво, янгиланган муҳит, меҳнат шижоати – буларнинг барчаси тадбирда иштирок этган ҳар бир инсонга завқ ва руҳий кўтаринкилик бағишлади.
Бу хайрли ташаббус нафақат суд ҳовлиси, балки бу ерда хизмат қилаётганлар ва ташриф буюрувчилар учун ҳам ёқимли муҳит яратилишига хизмат қилади. Ободонлашган атроф муҳит инсон онгу тафаккурига ижобий таъсир кўрсатади.
Бухоро вилоят маъмурий суди жамоаси ушбу ҳашар орқали нафақат тозалик ва гўзалликка ҳисса қўшди, балки жамоавий ҳамкорлик ва бирдамлик руҳини янада кучайтирди. Бу каби тадбирлар келгусида ҳам давом этиши, янада кенг қулоч ёйиши шубҳасиз!
Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш жамият тараққиётининг муҳим асосларидан бири ҳисобланади. Айниқса, ёш авлодга ҳуқуқий билим бериш, уларнинг қонунчиликка оид тушунчаларини кенгайтириш, шахсий масъулиятини ошириш долзарб вазифалардан биридир. Шу мақсадда, 2025 йил 14 март куни Ғиждувон туманидаги 21-сонли «Пушкин» номидаги умумий ўрта таълим мактабида Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари ва суд аппарати ходимлари иштирокида амалий дарс машғулотлари ташкил этилди.
Дарс машғулотларида Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари Г.Муллабаева ва О.Ражабов, судья катта ёрдамчилари Д.Абдуллаев ва А.Қодиров, мактаб директори И.Нуманов, маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари З.Норова, фаол ўқитувчилар ҳамда 11-синф ўқувчилари иштирок этди.
Амалий даср машғулоти давомида «Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимиятининг тузилиши» мавзусида маъруза қилинди. Судьялар томонидан мамлакатимизда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг ўзаро муносабати, уларнинг ваколатлари ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва суд ҳокимиятининг асосий вазифалари ҳақида тушунчалар берилиб, ёшларга давлат бошқаруви тизими ҳақида кенгроқ маълумот олиш имконияти яратилди. Дарс давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита судьялардан жавоб олиш имконига эга бўлди. Ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган бу каби амалий машғулотлар ёшларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Дарс сўнггида иштирокчилар бундай тадбирлар ёш авлоднинг ҳуқуқий онгини оширишда, уларнинг жамиятда фаол ёшлар сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди ва бундай амалий дарс машғулотлари давомли бўлиши ва келажакда турли мавзулар бўйича давом эттирилиши лозимлигини қайд этишди.
Ҳар бир ёшнинг ҳуқуқий билими унинг келажагини белгилайди. Шу боисдан, бу каби тадбирлар ёшларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни ҳуқуқий саводхонлиги ошириш, билим ва кўникмаларини янада шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Г.Муллабаева ва О.Ражабов. Бухоро вилоят маъмурий судининг судьялари
2007-2011 йилларда фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Қоракўл туманлараро судининг судьяси ва суд раиси бўлиб ишлаган давримда, халқимиз орасида ҳақиқий юрт фарзанди, жонкуяр ва фидоий ҳуқуқшунос, кўплаб шогирдларига ҳақли равишда устозлик қилган инсон Сувон Арслонов ҳақида ижобий фикрлар эшитгандим. Бу инсоннинг суд соҳасидаги фаолияти менга катта қизиқиш уйғотди. Шу боис унинг хаёт йўли билан яқиндан танишишга жазм қилдим.
Сувон Арслонов 1936 йилда Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Дўрмон қишлоғида таваллуд топган. 1943 йилда 5-сонли етти йиллик мактабнинг биринчи синфига ўқишга қабул қилинган. Мазкур мактабнинг 7 синфини 1950 йилда тамомлаб, шу йили Қоракўл туманидаги 1-сонли мактабда 8-синфдан бошлаб ўқишни давом эттирган. 1954 йилда мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, 1955 йилда Қоракўл туман халқ суди котиби вазифасига ишга қабул қилинган. 1957 йил декабрь ойидан 1960 йил июль ойига қадар армия сафида хизмат қилган.
Харбий хизматда хам қисм командирларининг эътирофига сазовор бўлади. Армияда ўз бурчини виждонан адо этиб, қайтгач илгари ишлаган туман халқ судида котиб бўлиб, 2 йил мобайнида меҳнат қилади. Сўнгра, 1965 йилга қадар Қоракўл туман халқ судининг суд ижрочиси бўлиб ишлай бошлайди. Бу орада Сувон Арслоновнинг ҳуқуқшунослик соҳасига қизиқиши янада ортиб, айнан шу касбга бўлган мухаббати туфайли, Тошкент давлат университетининг юридик факультетини сиртдан тамомлайди. Олий юридик юридик маълумотга эга бўлгач 1965 йил 19 декабрь куни Қоракўл туман халқ судига суд раиси бўлиб сайланиб, бу шарафли вазифани 1970 йилга қадар садоқат билан бажаради. 1970-1972 йиллар оралиғида Ғиждувон туман халқ судида раис бўлиб ишлайди. Сувон Арслонов Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раҳбарияти назарига тушиб, Олий суд судьялигига ишга таклиф қилинади. Бу юқори лавозимда ҳам муносиб хизмат қилади ва 1974 йилдан 1987 йилга қадар Олот туман халқ судининг раиси лавозимида фаолият кўрсатган.
У киши ишлаб юрган даврларда бир қанча мукофотлар, фахрий ёрлиқ, ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланган. Қолаверса, устознинг қўли очиқлиги ҳамда саховатпеша инсон эканлиги ҳақида шоир ва ёзувчи Жўра Ҳамронинг “Куйган кўнгил” номли ҳикоялар тўпламида у инсонга бағишлаб “Саховат” номли ҳикоя ҳам ёзилган. Бу ҳикояни ўқиган кишининг эти жунжикиб кетади. Юртимизда ана шундай саховатли инсонлар яшаб ўтганига тасанно айтгинг келади.
Сувон Арслонов меҳнат фаолияти давомида бир қанча шогирдлар етиштириб, уларни чинакам ватанпарвар, комил инсон қилиб тарбиялади. Эътиборлиси шундаки, устознинг ўғли ва бир нечта набиралари у кишининг изидан бориб ҳуқуқшунослик касбини танлади. Ҳозирда улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият кўрсатиб келмоқда. Афсуски бевақт ўлим, устозни 51 ёшида ҳаётдан эрта олиб кетди. Сувон Арслоновнинг умр йўли қисқа бўласа-да, жуда мазмунли яшади.
2025 йил 20 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1032-сонли Қонуни билан «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур қонун 2025 йил 21 февралдан кучга кирган бўлиб, айниқса иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчи ташкилотларнинг судга мурожаат қилиш тартибида қулайликлар яратишга қаратилган.
Нима ўзгарди?
1. Давлат божи тўлашдан озод қилинган ҳолатлар рўйхати кенгайди:
Қонуннинг 8-моддасига янги, 47-банд киритилди. Унга кўра, эндиликда иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчи ташкилотлар ўз хизматлари бўйича тўловларни ундириш юзасидан судга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади. Шунингдек, 9-моддага киритилган 29-банд ҳам шу мазмунда бўлиб, иссиқлик ва электр етказиб берувчилар учун кенг имкониятлар яратилган.
2. Мазкур ҳолат бошқа моддаларга ҳам киритилди:
Қонуннинг тегишли бандида «иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар» тушунчаси алоҳида белгилаб қўйилди. Бу эса уларнинг судга мурожаат қилиш жараёнида ортиқча молиявий юкламалардан озод этилишига хизмат қилади.
3. Чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш учун тўлов миқдори аниқлаштирилди:
Қонунга киритилган яна бир муҳим ўзгартиш — Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш ҳамда унинг муддатини узайтириш учун тўлов БҲМнинг 48 баравари миқдорида белгиланди. Бу тартиб ҳужжатларда аниқ акс эттирилиб, ҳуқуқий тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонунни амалга ошириш чора-тадбирлари:
Қонуннинг 3-моддасига кўра, Вазирлар Маҳкамасига бир қатор вазифалар юклатилган. Хусусан, ҳукуматнинг бу борадаги қарорлари ушбу янги нормаларга мувофиқлаштирилиши, шунингдек, ижро этувчи ҳокимият органлари ўзларининг мавжуд меъёрий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, кераксизларини бекор қилиши шартлиги белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонунга киритилган ўзгартишлар электр ва иссиқлик етказиб берувчи ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг хизмат кўрсатиш жараёнида юзага келадиган муаммоларни камайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, чет эл компаниялари учун ҳам қонуний тартиб-қоидалар аниқлаштирилиб, инвестицион муҳитнинг шаффофлигини таъминлашга ҳисса қўшади.
Mamlakatimizda sud-huquq tizimini isloh qilish, odil sudlovning sifat va samaradorligini oshirish, sudlarning mustaqilligini ta’minlash bo‘yicha keng ko‘lamli ishlar amalga oshirilmoqda. Zero, sud idorasiga ishi tushgan har bir inson ushbu dargohda qonun va adolat ustuvor ekaniga ishonishi kerak.
So‘nggi yillarda sud-huquq sohasida olib borilayotgan islohotlar ushbu tizim faoliyatini sifat jihatidan yangi bosqichga ko‘tarishga, odamlarning odil sudlovga bo‘lgan ishonchini yanada mustahkamlashga xizmat qilayapti. Sohaga oid jadallashgan sa’y-harakatlar Prezidentimizning tashabbusi va alohida nazorati doirasida kechayotgani barchamizni quvontirmoqda.
Yurtimizda shiddatli tus olgan islohotlar natijasida xalqimiz hayotida juda ko‘plab ijobiy o‘zgarishlar ro‘y berayotir. Keyingi yetti yilda sud-huquq sohasida erishilgan marralar haqida so‘z yuritsak, ularni sanab adog‘iga yetolmaymiz. Xalq manfaati yo‘lida olib borilayotgan ishlar odamlarning sud-huquq tizimiga bo‘lgan ishonchini oshirmoqda.
Zero, inson huquq va erkinliklarini amalga oshirish, qonunlar ustuvorligi g‘oyasini hayotga tatbiq etishni ta’minlovchi asosiy mexanizm bo‘lmish mustaqil sud hokimiyatini shakllantirish va takomillashtirish O‘zbekistonda davlat tomonidan olib borilayotgan huquqiy siyosatning tamal toshi hisoblanadi.
O‘tgan qisqa davrda sud-huquq tizimini tubdan isloh qilishga qaratilgan tarixiy o‘zgarishlarga qo‘l urildi. Mamlakatimizda inson, uning huquq va erkinliklari oliy qadriyat darajasida belgilandi. Yangi tahrirdagi Konstitutsiyada ham sud organlarini fuqarolarning huquq va erkinliklarini himoya qiluvchi mustaqil organga aylantirish eng muhim vazifa etib belgilangani e’tiborga molik.
Xususan, Bosh qomusimizning 136-moddasida “Sudyalar mustaqildirlar, faqat Konstitutsiya va qonunga bo‘ysunadilar. Sudyalarning odil sudlovni amalga oshirishga doir faoliyatiga har qanday tarzda aralashishga yo‘l qo‘yilmaydi va bunday aralashish qonunga muvofiq javobgarlikka sabab bo‘ladi. Sudyalar muayyan ishlar bo‘yicha hisobdor bo‘lmaydi”, deb belgilab qo‘yildi.
Shu jihatdan, sohada amalga oshirilgan tadbirlar fuqarolar va tadbirkorlik subyektlariga o‘z huquqlari va manfaatlarini himoya qilish uchun sudga murojaat qilishni erkinlashtirish, umuman odil sudlovga erishishni oshirish hamda sudlar faoliyatida ochiqlik va shaffoflikni ta’minlash imkonini bermoqda.
Sud-huquq tizimini rivojlantirishga qaratilgan jiddiy o‘zgarishlar tufayli mamlakatimizning xalqaro maydondagi nufuzi ham yuksalmoqda. Jumladan, sud mustaqilligi, qonun ustuvorligi va odil sudlov samaradorligi bo‘yicha Meros jamg‘armasi (The Heritage Foundation) tomonidan yuritiladigan Iqtisodiy erkinlik indeksining “Sud faoliyati samaradorligi” indikatori, Butunjahon odil sudlov loyihasi tomonidan yuritiladigan Huquq ustuvorligi indeksining “Fuqarolik odil sudlov”, “Jinoiy odil sudlov” indikatorlari kabi xalqaro reytinglarda O‘zbekistonning nufuzi oshmoqda.
Xususan, 2023-2026 yillarda sud tizimini sifat jihatidan yangi bosqichga olib chiqishning qisqa muddatli Strategiyasi va uni amalga oshirish bo‘yicha Harakatlar dasturi tasdiqlandi.
Harakatlar dasturida sud tizimini yanada isloh qilishga qaratilgan asosiy ustuvor yo‘nalishlar, maqsad va vazifalar sifatida “Xabeas korpus” institutini amaliyotga yanada kengroq joriy etish, sudyalar ixtisoslashuvini yanada kengaytirish, sud ishlarini ko‘rishda yagona sud amaliyotini ta’minlash, sudyalar mustaqilligini ta’minlashning yangi mexanizmlarini yaratish, sud hokimiyatining nufuzi, mavqei va obro‘sini yanada yuksaltirish choralarini ko‘rish va boshqa muhim masalalar hamda ularni amalga oshirish mexanizmlari, muddatlari va mas’ul organlar aniq belgilab berildi.
Ushbu hujjat ijrosini ta’minlash borasida mas’ul davlat organlari tomonidan tegishli taklif va normativ-huquqiy hujjatlar tayyorlanmoqda. Shu nuqtai nazardan aytganda, mazkur farmon sud-huquq jarayonlarini yanada takomillashtirish va xalqaro standartlarni integratsiyalashga qaratilgan islohotlarning sifat jihatdan yangi bosqichga olib chiqish, sud qarorlarining qonuniyligi, samaradorligi, sudlar faoliyati oshkoraligi hamda sudyalar mustaqilligini oshirishga xizmat qiladi. Bu esa adolatli va bashorat qilinadigan odil sudlovni ta’minlashga zamin yaratadi, fuqarolar va tadbirkorlarning sud-huquq tizimiga ishonchini oshiradi.
Bundan tashqari, so‘nggi yillarda mamlakatimizda davlat organlari bilan munosabatlarda fuqarolar va tadbirkorlik subyektlarining huquqlari samarali himoyasini ta’minlashda tizimli islohotlar amalga oshirildi. Ayniqsa, 2017-yilda mamlakatimiz tarixida ilk marotaba ma’muriy sudlar tashkil qilinganligi fuqarolar va tadbirkorlik subyektlarining davlat organlari va mansabdor shaxslarning qonunga xilof qarorlari, harakatlari ustidan sudga shikoyat qilishga oid konstitutsiyaviy huquqlarini ta’minlashda muhim qadam bo‘ldi.
O‘tgan davrda ma’muriy sudlar tomonidan ko‘rib chiqilgan 120 mingga yaqin ariza va shikoyatlarning 57 foizi qanoatlantirilib, fuqarolar va tadbirkorlik subyektlarining buzilgan huquqlari tiklanganligi ham ma’muriy sudlarning qonun ustuvorligini ta’minlash hamda shaxsning huquq va erkinliklarini ishonchli himoya qilishda muhim institut sifatida shakllanganligini ko‘rsatmoqda.
Bu borada ma’muriy sudlar zimmasiga shikoyatlarni ko‘rib chiqishda “faol ishtirok etish” tamoyili asosida nizoni to‘g‘ri hal qilish uchun dalillarni mustaqil yig‘ish majburiyati yuklangani, sud qarori ijrosini ta’minlamagan mansabdor shaxslarga jarima qo‘llash vakolati berilgani ham ushbu institut takomillashib borayotganligidan dalolat beradi.
Bir so‘z bilan aytganda, xalqaro standartlarga javob beradigan sud-huquq tizimining rivojlanishi mahalliy va xorijiy investorlarda qiziqish va ishonchni uyg‘otadi. Tadbirkorlik sohasi vakillari nizolar yuzaga kelganda o‘z huquq va manfaatlarini ishonchli himoya qiladi. Bu esa investitsiya jalb etish va iqtisodiyotni rivojlantirishga xizmat qiladi.
Ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг асосий вазифаларидан бири бу – фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборатдир. Бу мақсадга эришишда суд-ҳуқуқ тизимининг мустақиллиги ва самарадорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда охирги йилларда суд ислоҳотлари изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сонли қарори айнан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Ушбу ҳужжат орқали маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш, низоларни ҳал этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш ва одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган.
Шунингдек, қарорда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янги босқичга олиб чиқиш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ва маъмурий судларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Қарорда таъкидланганидек, сўнгги йилларда маъмурий судлар томонидан кўрилган ишлар орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилиб келинган бўлиб, маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган жами 120 мингга яқин ариза ва шикоятларнинг 57 фоизи қаноатлантирилганлиги фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини оширишга хизмат қилганлигидан далолат беради.
Қабул қилинган мазкур қарорда, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ҳам аниқ белгилаб қўйилган. жумладан, улар қуйидагилардир:
-давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;
-фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;
-давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;
-маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;
-фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;
-давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;
-маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш.
Бундан ташқари, қарорга кўра, давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этиши ҳамда маъмурий суд ишларини тезкор ва сифатли кўриб чиқиш мақсадида дастлабки эшитув институти жорий этилиши назарда тутилган.
Давлат органи вакилларининг суд мажлисларида мажбурий иштироки бу давлат идораларининг ўз қарорлари ва ҳаракатлари учун жавобгарлигини оширишга хизмат қилади. Бугунги кунга қадар айрим ҳолларда давлат органлари мансабдор шахслари суд мажлисларида иштирок этмаслиги сабабли фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда айрим қийинчиликларга дуч келаётган эди. Эндиликда эса мазкур талаб давлат органлари мансабдор шахслари ёки уларнинг вакиллари судга тушунтириш бериш мажбуриятини олишга, фуқаролар ва тадбиркорлар билан давлат идоралари ўртасидаги низоларни холис ва адолатли ҳал этишга ва суд қарорларини бажариш устидан кучли назорат ўрнатишга хизмат қилади.
Қолаверса, агар мансабдор шахс ёки унинг вакили суд муҳокамасига келмаса ва бу ҳеч қандай узрли сабаб билан асосланмаса, суд томонидан унга нисбатан жарима чоралари қўлланилиши ҳам назарда тутилган.
Қарорда, шунингдек, дастлабки эшитув институти жорий этилиши белгиланганлиги маъмурий судда иш юритишнинг янги механизми бўлиб, бу принцип ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга қаратилган. Яъни дастлабки эшитув институтининг жорий қилиниши аризачи ва жавобгарнинг эътирозларини аниқлаштириш, далилларни такдим этиш ва расмийлаштириш тартибини соддалаштириш ҳамда суд муҳокамасини тезлаштириш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш орқали маъмурий суд ишларини сифатли ва самарали кўриб чиқиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг одил судловга эришиш имкониятини янада оширади.
Бундан ташқари, қарорда халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини тиклашда судларнинг фаол иштирок этиши принципи кенгайтирилиши таъкидланган.
Ушбу принципга мувофиқ, маъмурий судлар низоларни кўриб чиқишда фақат даъвогар ва жавобгарнинг келтирган далиллари билан чекланиб қолмай, ўз ташаббуси билан қўшимча далиллар тўплаш ва таҳлил қилиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қарор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, суд тизимига замонавий ва халқаро тажрибага асосланган механизмлар жорий этилиб, фуқаролар ва тадбиркорлар учун ҳуқуқий ҳимоянинг самарадорлигини оширишга ва мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
А.Ахмедов Бухоро вилоят маъмурий суди раиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Buxoro viloyat ma’muriy sudi