Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил топганининг 100 йиллигига
АДОЛАТНИ ДАСТУР ва БОШ МЕЗОН БИЛИБ
“КУЧ АДОЛАТДАДИР”.
Миллатимизнинг фахру ифтихори, буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темурнинг ушбу битиги замирида бир олам маъно-мазмун мужассам.
Бинобарин, адолат ҳар бир халқ ва миллат учун, ҳар бир инсон учун сув ва ҳаво янглиғ зарур бўлган ҳаётий эҳтиёж. Шунинг учун ҳам инсон борки, ҳамиша, ҳар қачон адолат, ҳақиқатга интилиб яшаган.
У барқарор жамият равнақ топиб, гуллаб-яшнаб бораверган.
Зотан, адолат замирида инсониятнинг барча эзгу орзу-истаклари, улуғвор ниятлари мужассам.
Бахтли ҳаёт, фаровонлик, ҳуқуқ ва эркинликлар ифодасини усиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Жамиятда адолат барқарорлигини таъминловчи тизим эса шаксиз-шубҳасиз, суд тизимидир.
Судга бўлган ишонч, унинг чинакамига “Адолат қўрғони” сифатида эътироф қозониши жамиятда адолат барқарорлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги, манфаатлари муҳофазаси таъминланишига хизмат қилади.
Президентимиз бу жиҳатдан минг бора ҳақ: “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак”.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил топганига 100 йил тўлмоқда. Юз йиллик довон арафасида юқоридаги қайдлар шууримиздан ўтар экан, қутлуғ сана муносабати билан тарихга назар ташлашни жоиз билдик.
Зотан, адабиётимиз дарғаси, ўзбек миллий романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий таъкиди билан айтганда: “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир”.
Хусусан, буюк Соҳибқирон Амир Темур даври мисолида сўз юритадиган бўлсак, суд-ҳуқуқ тизимига оид вазифалар ихтисослашган бўлиб, уларнинг ичида қозилик мансаби энг нуфузли ва масъулиятли бўлган. Қозилар давлатнинг суд, ҳуқуқ-тартибот ишларини мувофиқлаштиришда муҳим роль ўйнаган. Улар ижтимоий адолат тамойилларини амалга ошириш, давлат ва ҳуқуқ, давлат ва фуқаро, фуқаро билан жамият ҳамда фуқаролар ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириб турган. Улар наинки ҳуқуқ-тартибот, балки ҳуқуқий маданиятни оширишда ҳам муҳим ўрин тутган.
Қозилар қонунийлик, қонун олдида барчанинг тенглиги, адолат, қонунларга сўзсиз амал қилиш каби тамойилларга асосланган. Улардан адолатли ва қонуний ҳукм-қарор чиқариш талаб этилган. Агар томонлардан бири қозининг чиқарган қарори ёки ҳукмидан норози бўлса, унинг устида турган қозиларга, қозикалонга, ҳатто давлат бошлиғига шикоят қилишга ҳақли бўлган.
Бутун мамлакат бўйича қозилар фаолиятини назорат қилиш қозикалонга юклатилган.
Ушбу тарихий қайдларни келтиришимиз бежиз эмас.
Бинобарин, “Темур тузуклари” ҳамда Соҳибқирон даври суд тизими тарихан адолат барқарорлиги нуқтаи назаридан юксак эътирофга сазоворлиги билан ажралиб туради.
Қозилик нуфузли вазифа ҳамда юксак мартаба саналишининг боиси ҳам шундаки, у чиқарган қарор ва ҳукм инсон тақдири, ҳаёти, манфаати, ҳуқуқи ва эркинлиги билан боғлиқ бўлган.
Инсоният тамаддуни ва тарихий тараққиёт билан боғлиқ эврилишлар даврида ана шу масъулият ва бурчни бош мезон билиб фаолият юритган қозилар оз эмас. Адолатни маёқ ва дастур санаб, уни суянч ва таянч билиб иш олиб борган қозилардан бири Бухорои шарифлик қози Бақохўжадир.
Қози Бақохўжа XIX аср охири XX бошларида яшаб ўтган. У қози сифатида ҳамиша адолат тарафида туриб, элу юрт ҳақида қайғурган, одамларнинг турмуши енгиллашиши ва уларнинг қийинчилик ва машаққатлардан ҳалос бўлишларига борки илму салоҳияти, куч-қувватини бағишлаб, жидду жаҳд қилган. Хусусан, тарихий манбаларда келтирилишича, Қози Мулло Бақохўжа судур Қоракўл қозиси бўлган даврларда Қоракўл аҳлининг сув билан боғлиқ муаммолари ва омманинг қашшоқлашуви ҳақида Бухоро амирига ва унинг амалдорларига иложи борича тўлиқ ва холис етказишга, шу орқали халқнинг аҳволини енгиллатишга ҳаракат қилган. Унинг 1895 йилда Мирбий девонбеги номига юборган номаси сақланиб қолган. Ҳужжатда шундай дейилади: “… тайинланганимдан ва Қоракўл вилоятига келганимдан кейин шуни аниқладимки, ускуна пули йиғилмаган, бу солиқни йиғишга қарор қилдим. Аммо аҳоли сувсизликдан азият чекмоқда. Барча боғлар қуриган, бу ерда ускуна йўқ. Ҳамма нарса вайрон бўлган, гўё бу ерда ҳеч нарса бўлмагандек. Бир илож қилиб, 1860 танга миқдорида Сизнинг улушингизни йиғдим. Тўпланган солиқни ўз ишончли одамим орқали Сизга етказиш учун жўнатаман. Олганлигингиз ҳақида санад (тилхат) беришингизни сўрайман”.
Мураккаб давр, оғир вазиятда қийинчиликларни енгиб ишлаш, халқ, ҳақиқат ва адолат тарафида туриш осон бўлмаган.
Аммо қалб амри билан виждонга бўйсуниб, қатъият, сабот ва матонат, иродага таяниб, адолатни дастур билган ва бу йўлдан қайтмаган халқпарварлар барча даврларда бўлган.
Шунинг учун ҳам адолат пешвоси сифатида бутун мамлакатга маълум ва машҳур бўлган қози Бақохўжанинг номи тарихда, айниқса, Бухоро тарихида ўчмас из қолдирган.
У инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини кўзлаб, одилона фаолият олиб бориш баробарида одамлар ҳақида қайғуриб, омманинг яхши ҳаёт кечириши учун саъй-ҳаракат қилиш билангина кифояланмаган. Маърифат тарафдори сифатида кишиларнинг, айниқса, келгуси авлоднинг билим олиши, илм ўрганишини ҳам истаган. Бунинг учун борки илму салоҳиятини бахшида этган.
Яна манбалардан далил келтирадиган бўлсак, “Қози Бақохўжа фатволардан бирини тасдиқлашдан олдин янги мактабдаги таълим тартибларини ўрганишга қарор қилади ва мирзо Абдувоҳиддан дарсликлар ҳамда мактаб ўқувчиларидан бир-иккитасини имтиҳон қилиши учун олиб келишини сўрайди. Қозикалон мактабда ўқитиладиган дарсликларни кўздан кечириб, улар шариатга хилоф равишда ёзилмагани; ўқиш, ҳисоб ва ёзувдан болаларни имтиҳон қилганида улар бурро жавоб берганини; амирликдаги барча мактаблар фаолиятини шу тартибга йўлга қўйиш кераклигини таъкидлаб, мактабни қўллаб-қувватлайди”.
Қози Бақохўжа фаолиятидан мисол келтирганларимиз асосида айтмоқчи бўлганимиз тарихда ҳам адолат билан иш кўришни қалб амри билган қозилар кўп бўлган.
Ҳар қандай соҳа ҳам тамаддун ва тараққиёт одимларига ҳамоҳанг юксалиш, ривожланиш даврини босиб ўтганидек аср билан юзлашиб, юз йиллик довон арафасида турган мамлакатимиз суд тизими турли даврларда шунга муносиб даврни босиб ўтган.
Айниқса, мустақиллик йиллари, сўнгги 6 – 7 йиллик тарихий тараққиёт даврида демократик ўзгаришларга ҳамоҳанг мамлакатимиз суд тизимида беқиёс ўзгаришлар, улкан янгиланишлар юз берди. Адолатни ҳар нарсадан устун билиш демократиянинг бош мезони эканлигидан келиб чиқиб, барча соҳаларда бўлганидек, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар бошида ҳам шахсан Давлатимиз раҳбари ташаббускор бўлиб тургани тизимни бутунлай янги босқичга олиб чиқди.
Хусусан, соҳага қаратилаётган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз суд тизимида холислик, адолат, шаффофлик бош мезонга айланиб бормоқда. Бунинг ифодасини “инсон қадри учун” тамойили асосидаги янги даврга хос одимларда, соҳадаги улкан янгиланишларнинг амалий рўёбида, шунинг натижасида суд тизими чинакам “Адолат қўрғони”га айланиб, халқимизнинг унга бўлган ишончи ортиб, мустаҳкамланиб бораётганида кўриш мумкин.
Буюк аждодларнинг муносиб давомчиси сифатида, қолаверса соҳага қаратилаётган юксак эътибордан руҳланиб, элу юрт, халқимиз ва Президент ишончига монанд адолатни дастур ва бош мезон билиб фаолият олиб бориш биз суд тизими вакиллари учун юксак шараф, улкан масъулият, муқаддас ва олий бурчдир.
Б.Садуллаев, Г.Муллабаева Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари