Суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган спортнинг шахмат ҳамда стол тенниси турлари бўйича турнирда Бухоро вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судининг судья ва ходимлари иштирок этдилар.
Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари доирасида ўтказилган ушбу мусобақаларда иштирокчилар ақлий салоҳиятларини шахмат беллашувларида синовдан ўтказган бўлсалар, стол тенниси баҳсларида эпчиллик ва чаққонликларини намоён этдилар.
Беллашувлар қизиқарли ва муросасиз вазиятларга бой бўлди. Дастлаб ҳар бир спорт тури бўйича кучлилар саралаб олиниб, кейинги босқичда ўзаро беллашдилар. Мусобақаларнинг ярим финал, финал баҳсларида эса барча рақибларини мағлуб этган спортчилар куч синашиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2024 йил 15 мартдаги “Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисида”ги 59-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 2024 йил 16 март куни “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида хайрия ҳашари ўтказилиб, мазкур хайрия ҳашарида судья ва суд тизими ходимлари суд биноси ҳовлисида дарахтларни оқлаш, уларга шакл бериш, суд биноси ҳудудини, ён-атрофи ва ҳовлисини, ариқлар, кўча ва йўлакларини тозалаш ва кўчатлар экиш ишлари амалга оширилди.
Мазкур ободонлаштириш жараёнида Бухоро шаҳридаги мутасадди идоралар билан ҳамкорликда махсус техникаларни жалб қилган холда тўпланган чиқиндиларни белгиланган жойларга олиб чиқилиши таъминланди.
Жорий йилнинг 23 февраль куни Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари Д.Ш.Чориев ҳамда Б.И.Ибрагимовлар томонидан Бухоро шаҳар солиқ инспекцияси ҳамда Бухоро вилоят адлия бошқармасида, қонунчиликка қиритилаётган ўзгартиришлар ҳамда қабул қилинаётган янги қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди. 50 нафардан ортиқ солиқ инспекцияси ҳамда адлия органи ходимлари иштирок этга ушбу давра суҳбатида, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 январь кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-Процессуал Кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Жавобгарлик Тўғрисидаги Кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, 2024 йил 1 февраль кунидаги “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги, 2024 йил 2 февраль кунидаги “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида”ги қонунлари мазмун-моҳияти муҳокама қилинди. Давра суҳбати савол-жавобларга бой тарзда ўтиб, йиғилиш қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
Шунингдек, бу каби тадбирлар давом эттирилмоқда. Жумладан, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьялари Д.Ш.Чориев, Б.И.Ибрагимов, О.Ражабов ҳамда Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Т.Самиевлар шу куннинг ўзида Ромитан туман иқтисодиёт ва молия бўлими ҳамда Пешку туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 январдаги “Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 12 декабь кунидаги “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ва “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 декабрь кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 12 январь кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонуни мазмун-моҳияти бўйича тарғибот ишларини амалга оширди.
Маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки ҳимоя чораларини қўллаш асослари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинади. Унга кўра, маъмурий иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатида ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса, шунингдек, аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чоралар кўрмай туриб, ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра суд томонидан дастлабки ҳимоя чораларини кўрилиши мумкин.
Бундан ташқари, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни кўриб чиқишда суд аризачининг аризасига кўра дастлабки ҳимоя чораларини кўриши шартлиги белгиланган.
Дастлабки ҳимоя чораларини кўришга маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.
Жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш, бошқа шахсларга низо предметига тааллуқли бўлган муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш, мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш ва жавобгарнинг мол-мулкини ёки пул маблағларини хатлаш кабилар дастлабки ҳимоя чоралари сифатида қўлланилади.
Суд томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта дастлабки ҳимоя чоралари кўрилиши мумкин.
Дастлабки ҳимоя чоралари арз қилинган талабга мос бўлиши керак.
Судга ариза (шикоят) билан бир вақтда ёки иш юритиш жараёнида ҳам дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза берилиши мумкин. Ушбу аризада ариза берилаётган суднинг номи, тарафларнинг номлари (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, талаб предмети, дастлабки ҳимоя чорасини кўриш зарурлигининг асослантирилганлиги, аризачи кўришни сўраётган дастлабки ҳимоя чорасининг тури ва илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилган бўлиши талаб қилинади. Ушбу турдаги аризалар аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан имзоланган аризага ишончнома ёки унинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.
суд томонидан дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш жараёнида ишда иштирок этувчи шахсларни иштирокисиз, яъни уларни хабардор қилмасдан кўриб чиқилади. Агар бундай ариза суд мажлиси вақтида тақдим этилса, у шу мажлисда кўриб чиқилади. Бордию, дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза иш юритиш жараёнида берилган бўлса, у келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақидаги ёки дастлабки ҳимоя чораларини кўришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Шикоят берилиши (протест келтирилиши) ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.
Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисида чиқарилган ажрим дарҳол ижро қилинади.
Б.Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси
Д.Абдуллаев, Бухоро вилоят маъмурий суди cудья катта ёрдамчиси
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 20-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”, деган норма мустаҳкамланган.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт. Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир.
Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас. Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.
Ҳозирги таҳликали даврда давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш принципига амал қилиш – ташқи сиёсатда барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир. Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи деярли барча давлатлар, шу жумладан, Германия, Франция каби давлатлар конституцияларида ўз ифодасини топган.
Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи дастлаб, 1945 йилда қабул қилинган БМТ Уставида белгиланган, кейинчалик БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларида, хусусан, БМТ Уставига мувофиқ давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликка оид халқаро ҳуқуқ тамойиллари тўғрисидаги Декларацияда (1970 йил) такомиллаштирилган. Мазкур принципга кўра, ҳар қандай давлат бошқа давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши, унинг суверенитети, миллий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини қисман ёки тўлиқ бузишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим. Бундан ташқари, давлатлар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари бирор-бир давлат ҳудудига, унинг бир қисмига ёки ресурсларига куч билан ёки куч ишлатиш таҳдиди билан бевосита ёхуд билвосита тажовуз қилмасликлари шарт. Бунда давлатлар алоҳида давлат ҳудуди ёки унинг бир қисмига зиён етказувчи ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишлари ва бузғунчи давлатларни қўллаб-қувватламасликлари лозим. Ҳудудий яхлитлик принципига мувофиқ, нафақат Ўзбекистон бошқа давлатларни, балки бошқа давлатлар ҳам мамлакатимиз чегаралари дахлсизлигини ҳурмат қилиши лозим.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида протокол “Ҳамкорлик тўғрисида” 2015 йил 17 ноябрь, Тошкент, Ўзбекистон Республикаси учун 2015 йил 17 ноябрдан кучга кирган.
Протоколда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари, ўзаро қизиқиш уйғотадиган минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Томонлар ушбу Протоколнинг 1-моддасида кўрсатилган масалалар бўйича маслаҳатлашувларни доимий асосда навбат билан Ўзбекистон ва Покистонда ёки халқаро тадбирлар доирасида ўтказадилар. Делегациялар даражаси, маслаҳатлашувлар кун тартиби ва муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади. Маслаҳатлашувлар қуйидаги масалаларни қамраб олиши мумкин:
а) ўзаро консуллик алоқалари;
б) икки томонлама битимларнинг бажарилиши бўйича ахборот алмашиш;
Томонлар ўз ваколатлари доирасида иккала мамлакатнинг давлат бошқарув органлари ва муассасалари, шунингдек жамоатчилик ва илмий ташкилотлари ўртасида бевосита алоқаларнинг ўрнатилиши ва ривожланишига кўмаклашадилар. Томонлар ҳар икки мамлакат давлат муассасалари томонидан ўтказиладиган халқаро муносабатлар ва халқаро ҳуқуқ соҳасида малака ошириш ва махсус курслар ташкил этиш орқали ўз дипломатлари тажрибаси ва малакасини оширишда ўзаро кўмаклашадилар. Томонларнинг халқаро конференциялар ва учрашувларда иштирок этаётган вакиллари, шунингдек учинчи давлатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлардаги икки давлат дипломатик миссиялари ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича маслаҳатлашувлар олиб боришлари мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 10-моддасида, “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, – деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган.
Жамиятда ижтимоий бирдамлик одамларни ўзаро бирлаштириб, жамиятдаги муаммоларни биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб, аҳил бўлиб ечиш, айниқса, эҳтиёжманд аҳолини иқтисодий қўллаб-қувватлашда ҳам намоён бўлади.
XIX аср охири XX аср бошларида пайдо бўлган ижтимоий бирдамлик назарияси асосида келиб чиққан бўлиб, Германия, Франция, Италия, Испания ва Польша каби мамлакатлар конституцияларида давлат фаолиятининг асосий принципларидан бири сифатида мустаҳкамланган. Мазкур принцип жамият ҳаётида тинчлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғусини мустаҳкамлашга, умумхалқ манфаатларини юзага чиқаришга, пировардида одамлар ўртасида ижтимоий бирдамликни ривожлантиришга хизмат қилади. Ижтимоий бирдамлик жамиятда ҳеч бир инсоннинг ўз муаммолари билан ёлғиз қолиб кетмаслигини ҳамда инсонларни бир-бирига ўзаро ёрдам кўрсатишига асосланган ривожланишни таъминлайди. Ушбу принцип фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч туйғусини уйғотиб, инсон – жамият – давлат манфаатлари йўлида белгиланган вазифаларни бажаришда яқиндан ҳамкорликни таъминлайди.
Конституциямизнинг 7-моддасида, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган органлар томонидангина амалга оширилади. Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият органлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади”, – деб белгиланган.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижтимоий давлат принциплари асосида инсон қадрини юксалтириш, камбағалликни қисқартириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш каби барқарор ривожланишга эришишга қаратилгандир. Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямиз лойиҳасининг 14-моддаси “Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади”, деган мазмунда баён этилиб, барқарор ривожланишни таъминлаш давлат фаолиятининг асосий вазифаси сифатида белгиланмоқда. Ушбу норма киритилишининг зарурати, энг аввало, республикада барча соҳаларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда давлат бюджетини шакллантиришда, солиқларни белгилашда, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда давлатнинг халқ олдидаги вазифаларини етарли даражада бажаришдан иборатдир. Давлат ўз фаолиятини жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида амалга оширади деб белгиланишида ижтимоий давлат ғояси ўз ифодасини топаётганлигини кўриш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланган бўлиб, унга кўра маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида коррупциянинг олдини олиш борасида суд органлари зиммасига муҳим вазифа юклатилган. Хусусан, судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шахсларининг бекор қилинган ноқонуний қарорлари тўғрисидаги маълумотларни жамоатчилик учун очиқлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар ташкил қилиш, судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларининг ноқонуний чиқарилганлиги учун бекор қилинган қарорлари тўғрисидаги маълумотларни судларнинг расмий веб сайтларида ва Telegram–каналларида эълон қилиб бориш белгиланган. Бухоро туманлараро маъмурий суди томонидан 2023 йил мобайнида давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг чиқарилган қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида жами 312 та ҳал қилув қарорлари қабул қилинган бўлиб, ушбу ишларнинг 70 тасини Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, 60 тасини туман (шаҳар) ҳокимликлари, 158 тасини Солиқ органлари, 1 тасини адлия бўлими, 2 тасини Қурилиш ва уй-жой бошқармаси, 20 тасини Мажбурий ижро бюролари, 1 тасини Мактабгача таълим бўлими мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маъмурий ишлар ташкил этади. Шунингдек, 2023 йил давомида вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан туман (шаҳар) ҳокимларининг 3 та, Солиқ органлари мансабдор шахсларининг 2 та қарорлари ноқонунийлиги боис ҳақиқий эмас деб топилганлиги маълум қилинади. Мазкур тоифадаги маъмурий ишларнинг 12 таси сайёр суд мажлисларида, 16 таси видеоконференцалоқа режими орқали очиқ суд мажлисида мазмунан кўрилган. Суд мажлисларида аниқланган ва мансабдор шахслар (жавобгар) томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйишнинг олдини олиш мақсадида мазкур тоифадаги кўриб тамомланган ишлар юзасидан жами 79 та хусусий ажримлар чиқарилиб, тегишли давлат органларига муҳокама қилиш учун юборилган.
“Инсон қадри учун” ғоясидан келиб чиқадиган, ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон-жамият-давлат” ёндашувини Конституциямиз мазмун-моҳиятига чуқур сингдирилиб, ҳаётимизнинг бош кадриятига айланди. Бу эса амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз марказида инсон қадрини улуғлаш асосий мақсад ҳисобланишини билдиради. Чунки, бизнинг буюк алломаларимиз бой илмий ва маънавий меросида хам, инсон-ҳаёт гавҳари, тенгсиз мўжиза сифатида улуғланади. Инсон муносиб шароитда талим тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина, жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланади. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, ушбу тушунчалар билан боғлиқ рейтинг ва стандартларга биринчи даражали аҳамият берилмоқда. Инсон-давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим. Биз барпо етаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва ҳалқ манфаати ҳамма нарсадан устундир. Шу боис инсон қадрини юксалтириш давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт. Янгиланган Конституциямизда ушбу тамойиллар аниқ ифода этилиб, ўзининг мукаммал ҳуқуқий ечимини топиди.
Хусусан, Конституциямизнинг 18-моддасига “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга муфовиқ эътироф этилади ва кафолатланади.
Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмасдир ҳамда улар ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади. Инсоннинг шаъни ва қадр қиммати дахлсиздир” деган янги нормалар киритилиб, шунингдек, ушбу модданинг учинчи қисми “Инсон – олий қадрият”, деган жумлалар билан тўлдирилди. Констициямизнинг 27-моддасида эса, “Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирига эга бўлиши, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилди.