ДАСТЛАБКИ ҲИМОЯ ЧОРАЛАРИ-У ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДАҚЎЛЛАНИЛАДИ!?

Маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки ҳимоя чораларини қўллаш асослари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинади. Унга кўра, маъмурий иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатида ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса, шунингдек, аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чоралар кўрмай туриб, ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра суд томонидан дастлабки ҳимоя чораларини кўрилиши мумкин.

Бундан ташқари, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни кўриб чиқишда суд аризачининг аризасига кўра дастлабки ҳимоя чораларини кўриши шартлиги белгиланган.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўришга маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.

Жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш, бошқа шахсларга низо предметига тааллуқли бўлган муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш, мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш ва жавобгарнинг мол-мулкини ёки пул маблағларини хатлаш кабилар дастлабки ҳимоя чоралари сифатида қўлланилади.

Суд томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта дастлабки ҳимоя чоралари кўрилиши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чоралари арз қилинган талабга мос бўлиши керак.

Судга ариза (шикоят) билан бир вақтда ёки иш юритиш жараёнида ҳам дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза берилиши мумкин. Ушбу аризада ариза берилаётган суднинг номи, тарафларнинг номлари (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, талаб предмети, дастлабки ҳимоя чорасини кўриш зарурлигининг асослантирилганлиги, аризачи кўришни сўраётган дастлабки ҳимоя чорасининг тури ва илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилган бўлиши талаб қилинади. Ушбу турдаги аризалар аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан имзоланган аризага ишончнома ёки унинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.

суд томонидан дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш жараёнида ишда иштирок этувчи шахсларни иштирокисиз, яъни уларни хабардор қилмасдан кўриб чиқилади. Агар бундай ариза суд мажлиси вақтида тақдим этилса, у шу мажлисда кўриб чиқилади. Бордию, дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза иш юритиш жараёнида берилган бўлса, у келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақидаги ёки дастлабки ҳимоя чораларини кўришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Шикоят берилиши (протест келтирилиши) ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисида чиқарилган ажрим дарҳол ижро қилинади.

  Б.Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

  Д.Абдуллаев,   Бухоро вилоят маъмурий суди cудья катта ёрдамчиси

Қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳамда давлат органлари, мансабдор шахслар фаолиятининг асосий мақсади инсон қадрини таъминлашдан иборатдир

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 20-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”, деган норма мустаҳкамланган.

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт. Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир.

Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас. Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси Жалолиддин Ҳусенов

Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги давлат ва унинг суверенитетининг муҳим шарти

Ҳозирги таҳликали даврда давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш принципига амал қилиш – ташқи сиёсатда барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир. Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи деярли барча давлатлар, шу жумладан, Германия, Франция каби давлатлар конституцияларида ўз ифодасини топган.

Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи дастлаб, 1945 йилда қабул қилинган БМТ Уставида белгиланган, кейинчалик БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларида, хусусан, БМТ Уставига мувофиқ давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликка оид халқаро ҳуқуқ тамойиллари тўғрисидаги Декларацияда (1970 йил) такомиллаштирилган. Мазкур принципга кўра, ҳар қандай давлат бошқа давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши, унинг суверенитети, миллий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини қисман ёки тўлиқ бузишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим. Бундан ташқари, давлатлар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари бирор-бир давлат ҳудудига, унинг бир қисмига ёки ресурсларига куч билан ёки куч ишлатиш таҳдиди билан бевосита ёхуд билвосита тажовуз қилмасликлари шарт. Бунда давлатлар алоҳида давлат ҳудуди ёки унинг бир қисмига зиён етказувчи ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишлари ва бузғунчи давлатларни қўллаб-қувватламасликлари лозим. Ҳудудий яхлитлик принципига мувофиқ, нафақат Ўзбекистон бошқа давлатларни, балки бошқа давлатлар ҳам мамлакатимиз чегаралари дахлсизлигини ҳурмат қилиши лозим.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида протокол “Ҳамкорлик тўғрисида” 2015 йил 17 ноябрь, Тошкент, Ўзбекистон Республикаси учун 2015 йил 17 ноябрдан кучга кирган.

Протоколда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари, ўзаро қизиқиш уйғотадиган минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Томонлар ушбу Протоколнинг 1-моддасида кўрсатилган масалалар бўйича маслаҳатлашувларни доимий асосда навбат билан Ўзбекистон ва Покистонда ёки халқаро тадбирлар доирасида ўтказадилар. Делегациялар даражаси, маслаҳатлашувлар кун тартиби ва муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади. Маслаҳатлашувлар қуйидаги масалаларни қамраб олиши мумкин:

а) ўзаро консуллик алоқалари;

б) икки томонлама битимларнинг бажарилиши бўйича ахборот алмашиш;

в) ўзбек-покистон муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий базасини инвентаризация қилиш.

Томонлар ўз ваколатлари доирасида иккала мамлакатнинг давлат бошқарув органлари ва муассасалари, шунингдек жамоатчилик ва илмий ташкилотлари ўртасида бевосита алоқаларнинг ўрнатилиши ва ривожланишига кўмаклашадилар. Томонлар ҳар икки мамлакат давлат муассасалари томонидан ўтказиладиган халқаро муносабатлар ва халқаро ҳуқуқ соҳасида малака ошириш ва махсус курслар ташкил этиш орқали ўз дипломатлари тажрибаси ва малакасини оширишда ўзаро кўмаклашадилар. Томонларнинг халқаро конференциялар ва учрашувларда иштирок этаётган вакиллари, шунингдек учинчи давлатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлардаги икки давлат дипломатик миссиялари ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича маслаҳатлашувлар олиб боришлари мумкин.

Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси Жалолиддин Ҳусенов

Ижтимоий бирдамлик – ижтимоий давлатнинг муҳим белгиси

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 10-моддасида, “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, – деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган.

Жамиятда ижтимоий бирдамлик одамларни ўзаро бирлаштириб, жамиятдаги муаммоларни биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб, аҳил бўлиб ечиш, айниқса, эҳтиёжманд аҳолини иқтисодий қўллаб-қувватлашда ҳам намоён бўлади.

XIX аср охири XX аср бошларида пайдо бўлган ижтимоий бирдамлик назарияси асосида келиб чиққан бўлиб, Германия, Франция, Италия, Испания ва Польша каби мамлакатлар конституцияларида давлат фаолиятининг асосий принципларидан бири сифатида мустаҳкамланган. Мазкур принцип жамият ҳаётида тинчлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғусини мустаҳкамлашга, умумхалқ манфаатларини юзага чиқаришга, пировардида одамлар ўртасида ижтимоий бирдамликни ривожлантиришга хизмат қилади. Ижтимоий бирдамлик жамиятда ҳеч бир инсоннинг ўз муаммолари билан ёлғиз қолиб кетмаслигини ҳамда инсонларни бир-бирига ўзаро ёрдам кўрсатишига асосланган ривожланишни таъминлайди. Ушбу принцип фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч туйғусини уйғотиб, инсон – жамият – давлат манфаатлари йўлида белгиланган вазифаларни бажаришда яқиндан ҳамкорликни таъминлайди.

Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси Озоджон Ражабов

Давлат ўз фаолиятини жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида амалга ошириши

Конституциямизнинг 7-моддасида, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган органлар томонидангина амалга оширилади. Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият органлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади”, – деб белгиланган.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижтимоий давлат принциплари асосида инсон қадрини юксалтириш, камбағалликни қисқартириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш каби барқарор ривожланишга эришишга қаратилгандир. Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямиз лойиҳасининг 14-моддаси “Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади”, деган мазмунда баён этилиб, барқарор ривожланишни таъминлаш давлат фаолиятининг асосий вазифаси сифатида белгиланмоқда. Ушбу норма киритилишининг зарурати, энг аввало, республикада барча соҳаларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда давлат бюджетини шакллантиришда, солиқларни белгилашда, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда давлатнинг халқ олдидаги вазифаларини етарли даражада бажаришдан иборатдир. Давлат ўз фаолиятини жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида амалга оширади деб белгиланишида ижтимоий давлат ғояси ўз ифодасини топаётганлигини кўриш мумкин.

Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси Озоджон Ражабов

Бухоро вилоят ва Бухоро туманлараро маъмурий суди томонидан 2023 йил мобайнида давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний чиқарилганлиги учун бекор қилинган қарорлари тўғрисида маълумот

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланган бўлиб, унга кўра маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида коррупциянинг олдини олиш борасида суд органлари зиммасига муҳим вазифа юклатилган.
Хусусан, судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шахсларининг бекор қилинган ноқонуний қарорлари тўғрисидаги маълумотларни жамоатчилик учун очиқлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар ташкил қилиш, судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларининг ноқонуний чиқарилганлиги учун бекор қилинган қарорлари тўғрисидаги маълумотларни судларнинг расмий веб сайтларида ва Telegram–каналларида эълон қилиб бориш белгиланган.
Бухоро туманлараро маъмурий суди томонидан 2023 йил мобайнида давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг чиқарилган қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида жами 312 та ҳал қилув қарорлари қабул қилинган бўлиб, ушбу ишларнинг 70 тасини Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, 60 тасини туман (шаҳар) ҳокимликлари, 158 тасини Солиқ органлари, 1 тасини адлия бўлими, 2 тасини Қурилиш ва уй-жой бошқармаси, 20 тасини Мажбурий ижро бюролари, 1 тасини Мактабгача таълим бўлими мансабдор шахсларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маъмурий ишлар ташкил этади.
Шунингдек, 2023 йил давомида вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан туман (шаҳар) ҳокимларининг 3 та, Солиқ органлари мансабдор шахсларининг 2 та қарорлари ноқонунийлиги боис ҳақиқий эмас деб топилганлиги маълум қилинади.
Мазкур тоифадаги маъмурий ишларнинг 12 таси сайёр суд мажлисларида, 16 таси видеоконференцалоқа режими орқали очиқ суд мажлисида мазмунан кўрилган.
Суд мажлисларида аниқланган ва мансабдор шахслар (жавобгар) томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйишнинг олдини олиш мақсадида мазкур тоифадаги кўриб тамомланган ишлар юзасидан жами 79 та хусусий ажримлар чиқарилиб, тегишли давлат органларига муҳокама қилиш учун юборилган.

Конституция бош қомусимиз

 

“Инсон қадри учун” ғоясидан келиб чиқадиган, ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон-жамият-давлат” ёндашувини Конституциямиз мазмун-моҳиятига чуқур сингдирилиб, ҳаётимизнинг бош кадриятига айланди. Бу эса амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз марказида инсон қадрини улуғлаш асосий мақсад ҳисобланишини билдиради. Чунки, бизнинг буюк алломаларимиз бой илмий ва маънавий меросида хам, инсон-ҳаёт гавҳари, тенгсиз мўжиза сифатида улуғланади. Инсон муносиб шароитда талим тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина, жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланади. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, ушбу тушунчалар билан боғлиқ рейтинг ва стандартларга биринчи даражали аҳамият берилмоқда. Инсон-давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим. Биз барпо етаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва ҳалқ манфаати ҳамма нарсадан устундир. Шу боис инсон қадрини юксалтириш давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт. Янгиланган Конституциямизда ушбу тамойиллар аниқ ифода этилиб, ўзининг мукаммал ҳуқуқий ечимини топиди.

Хусусан, Конституциямизнинг 18-моддасига “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга муфовиқ эътироф этилади ва кафолатланади.

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмасдир ҳамда улар ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади. Инсоннинг шаъни ва қадр қиммати дахлсиздир” деган янги нормалар киритилиб, шунингдек, ушбу модданинг учинчи қисми “Инсон – олий қадрият”, деган жумлалар билан тўлдирилди. Констициямизнинг 27-моддасида эса, “Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирига эга бўлиши, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилди.

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.М.Муллабаева

2023 йил 1 декабрь куни Бухоро инновацион тиббиёт институти мажлислар залида, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьялари ва ходимлари ҳамда Бухоро инновацион тиббиёт институти профессор ўқитувчилари ва талабалари иштирокида давра суҳбати ўтказилди

Давра суҳбати асосан қуйидаги мавзуларда яъни

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
    16 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳақидаги 72-сонли фармони ижроси юзасидан тасдиқланган дастурнинг 4,9,16 ва 22-бандлари мазмун моҳиятини тушунтириш  тўғрисида.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
    11 сентябрдаги “Ўзбекистон-2030 стратегияси тўғрисида”ги
    ПФ-158-сонли Фармони, 2023 йил 11 сенятбрдаги “Ўзбекистон стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-300-сонли қарори мазмун моҳиятини тушунтириш.
  3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
    19 сентбярдаги БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясида сўзлаган нутқи асосида “Инсон қадри ва манфаатлаи учун деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар Ўзбекистон учун доимий устувор” мавзуси.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга асосан халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш ва ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш кунига бағишланган 2023 йил 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кунлик” чора-тадбирлар мавзуларида давра суҳбати ўтказилди.

Ассалому алейкум ҳурматли талабалар, азиз устозлар!

Авваломбор барчангизни янги ўқув йили бошлангани муносабати билан чин юракдан табриклайман. Ўйлайманки, Сиз ушбу университетни танлаб адашмагансиз ва бунга ўқиш жараёнларида танловингиз тўғри эканлигига амин бўласиз.

Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда демократик ислоҳотлар тобора устувор аҳамият ва кенг қамров касб этмоқда.

Буларнинг барчаси эса, табиийки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги ҳамда амалда мустаҳкам таъминланиши билан кечадиган жараён ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам бугунги янгиланишлар жараёнида конституцион ислоҳотларга ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, 2023 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикасида сиёсий жараён, яъни Ўзекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясини қабул қилиш бўйича Референдум бўлиб ўтди, ушбу референдумда овоз бериш ёшига етган фуқароларимиз, ҳалқимиз иштирок этди ва ўзининг муносабатини билдирди. Натижада ҳалқимизнинг розилиги билан Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси қабул қилинди ва Ўзбекистоннинг 65 фоизга янгиланган бош қомуси 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди.

Бунга қадар 1992 йилдан буён констититуцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Бу сафар эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида, бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Янгиланган Конституциямиздаги асосий ўзгаришлар қуйидагилар ҳисобланади:

 1. Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб эълон қилинди.

2. Барча ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал қилиниши белгиланди.

Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. Эндиликда, қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.

3. Конституцияга ўқитувчилар ҳақида модда қўшилди. Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиши, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши кафолатланди.

4. ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Унга кўра, Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Демак, ОАВ фаолиятига тўсқинлик учун жавобгарлик конституция даражасида белгиланди.

Бундан ташқари, янги қабул қилинган конституцияга бошқа кўплаб нормалар ҳам қўшилган, жумладан:

-Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланди.

-агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.

-қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

-ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши, айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас. Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддаси билан кафолатлаб қўйилган.

Шунингдек, Конституциянинг 31-моддасида ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига, ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эгалиги, ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгиланган.

Бундан ташқари, мазкур моддада ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш, Асосий (Конституциявий) шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар Фуқаронинг шаъни ва обрўсига тажовузлардан, унинг шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш, турар жой дахлсизлиги ҳуқуқи] уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга эканлиги, ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмаслиги, уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиши, уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши таъкидланган.

Шунингдек, Конституциямизнинг 44-моддасида суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши, Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши кафолатлаб қўйилган.

Юқоридаги ўзгартиришларнинг барчаси инсон қадри ва унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида шуни айтмоқчиманки, гарчанд янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2023 йил 1 майдан кучга кирган бўлсада, Конституция байрамини нишонлаш санаси ўзгармаган, яъни ушбу байрам доимгидек 8 декабрь куни нишонлади.

Сўзим якунида шуни айтмоқчиманки, университети раҳбариятига мана шундай талаба-ёшлар билан учрашувни ташкиллаштириш ҳақидаги таклифимизга йўқ демасдан ҳамкорлик қилиб, бугунги тадбиримизни жуда чиройли тарзда ўтишига сабабчи бўлган Универститет ректоратига миннатдорчилигимни билдираман. Шарафли ва машаққатли касбингизда фақат ва фақат омад тилайман. 

Йиғилишда раислик қилувчи Бухоро инновацион тиббиёт институти маънавий ва психологик кўмаклашиш бўлим бошлиғи Г.Р.Жумаева сўзни давом эттириб, кун тартибидаги масала юзасидан Бухоро вилоят маъмурий судининг архив мудири Ю.Абдугаффаровага маъруза учун сўз берди.

Бухоро вилоят маъмурий судининг архив мудири Ю.Абдугаффарова қуйидагича маъруза қилди:

2023 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси
78-сессиясининг умумсиёсий мунозаралари бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Сессия раиси Деннис Фрэнсис бошчилигида ўтаётган мунозараларнинг биринчи кунида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, аъзо мамлакатлар етакчилари – Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден, Бразилия Федератив Республикаси Президенти Луис Инасиу Да Силва, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва бошқа давлатлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини қайд этди.

– Биз ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурдик. Асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан келгуси йилда Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, Ташкилотнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.  

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

– Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бормоқда, – деди Президентимиз. 

Ўзбекистонда янгиланган Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини белгилаб бергани қайд этилди. Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланди. Шу ҳуқуқий асосда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир.

Ўзбекистон Президенти мамлакатимиз глобал таҳдидларга қарамасдан, барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётганини таъкидлади. Сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайди. Бош мақсади – 2030 йилга қадар бу кўрсаткични яна 2 баробарга оширишдир. 

Иқтисодиётимизни либераллаштириш йўлидаги яна бир устувор вазифа – яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш. 

Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. 2030 йилгача уни 7 фоизга тушириш режа қилинган.

– Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Мазкур ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказишни таклиф этаман, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Йиғилиш иштирокчиларининг эътибори мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш борасида эришилган натижаларга қаратилди.

– Бир аср мобайнида Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этиб келинди. Ҳар йили сентябрь ойидан декабргача аҳолининг асосий қисми – ўқитувчи ва шифокорлар, тадбиркорлар, ишчи ва хизматчилар, энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига сафарбар қилинар эди. Бунинг натижасида ўзбек пахтасига бойкотлар эълон қилинган, мамлакат эса йиллар давомида “қора рўйхат”ларга киритилган эди. Қатъий иродамиз туфайли энди буларнинг барчаси ўтмишга айланди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди, – деди давлатимиз раҳбари. 

Президентимиз таъкидлаганидек, инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш – Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан биридир. 

Кейинги йилларда бу борада катта тажриба тўпланди – таълим тизими тубдан ўзгармоқда. Ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон бундан буён ҳам Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш муҳитини мустаҳкамлаш йўлидан қатъий боришини қайд этди. 

Юртимиз ва барча қўшниларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлди.

Минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баробардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсди. Минтақамиз иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб, унга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

– Ишонч билан айтиш мумкинки, бизнинг халқларимизни минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси бирлаштирмоқда ва бу туйғу тобора кучайиб бормоқда, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумий ва муштаракдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!   

Халқаро ҳамжамиятнинг қўллови билан Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этишига ишонч билдирилди. Уни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади.

Аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи айниқса долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида яқинда минтақамиз давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзоланди.

Бу соҳада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши бугунги куннинг долзарб масаласи сифатида қайд этилди.

– Миллий сиёсатимиз марказида турадиган энг эзгу мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлашдан иборат, – деди Ўзбекистон етакчиси. 

Мамлакатимиз “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлиги таъкидланиб, биргаликдаги ташаббус сифатида аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Йиғилишда раислик қилувчи Бухоро инновацион тиббиёт институти маънавий ва психологик кўмаклашиш бўлим бошлиғи Г.Р.Жумаева сўзни давом эттириб, кун тартибидаги масала юзасидан Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаевага маъруза учун сўз берди.

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаева қуйидагича маъруза қилди:

Зўравонлик – бир кишининг бошқасига жисмоний ёки руҳий таъсири, фуқароларнинг шахсий яхлитлик ҳуқуқини бузиши (жисмоний ва маънавий маънода).  Жисмоний зўравонлик инсон танасига тўғридаан тўғри таъсир қилиш билан ифодаланади: калтаклаш, тан жароҳати, турли йўллар билан қийноққа солиш (шу жумладан ҳар қандай нарса ва моддаларни ишлатиш). Жисмоний зўравонлик натижасида жабрланувчига қийноқ ва зарар етказилиши мумкин.

Руҳий зўравонлик қурбоннинг қаршилик кўрсатиш иродасини синдириш, унинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қўрқитиш, жисмоний зўравонлик таҳдиди орқали инсон руҳиятига таъсир қилишдан иборатдир.

Ҳозирги вақтда дунёда кескин экологик вазият кузатилиб, сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб бораётганини қайд этиб, Президентимиз Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланаётганини кўрсатиб ўтди.

Ўзбекистон томонидан Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида кўрилаётган чоралар, минтақамиздаги иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ва сув билан таъминланганлик даражасининг камайиш тенденциялари тўғрисидаги маълумотлар келтирилди. 

Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилиши, Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформаси яратилиши ва минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилиши қўллаб-қувватланди.

– Бу борада “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз.

Унинг асосий мазмунини келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокама қилишни таклиф этамиз, – деди Ўзбекистон Президенти.

Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” энергетика улушини кескин ошириш стратегик вазифа бўлиб қолиши таъкидланди. 

Давлатимиз раҳбари экстремизм тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни фаоллаштиришга тўхталиб ўтди.

Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича Миллий стратегиямиз доирасида илгари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Беш марта “Меҳр” инсонпарварлик миссиясини ўтказилди, унинг доирасида 530 нафардан зиёд фуқаролар, аввало, аёллар ва болалар қуролли низолар ҳудудларидан юртимизга қайтарилди.

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаева

Фуқаро Ш.Бафоевнинг видеомурожаати юзасидан

Жорий йилнинг 23 октябрь куни “YouTube” ижтимоий тармоғидаги “HAQIQAT OVOZI” расмий каналида эфирга берилган “Қонун мансабдорлар учун ишлайдими?”, “Мансабдорлар қонунни хохлаганча бузса майлими?”, “Бу қонунлар оддий халқ учунми” номли мурожаат юзасидан Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси А.Бобомуродовнинг расмий муносабати

Аризачи “XAZORBOG” фермер хўжалиги, Акрамов Дилшод Фазлиддиновичнинг жавобгар Ғиждувон туман ҳокимлигига нисбатан Ғиждувон туман ҳокимининг 2020 йил 22 август кунидаги 616-сонли ва 2020 йил 31 октябрдаги 766-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги, аризачи “FIRDAVS BAFOEV” хусусий фирмасининг жавобгар Ғиждувон туман ҳокимлигига нисбатан Ғиждувон туман ҳокимининг 2011 йил 16 ноябрдаги 1288-сонли, 2013 йил 16 февралдаги 102-сонли ва 2020 йил 22 август кунидаги 616-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ҳамда аризачи “HAFIZBEK MIRZO” хусусий корхонасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари Палатасининг Бухоро вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари Палатасининг Бухоро вилоят бошқармаси Ғиждувон туман филиалига нисбатан филиал томонидан 2020 йил 28 декабрда 1.700 м2 ер майдонидан иборат нотурар ер участкасига, яъни кўчмас мулк объектига “XAZORBOG’” фермер хўжалиги номида давлат рўйхатидан ўтказилиб, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида Давлат Реестридан 1706215/R-А1457138 рақамли кўчирмани ҳақиқий эмас деб топишни сўраб, Бухоро туманлараро маъмурий судига мурожаат қилганлар.

Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2022 йил
4 февралдаги ҳал қилув қарори билан Ғиждувон туман ҳокимининг 2020 йил 22 август кунидаги 616-сонли ва 2020 йил 31 октябрдаги 766-сонли қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган ва аризачи Акрамов Дилшод Фазлиддиновичнинг жавобгар Ғиждувон туман ҳокимига нисбатан Ғиждувон туман ҳокимининг 2020 йил 22 август кунидаги 616-сонли ва 2020 йил 31 октябрдаги 766-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси ҳамда “HAFIZBEK MIRZO” хусусий корхонасининг кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари Палатасининг Ғиждувон туман филиалига нисбатан филиал томонидан 2020 йил 28 декабрда 1.700 м2 ер майдонидан иборат нотурар ер участкасига, яъни кўчмас мулк объектига “XAZORBOG’” фермер хўжалиги номида давлат рўйхатидан ўтказилиб, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида Давлат Реестридан 1706215/R-А1457138 рақамли кўчирмани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаларини қаноатлантириш рад қилинган.

           Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг
2022 йил 25 мартдаги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 22 июндаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

 Аризачи “HAFIZBEK MIRZO” хусусий корхонаси Бухоро туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 4 февраль кунидаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни сўраган.

 Аризачи “HAFIZBEK MIRZO” хусусий корхонаси томонидан янги очилган ҳолат сифатида Бухоро вилоят хўжалик суди апелляция инстанциясининг 2014 йил 19 мартдаги қарори билан “Бухоротекс” ОАЖ брокери ва “Фирдавс Бафоев” хусусий            фирмаси брокери ўртасида 2008 йил 225 февралда тузилган 39/1105/Д-19721-сонли контракт; шунингдек, “Бухоротекс” ОАЖнинг суд бошқарувчиси ва “Фирдавс Бафоев” хусусий фирмаси раҳбари ҳамда уларнинг брокерлари ўртасида 2008 йил
25 февралда тузилган 39/11050/Д-19721-сонли кўчмас мулк олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилганлиги ва Ғиждувон туман А.Қаххор кўчасида жойлашган 1-сонли, 60 квартирали, қурилиши тугалланмаган, умумий ер майдони 1500 кв метрдан иборат ер майдони Ғиждувон туман заҳира ерлари ҳисобига қайтарилганлиги, бундан ташқари, Ғиждувон туман ҳокимининг 2014 йил 14 апрелдаги 582-сонли қарори билан Бухоро вилоят хўжалик суди апелляция судлов ҳайъатининг 20-1302/14588-сонли иш юзасидан 2014 йил 19 март кунида чиқарган қарори ижро ва маълумот учун қабул қилинганлиги ва  Ғиждувон туман А.Қаххор кўчасида жойлашган 1-сонли, 60 квартирали, қурилиши тугалланмаган, умумий ер майдони 1500 кв метрдан иборат ер майдони туман заҳирасига олинганлиги асос сифатида кўрсатилган.

Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 29 июлдаги ажрими билан Бухоро туманлараро маъмурий суди томонидан 2022 йил
4 февралда ҳал қилув қарори янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган ва иш янги кўриш учун тайинланган.

Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 24 октябрдаги ҳал қилув қарори билан аризачи Акрамов Дилшод Фазлиддиновичнинг жавобгар Ғиждувон туман ҳокимига нисбатан Ғиждувон туман ҳокимининг 2020 йил 22 август кунидаги 616-сонли ва 2020 йил 31 октябрдаги 766-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси, аризачи “XAZORBOG” фермер хўжалигининг жавобгар Ғиждувон туман ҳокимлигига нисбатан Ғиждувон туман ҳокимининг 2020 йил 22 август кунидаги 616-сонли ва 2020 йил 31 октябрдаги 766-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси, аризачи “FIRDAVS BAFOEV” хусусий фирмасининг аризасидаги жавобгар Ғиждувон туман ҳокимлигига нисбатан Ғиждувон туман ҳокимининг 2020 йил 22 август кунидаги 616-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси рад қилинган  ва аризачи Ғиждувон тумани “HAFIZBEK MIRZO” хусусий корхонасининг кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида Давлат Реестридан 1706215/R-А1457138 рақамли кўчирмани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси юзасидан иш юритишдан тугатилган.

Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 20 февралдаги ажрими билан аризачилар “XAZORBOG’” фермер хўжалиги ва “FIRDAVS BAFOEV” масъулияти чекланган жамиятининг Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 24 октябрдаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризалари рад қилинган.

Навоий вилоят маъмурий суди апелляция инстациясининг 2023 йил 18 майдаги қарори билан Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 20 февралдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 11 августдаги қарори билан Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 20 февралдаги ажрими ва Навоий вилоят маъмурий суди апелляция инстациясининг 2023 йил
18 майдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Айни вақтда Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2022 йил
24 октябрдаги ҳал қилув қарори қонуний кучида эканлиги маълум қилинади.

Янги Конституциямизда  болалар меҳнатига оид норма борми

Ўзбекистон  Республикаси  Президенти Ш. Мирзиёев 2022 йил 20 июнда      Конституциявий комиссия аъзолари  билан  учрашувда  инсон ҳуқуқларини  ҳимоя қилиш  бўйича  амалдаги тизимнинг самарасини ошириш  мақсадида  Конституциямизда  болалар  меҳнатига йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратган эди. Ўзбекистон  Республикаси  2008  йилда  Халқаро  меҳнат ташкилотининг Болалар  меҳнатининг  оғир  шаклларини тақиқлаш  ва  йўқ  қилишга  доир  шошилинч  чоралар тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган.

         Ўзбекистон  Республикаси  Маъмурий  жавобгарлик тўғрисидаги  ва  Жиноят  кодексларида  вояга  етмаган шахсларнинг  меҳнатидан  фойдаланишга  йўл  қўйилмаслиги тўғрисидаги  талабларни  бузиш,  яъни   вояга  етмаган  шахс меҳнатидан  унинг  соғлиғига, хавфсизлигига  ёки  ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш  учун  маъмурий  ва  жиноий  жавобгарлик  чоралари белгиланган.

        Янги  таҳрирдаги  Конституциямизнинг 44-моддасида  “Болалар  меҳнатининг  боланинг  соғлиғига,  хавфсизлигига,  ахлоқига,  ақлий  ва  жисмоний ривожланишига  хавф  солувчи,  шу  жумладан  унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари  тақиқланади”, деган қатъий норма мустаҳкамланган.

      Пахта далаларида ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларида, умуман, бошқа соҳаларда ҳам болалар меҳнатидан фойдаланиш, айниқса, уларни жалб қилишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш  бўйича  тизимли  ва  қатъий  ислоҳотлар  натижасида Ўзбекистонда  болаларнинг  мажбурий  меҳнати  тўлиқ  барҳам топди. 2  миллионга яқин  болалар  мажбурий  меҳнатдан  озод қилинди.

         Эндиликда  бу  борадаги  давлат  сиёсатини  конституциявий даражада  мустаҳкамлашга  қаратилган  муҳим  қадамлар ташланмоқда.    

        Конституциямизга илк маротаба киритилаётган мазкур норма мамлакатимизда  ушбу  соҳада  эришилган  ютуқларни  қатъий мустаҳкамлайди ҳамда болалар соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

      Айни  пайтда,  ушбу  конституциявий  норма  болаларнинг соғлиги,  хавфсизлиги,  тўлиқ  жисмоний,  ақлий  ва  маънавий ривожланишига  таҳдид  солмайдиган,  таълим  олиш  жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишларига тўсқинлик қилмайди.

Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнатга тайёрлаш  учун  умумтаълим  мактаблари,  ўрта  махсус,  касб-ҳунар  ўқув юртларининг  ўқувчиларини  уларнинг  соғлиги,  хавфсизлиги, тўлиқ  жисмоний,  ақлий  ва  маънавий  ривожланишига  таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан  бўш  вақтида  бажариши  учун  –  улар  ўн  беш  ёшга тўлганидан  кейин  ота-онасидан  бирининг  ёки  ота-онасининг ўрнини  босувчи  шахслардан  бирининг  ёзма  розилиги  билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

 Бухоро туманлараро маъмурий суди раиси                                                 А.Б.Бобомуродов

Skip to content