ДАСТЛАБКИ ҲИМОЯ ЧОРАЛАРИ-У ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДАҚЎЛЛАНИЛАДИ!?
Маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки ҳимоя чораларини қўллаш асослари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинади. Унга кўра, маъмурий иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатида ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса, шунингдек, аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чоралар кўрмай туриб, ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра суд томонидан дастлабки ҳимоя чораларини кўрилиши мумкин.
Бундан ташқари, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни кўриб чиқишда суд аризачининг аризасига кўра дастлабки ҳимоя чораларини кўриши шартлиги белгиланган.
Дастлабки ҳимоя чораларини кўришга маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.
Жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш, бошқа шахсларга низо предметига тааллуқли бўлган муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш, мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш ва жавобгарнинг мол-мулкини ёки пул маблағларини хатлаш кабилар дастлабки ҳимоя чоралари сифатида қўлланилади.
Суд томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта дастлабки ҳимоя чоралари кўрилиши мумкин.
Дастлабки ҳимоя чоралари арз қилинган талабга мос бўлиши керак.
Судга ариза (шикоят) билан бир вақтда ёки иш юритиш жараёнида ҳам дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза берилиши мумкин. Ушбу аризада ариза берилаётган суднинг номи, тарафларнинг номлари (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, талаб предмети, дастлабки ҳимоя чорасини кўриш зарурлигининг асослантирилганлиги, аризачи кўришни сўраётган дастлабки ҳимоя чорасининг тури ва илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилган бўлиши талаб қилинади. Ушбу турдаги аризалар аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан имзоланган аризага ишончнома ёки унинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.
суд томонидан дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш жараёнида ишда иштирок этувчи шахсларни иштирокисиз, яъни уларни хабардор қилмасдан кўриб чиқилади. Агар бундай ариза суд мажлиси вақтида тақдим этилса, у шу мажлисда кўриб чиқилади. Бордию, дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза иш юритиш жараёнида берилган бўлса, у келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақидаги ёки дастлабки ҳимоя чораларини кўришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Шикоят берилиши (протест келтирилиши) ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.
Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисида чиқарилган ажрим дарҳол ижро қилинади.
Б.Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси
Д.Абдуллаев, Бухоро вилоят маъмурий суди cудья катта ёрдамчиси