Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар – бу шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳукуматлар, ижтимоий ташкилотлар ва хусусий шахслар томонидан бузилишидан ҳимоя қилалиган, жамият ва давлатнинг фуқаролик ва сиёсий ҳаётида камситиш ва репрессияларсиз иштирок этиш имкониятини таъминлайдиган ҳуқуқлар синфидир.

Фуқаролик ҳуқуқлари шахсларнинг жисмоний ва ақлий яхлитлигини, ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашни ўз ичига олади ҳамда уларга ирқи, дини, миллати ва бошқа шахсий хусусиятларидан қатъи назар, тенг ижтимоий имкониятларни ва қонун томонидан баравар ҳимоя қилишни таъминлайди. Баъзи фуқаролик ҳуқуқларига яшаш, шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари, сўз, ҳаракатланиш, виждон, шахсий ҳаёт эркинлиги ва бошқалар киради.

Сиёсий ҳуқуқлар шахсларнинг давлат ва жамият ҳаётида эркин иштирок этишига имкон беради. Бунга овоз бериш ва давлат лавозимларини эгаллаш киради. Сиёсий ҳуқуқларга овоз бериш ҳуқуқи, давлат лавозимларига номзод бўлиш ҳуқуқи, йиғилишлар, намойишлар ўтказиш ҳуқуқи, уюшмалар тузиш ҳуқуқи ва бошқалар киради.

Фуқаролик ҳуқуқлари инсон ҳуқуқлари сифатида универсал бўлса-да, сиёсий ҳуқуқлар кўпинча фуқаролар (фақатгина маълум бир давлат фуқаролари учунгина) билан чекланади. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар турли халқаро ва минтақавий шартномалар, давлатларнинг миллий конституциялари билан ҳимоя қилинади. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ушбу ҳуқуқларни халқаро даражада ҳимоя қилишни таъминлайдиган энг кенг қамровли шартнома ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси мазкур Халқаро пактга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 31 августдаги 127-I-сонли «1966 йил 16 декабрдаги фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга қўшилиш ҳақида»ги қарорига асосан қўшилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VI – VIII боблари билан ушбу ҳуқуқлар миллий даражада муҳофаза қилинган.

Холов Ихтиёр Измуротович,

Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси.

Нарзуллаев Абдулло Элмурод ўғли,

Бухоро туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси