Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уни муҳофаза қилишга қаратилган ислоҳотларнинг мазмуни

 БМТ томонидан 2021 йилнинг якунлари бўйича эълон қилинган маълумотларга кўра, 2021 йил давомида 16 миллион нафар бола дунёнинг низоли ҳудудларида туғилган. Бу дегани, 2021 йилда туғилган ҳар саккизинчи бола уруш ҳолатида, ўқ овозини эшитган ҳолда дунёга келган. Ўз навбатида, бундай шароитларда туғилган болалар ҳаётининг биринчи куниданоқ малакавий тиббий хизмат ва бошқа ёрдамлардан масуво бўлган.   ЮНИСЕФ ташкилотининг ижрочи деректори Энтони Лейк, қайд этиб ўтганидек: “Ҳар икки секундда янги туғилган чақалоқ ўзининг биринчи нафасини уруш ҳолатидаги давлатда амалга оширган…”. Ушбу фикрни ўзи бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида болаларнинг ҳуқуқий ҳолати, уларнинг яшаш турмуш тарзи қай ҳолатда эканлигини тасаввур қилиш имконини беради. Ушбу ахборотни тақдим этган муаллифлар шундай низоли жойлар сифатида Афғонистон, Марказий Африка Республикаси, Ироқ, Жанубий Судан, Сурия ва Яман ҳудудлари кўрсатиб ўтганлар. Ушбу ҳудудларда оналар ўз болалалари нафақат хавфли ҳолатда, балки ҳеч қандай санитария ва тиббий ёрдамга эга бўлмаган ҳолатларда туғаётганлигини ўзи ташвишли ҳолатдир. ЮНИСЕФнинг ахборотида қайд этилишича, бундай низоли вазиятлар, очарчилик ва иқлим ҳолатини ўзгариши миллионлаб болаларни бошқа қитъаларга кўчиб кетишига туртки бўлиши мумкин. Биргина 2021 йилнинг 9 ойи давомида 200 мингдан ортиқ болалар Европа давлатларига бошпана тақдим этишни сўраб мурожаат қилганлигини ўзи, ушбу фикрларни тасдиқлайди.  Ушбу маълумотларни мазкур мақоланинг бошида келтирганимиз бежиз эмас. Мамлакатмизда ёшларни, айниқса болаларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш борасида бошқа давлатларга ўрнак бўладиган ишлар амалга ошириб келинмоқда. Мазкур чора-тадбирлар мустақилликнинг илк йилларидан амалга оширилаётганлигини болалар ҳуқуқлари, оналик ва болалакни муҳофаза қилиш, вояга етмаганларни меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мисолида ҳам кўрсатиб ўтиш мумкин. Хусусан, ушбу масалаларга бағишланган ҳуқуқий ҳужжатлар сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 12 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенцияни ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни амалга ошириш чоратадбирлари ҳақида»ги қарори, «Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхати» (29.07.2009 й.) ва «Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини белгилаш тўғрисидаги низом» (рўйхат рақами 1954, 12.05.2009 й.) ва бошқаларни кўрсатиб ўтишимиз мумкин. Хусусан, ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда вояга етмаганларнинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлган меҳнат ҳуқуқини таъминлаш, уларга адолатли меҳнат шароитларини яратиш, вояга етмаганларни меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган масалалар, шунингдек, республикамизда мажбурий меҳнат ҳамда бола меҳнатининг энг оғир шаклларини тақиқлаш масаласига устувор даражада эътибор қаратилмоқда.

Қайд этиш лозимки мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини кафолатлаш, уларни таълм олиш, меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминланаёган бир даврда, дунё мамлкатларида юз бераётган ҳолатлар ачинарлидир. Жумладан, Халқаро ташкилотлар томонидан ҳар йили эълон қилинадиган статистик маълумотларга кўра ҳозирги кунда дунё миқёсида 14 ёшгача болаларнинг 17 % га яқини таълим тизимидан мутлоқо четда қолиб хафтасига 48 соатдан ортиқ ишламоқда. Шунингдек, 20 % га яқин 10 ёшдан кичик болалар иқтисодиётнинг фаол секторида иш билан банд. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра Буюк Британияда, 3 млндан ортиқ бола фаол меҳнат фаолияти билан шуғулланади. Буларнинг кўпчилиги хорижий давлатлардан келган мигрант оилаларнинг фарзандлари саналади. Бангладеш тикув саноатида ишловчиларнинг 45%га яқинини 16 ёшгача бўлган болалар ташкил қилган (ҳозирги вақтда – 5% га яқин). Африканинг айрим мамлакатларида 50% болалар йил давомида қишлоқ хўжалиги ишларида тўлиқ иш вақти мобайнида меҳнат билан банд. 90йилларда Покистонда футбол тўпларини ишлаб чиқишда 50 минта бола банд бўлганлигига оид маълумотлар мавжуд.

“Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 32-моддасида шундай қайд этилган: “Болалар ривожланиш, маълумот олиш, соғликлари учун хавфли бўлган ишларда иштирок этишдан, иқтисодий таъқиб қилишдан ҳимояланиш ҳуқуқларига эгалар”. Ўзбекистон ушбу Конвенциянинг иштирокчи давлати сифатида бугунги кунда унда белгиланган вазифаларни бажариб келмоқда.  Мамлакатимизда болалар меҳнатини ҳимоя қилиш масаласи Ўзбекистон Республикасини устувор масалаларидан бирига айланган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 14-бобининг бир қатор моддалари болалар меҳнатини ҳимоя қилишга қаратилган. Меҳнат қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасида 16 ёшдан белгиланган, уларни ота-оналарининг розилигидан сўнг ишга қабул қилиш мумкин. Меҳнат кодексининг 239-моддасида ўн саккиз ёшга тўлмаган барча шахслар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилиниши ва кейинчалик улар ўн саккиз ёшга тўлгунларига қадар ҳар йили мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши кераклиги мустаҳкамланган. Шунингдек, вояга етмаган болаларни ишга қабул қилиш меъёрлари белгиланган: 16-18 ёшгача 1 ҳафтада 36 соат; 15-16 ёшгача бўлган болалар учун бир ҳафтада 24 соат белгиланган. 18 ёшгача бўлган болаларни меҳнат ҳақи бошқа ишчилар қатори белгиланган. Меҳнат таътили эса 30 календар куни қилиб белгиланган. Меҳнат қонунчилигига кўра, болаларни кечки сменада, дам олиш кунларида ишлатиш ман этилади. Вояга етмаган болаларни ишлатишда меҳнат қонунларига риоя қилган ҳолда болаларни ҳимоялаш зарур. Болалар меҳнат қилиш ҳуқуқи, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни, уларни қабул қилиш зарурияти, айниқса, Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолияти диққатга сазовордир. ХМТнинг норма ижодкорлиги фаолиятидаги яна бир муҳим масала бу турли тоифадаги меҳнаткашларнинг (ёшлар, аёллар, турли касблардаги меҳнаткашлар) меҳнат ҳуқуқларини мақсадли тартибга солиш жараёнидир.

Ушбу масала чет эл элементи билан мураккаблашган меҳнат муносабатларига халқаро нормаларнинг тўғридан-тўғри таъсир қилишини таъминлаш муаммоси билан бевосита боғлиқлиги сабабли эътиборга моликдир. Ушбу масала юридик адабиётларда доимий равишда олимларнинг эътиборда бўлиб келган4.  Тан олиш лозимки, меҳнат муносабатларидаги иштирокчиларнинг алоҳида белгиларидан келиб чиққан ҳолда халқаро ҳуқуқий нормаларни дифференциация қилиш тажрибаси меҳнат муносабатларини тартибга солиш самарадорлигига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Конвенция ва тавсияларнинг меҳнаткашларнинг ўзига хос белгиларидан келиб чиққан ҳолда дифференциациявий ёндашувининг амалий аҳамияти, аввало, меҳнат шароитларини индивидуаллаштирилишини вужудга келтиради. Буларнинг барчаси ўз навбатида турли табиатга ва профессонал имкониятга эга бўлган инсон ресурсини янада кенгроқ ҳамда самаралироқ ҳимоя қилинишига хизмат қилади. Меҳнат муносабатлари субъектларини дифференциация қилиш йўли билан тартибга солиш билан бир қаторда ХМТ конвенциялари объектларга кўра тартибга солишни ҳам назарда тутади. Яна шуни алохида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси томонидан 2008 йилда ратификация қилинган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги (1976 йил 26 июн, Женева) 138-сонли Конвенцияси иқтисодиётнинг барча секторларида ҳам ҳақ тўланадиган, ҳам ҳақ тўланмайдиган болалар меҳнати тартибга солинади. Ушбу Конвенция ишга қабул қилиш учун энг кам ёшнинг энг комплекс ва қатьий тушунчасини белгиланишини ўзида ифодалайди, муаммога, айниқса, ривожланаётган мамлакатларга нисбатан изчил ва мослашувчан ёндашувни намоён қилади.  Ушбу 138-сонли Конвенция уни ратификация қилган аъзо давлатларга ишга қабул қилиш учун энг кам ёшни белгилаш ва бола меҳнатини бажаришга жалб қилиниши мумкин бўлган бир неча ёш даражаларини белгилаш мажбуриятини юклайди. Ушбу ёш даражалари давлатнинг ривожланганлик даражасига ва бажариладиган ишлар турига қуйидаги тарзда боғлиқ бўлади. Болалар ва ўсмирларни ҳимоялаш тўғрисидаги миллий қонунларда ва Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенцияларида, одатда, қуйидаги 6 та банд ажратиб кўрсатилади:

1) белгиланган ёшдан кичик ёшдаги шахсларни ишга қабул қилишнинг тақиқланиши;

2) болалар ва ўсмирлардан хавфли ва зарарли ишларда ёки айрим турдаги хавфли ускуналарга хизмат кўрсатишда фойдаланишнинг тақиқланиши ёки чекланиши;

3) ҳаддан ташқари оғир юкларни кўтаришда ёки бошқа жойга олиб ўтишда болалар меҳнатидан фойдаланишнинг тақиқланиши;

4) ёшлар иш куни муддатларининг чекланиши;

5) тиббий назорат белгиланиши;

6) зарур касб таълими таъминланиши.

Ўзбекистон Республикаси Халқаро меҳнат ташкилотининг 13 та Конвенцияси, шу жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 8 та асос солувчи Конвенцияларининг 7 таси, шунингдек мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларига йўл қўймаслик соҳасидаги Конвенциялари ратификация қилган бўлиб, ушбу халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган барча қоидалар миллий қонун ҳужжатларимизга имплементация қилинганлиги муҳим аҳамиятга эга. Бироқ бугунги кунда, сир эмас, вояга етмаганлар меҳнати самарали натижаларга олиб келмоқда. Бироқ бу борада камчиликлар ҳам талайгина. Мисол учун, баъзи мактаб ўқувчилари, талабалар ҳам ўқиш билан банд бўлиш лозим бўлган вақтни бозорда ва турли савдо шаҳобчаларида ўтказишмоқда. Ёки тунги ишларга ўз вақтларини сарфламоқдалар. Юқоридаги ҳуқуқий асосларга таяниб бугунги кун ёшларига берилган имтиёзларни ижобий баҳолаймиз, албатта. Бироқ ёшлар бу имкониятдан фойдалана олишаяптими? Бу масалаларни ҳал қилиш жамият ва давлат олдида турган муҳим вазифалардан бири саналади. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси «Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуннинг 2-моддаси талабларига мувофиқ, 2010 йил 15 январдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарорига мувофиқ “Вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича талаблар тўғрисидаги Низом” тасдиқланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-239сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида назарда тутилган ишга қабул қилиш учун йўл қўйиладиган энг кам ёш ўн тўрт ёшдан ўн беш ёшгача оширилди, яъни ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб ўқув юртлари ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ва маънавий ривожланишига зарар етказмайдиган, ўқув жараёнини бузмайдиган, ўқишдан бўш вақтда енгил ишларни бажариш учун – ўн беш ёшга тўлганларидан сўнг, ота-оналаридан бирининг ёки ота-она ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилиш мумкинлиги ўрнатилди. Бу чора-тадбир болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган ишлар сифатида диққатга сазовордир.

Ҳусенов Жалолиддин, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Ражабов Озоджон, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Гендер тенглик қонунлар билан мустахкамланган

Юртбошимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясидаги нутқида юртимизда гендер тенглик сиёсати устувор масалага айлангани, Парламентимизда фаолият кўрсатаётган аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайгани ҳақида сўз юритиб, юртимизда хотин-қизлар сиёсати бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида урғу бериб ўтди.

         Аслида ҳам шундай, юртимизда аёлларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

         БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенция қабул қилиниб, мазкур конвенция хотин қизлар ва эркакларнинг амалдаги тенглигига эришиш, яъни гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар томонидан ўз ҳуқуқларидан амалда фойдаланиш масалаларига боғлиқ бўлган муаммоларни аниқ-равшан белгилаган асосий ҳужжат бўлиб қолмоқда.

         Конвенцияда турли шаклда намоён бўладиган камситишларга барҳам бериш муаммоларининг долзарблиги аниқлаб берилиши билан бирга, хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқли инсон сифатида мавқеини ошириш, уларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлари, эркаклар билан тенг ҳуқуқлиги, оналик лаёқати билан боғлиқ муҳим қоидалар акс эттирилган.

         Мамлакатимизда ҳам гендер тенгликни таъминлашга оид халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни миллий қонунчиликка уйғунлаштириш орқали мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилмоқда.

         Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда 32 моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ги ЎРҚ-562-сон Қонуни қабул қилинди.

         Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган.

         Қонунда оила, оналик, оталик ва болалик давлат муҳофазасида экани, хотин-қизлар ва эркаклар оилавий муносабатлар соҳасида тенг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларга эгалиги ҳақидаги конституциявий қоида янада мустаҳкамланди.

         Оилавий муносабатлар соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун ҳуқуқ ҳамда имкониятларнинг тенглиги хотин-қизлар ва эркаклар никоҳ тузишининг ихтиёрийлиги, мажбурий ва эрта никоҳларга йўл қўйилмаслиги, эр ва хотиннинг шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тенглиги, оиланинг ички можароларини ўзаро келишув бўйича ҳал қилиш, уй меҳнатига нисбатан хотин-қизлар ва эркаклар ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларининг тенглигига асосланиши белгиланди.

         Уй меҳнати жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, у аёллар ва эркаклар томонидан тенг даражада амалга оширилиши алоҳида қоида сифатида қайд этилди.

         Агар шахс ўзини жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани, бунда жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмаслиги, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматларга ҳақ тўлаш уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қоплаб берилиши билан боғлиқ имкониятлар яратилди.

         Мамлакатимизда гендер тенглик бўйича институционал асослар ҳам кенгайтирилмоқда. Олий Мажлис Сенати таркибида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинди.

         Юртимиз аҳолисининг 49 фоизини хотин-қизлар ташкил қилиб, уларнинг қарийб 64 фоизи 30 ёшга тўлмаганини инобатга олсак, ушбу йўналишда олиб борилаётган давлат сиёсати кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири бўлмоғи керак.

         Хулоса ўрнида, мамлакатимизда гендер тенгликка эришишда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада кучайтириш, оиладаги зўравонликларни олдини олиш, шу орқали жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оилани мустаҳкамлаш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб вояга етказиш, жамият барқарорлигини таъминлашнинг гарови ҳисобланади.

Бахтиёр Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси


Пўлот Ҳамроев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси

Президент халқ қабулхонаси: қонунийлик ва адолат

Президент Халқ қабулхоналари томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган оммавий қабулларда Қашқадарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг аппеляция тартибидаги очиқ суд мажлисида ноҳақ айбланиб, жарима жазоси тайинланган 2 нафар шахсга доир иш ҳам кўриб чиқилди.

Ғузор туманида яшовчи Дилфуза Мейланованинг 8 йиллик муаммоси ечим топди. 2012 йилда уй шароитида туғилган фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмаётган аёлнинг муаммоси адлия органлари томонидан ўрганилиб, фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Оммавий қабуллар давомида 50 дан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди, 30 га яқин мурожаатчига имтиёзли кредит, 25 нафарига даволаниш учун ордер ажратилди. Эҳтиёжи бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия буюмлари топширилди.

Умумлаштириб айтганда, Қашқадарё воҳаси бўйлаб кечган жонли мулоқотлар асносида 1 минг 655 киши кўтарган 1 минг 678 та масала ўрганилиб, уларнинг 572 таси жойида ҳал этилди. 524 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, қўшимча вақт ва ўрганиш талаб қиладиган 582 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

Улар 2015 йилда тазйиқлар остида берилган гувоҳликлар, асоссиз кўрсатмалар бўйича Сурхондарё вилоят судининг ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилган. Яъни, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда, пора олиш ва беришда воситачиликни амалга оширганликда айбланиб судланган.  

Уларнинг мурожаатлари асосида олиб борилган қўшимча текширувлар, суд жараёнлари натижасида айбсизлиги ўз исботини топди ва реабилитация қилиш йўли билан оқланди.

Миришкор тумани «Айзабод» маҳалласида истиқомат қилувчи Юлдуз Нормуродова ҳам катта умидлар билан оммавий қабулга келди. Маълум бўлишича, унинг тўнғич ўғли 21 ёшида 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Айни пайтгача жазо муддатининг 6 йилини ўтаган фарзандига енгиллик беришни сўраб, Олий судга мурожаат қилди. Унинг аризаси Олий судда кассация тартибида кўриб чиқилиши аёлга умид бахш этди.

Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида юзага келган низоли ишларни кўришда имкон қадар тарафларни келиштиришга эътибор қаратилмоқда. Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармасининг даъвогар Шўртан газ-кимё мажмуаси қошидаги Қурилиш-монтаж-таъмирлаш бошқармаси унитар корхонаси манфаатини кўзлаб жавобгар “RAVON STRОY CITY” масъулияти чекланган жамиятидан 2 миллиард 878 миллион сўмдан зиёд маблағни ундириш юзасидан суд ташаббуси бўйича томонлар ўртасида низо бартараф этилиб, келишув битими тузилишига эришилди.

Хитойлик инвестор томонидан киритилган даъво аризаси эса қаноатлантирилиб, инвестор иштирокидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси фойдасига 13 миллиард 174 миллион сўмдан зиёд маблағни ундириш тўғрисида иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, инвесторнинг ҳуқуқлари тикланди.

Қарши шаҳрилик Дилафрўз Хўжамуродова уйи йўқлиги сабабли 12 йилдан буён оилавий ётоқхонада яшайди. 4 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи вафот этиб, оила ташвиши, фарзандлар тарбияси ёлғиз ўзининг зиммасига тушган аёл оммавий қабулга яшаб турган турар-жойини ўз номига расмийлаштириб беришда ёрдам сўради. Дилафрўз Хўжамуродова ҳамда оилавий ётоқхонада яшаб келаётган яна 2 нафар аёлнинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Оммавий қабуллар жараёнида Олий судга 886 та мурожаат тушган бўлса, уларнинг 278 таси жойида ҳал этилди, 280 га яқинига асослантирилган тушунтиришлар берилди. Ижро учун назоратга олинган 239 та мурожаатдан 134 таси бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилиниб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди. 18 та фуқаронинг аризаси вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриш учун қабул қилинди. 14 та мурожаат бўйича даъво аризаси биринчи инстанция судининг иш юритувига қабул қилиниб, назоратга олинди. 141 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. 29 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилди.

Оммавий қабулларда Бош прокуратурага 360 нафар фуқаро турли масалаларда мурожаат қилган бўлса, шундан 62 та масала жойида ҳал қилинди. Мурожаатларнинг асосий қисми тергов ва суриштирув, суд қарорлари ижроси, ижтимоий-иқтисодий, уй-жой, моддий ёрдам, коммунал соҳа юзасидан бўлди. Иш масаласида мурожаат қилган 21 нафар фуқаронинг 4 нафари ўзига маъқул бўлган корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилган бўлса, 17 нафари касбга ўқитишга йўналтирилди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан қабул жараёнларида 155 нафар фуқаро билан мулоқотлар ўтказилиб, улар томонидан билдирилган 49 та масала жойида ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 101 та мурожаат кўриб чиқилиши назоратга олинди.

«Кўҳна воҳа томорқа хизмати» МЧЖ раҳбари Обиджон Худойбердиев эса божхона хизмати масъулларига хориждан олиб келинган мандарин маҳсулотини ўз омборига божхона таъминлов суммасисиз туширишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Маҳсулотни сифатли сақлаш учун жамиятга қарашли омборда шароит мавжудлиги ҳисобга олиниб, мурожаат қаноатлантирилди.

Ғузор туманида яшовчи Дилфуза Мейланованинг 8 йиллик муаммоси ечим топди. 2012 йилда уй шароитида туғилган фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмаётган аёлнинг муаммоси адлия органлари томонидан ўрганилиб, фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Оммавий қабуллар давомида 50 дан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди, 30 га яқин мурожаатчига имтиёзли кредит, 25 нафарига даволаниш учун ордер ажратилди. Эҳтиёжи бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия буюмлари топширилди.

Умумлаштириб айтганда, Қашқадарё воҳаси бўйлаб кечган жонли мулоқотлар асносида 1 минг 655 киши кўтарган 1 минг 678 та масала ўрганилиб, уларнинг 572 таси жойида ҳал этилди. 524 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, қўшимча вақт ва ўрганиш талаб қиладиган 582 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

«Сўх воқеалари» бўйича барча судланувчиларнинг охирги сўзи эшитилди

Фарғонада ўтган йилнинг май ойида Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар юзасидан айбланган 22 нафар шахс устидан давом этаётган суд жараёнида бугун барча судланувчиларнинг охирги сўзи эшитилди.

Дастлабки тергов органи томонидан ушбу шахсларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) ва 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) каби жиноятларни содир этганликда айб эълон қилиниб, 9 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш ва 13 нафарига уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган. Улардан бир нафари вояга етмаган шахсдир.

2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берган.

Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён мазкур жиноят ишини кўриш ишлари давом этаётган бўлиб, суд муҳокамаси якунланмоқда.

Фарғона вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими хабарига кўра, “Сўх воқеалари”га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилиб, ишни кўришда 22 нафар судланувчи, 36 нафар жабрланувчи ва 21 нафар гувоҳлар сўроқ қилинди.

Фарғонада 1 минг 78 нафар муқаддам судланган шахс яна жиноятга қўл урган

Фарғонада судлар томонидан ўтган йилда 6 нафар фуқарога нисбатан тергов органи томонидан қўйилган ноҳақ айбловлар бекор қилиниб, уларнинг барчасига биринчи инстанция судлари оқлов ҳукмларини чиқарган.

Шунингдек, ушбу даврда 719 нафар шахсга нисбатан 470 та жиноят иши бўйича дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов ўзгартирилиб (модда тўлиқ айбловдан чиқарилган, модда қисми ёки банди чиқарилган ёки бошқа моддага малакаланиб ҳукм чиқарилган) ҳукм ўқилди.

Бу маълумотни Фарғона вилояти суди раиси Шуҳрат Камолов халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясидаги вилоятда судлар томонидан фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш борасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилда кўриладиган чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотида айтиб ўтди.

 Одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида вилоят судлари томонидан 2020 йил давомида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, ўтган йил давомида жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди ва туман (шаҳар) судлари томонидан жами 5 минг 282 нафар шахсга нисбатан  4 минг 310 та жиноят иши тамомланган.

Таҳлиллар судда кўрилган мазкур шахсларнинг 1 минг 78 нафари ёки 20,4 фоизи муқаддам судланган шахслар экани, шунингдек, жиноятлар асосан ичкиликбозлик, ишсизлик, оилавий ва қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида келиб чиқаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2020 йил 3 декабрдаги ҳукмига кўра, А.Кожанова Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 97-моддасининг 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган.

Мазкур жиноят иши бўйича судланувчининг шахсига оид маълумотлар ўрганилганида А.Кожанова муқаддам бир неча бор судланганлиги, жиноят содир қилинган вақтда вақтинча ишсиз бўлгани, никоҳи суд томонидан бекор қилинган бўлиб, 3 нафар фарзанди борлиги, Фарғона шаҳри, Юксалиш кўчаси, 84-уй, 5-хонадонда доимий рўйхатда турсада, жиноят содир этилган вақтда Фарғона шаҳри, А.Яссавий кўчаси, 40/Б-кўп қаватли уй балкони остида яшаб келгани маълум бўлди.

Бу эса, ўз навбатида, ички ишлар идоралари ходимлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида жойларда аҳоли ўртасида, хусусан, муқаддам судланганлар билан профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмаётганлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, мутасадди ташкилотлар томонидан мазкур фуқаронинг муаммоларига етарлича эътибор қаратилмаганлигидан, уни иш ва яшаш жойи билан таъминлаш чоралари кўрилмаганлигидан далолат беради.  

Skip to content