Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори амалда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.07.2020 йилдаги ПФ-6034-сон Фармони билан 2021 йил 1 январдан бошлаб маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиб, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинди.
Маъмурий судлар фаолиятини тартибга солиш мақсадида “Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги кодекс ишлаб чиқилиб, ушбу кодексга асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар Маъмурий судлар судловига тааллуқли ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Конституциямизнинг 29 йиллигига бағишланган нутқида ҳам мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилгани, улар орқали ўтган бир йил вақт давомида 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тиклангани, бу каби ислоҳотларни янада кенгайтириб, маъмурий судлар нуфузини янада ошириш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил
29 январда “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сон Қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарорнинг 5-бандининг биринчи хат бошисида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништирилишини таъминлаш белгиланган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби билан ҳамкорликда режа ишлаб чиқилди. Унга кўра манфаатдор вазирлик ва идоралар мансабдор шахслари ҳамда мутахассислари иштирокида семинар-тренинглар ўтказиш режалаштирилди.
Мазкур режага асосан дастлабки семинар-тренинг жорий йилнинг 20 апрель куни Бухоро вилоят маъмурий судида онлайн режимида ўтказилди.
Семинар-тренингда Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари ва вилоят ҳокимлиги аппарати бош юристконсульти, шунингдек, туман(шаҳар)лар ҳокими ўринбосарлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлиги аппарати бош юристконсультлари иштирок этди.
Унда 3 та маърузаларда маъмурий судларнинг фаолияти, амалий мисоллар келтирилди.
Ерни қайтариш, ер ажратиш ва бошқа масалалардаги ҳокимларнинг қарорларини бекор бўлиш сабаблари, ҳамкорлик батафсил ёритилиб берилди.
Семинар-тренинг якунида иштирокчилар томонидан саволлар берилди. Берилган саволларга ташкилотчилар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Ушбу семинар-тренинг 25 июнь кунига қадар ҳафтада икки маротаба давлат солиқ хизмати, давлат божхона хизмати, кадастр органлари, давлат хизматлари марказлари, нотариуслар, ФҲДЁ, интелектуал мулк агентлиги, монополияга қарши курашиш, мажбурий ижро бюроси ҳудудий бошқармалари, адвокатлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари иштирокида ўтказилиши белгиланган.
Ихтиёр Холов, Бухоровилоятмаъмурийсудинингсудьяси