БУХОРОЛИК ТАДБИРКОР ОҚЛАНДИ
Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг 2016 йил 01 июлдаги ҳукмига кўра, З.Тоҳиров, Ўзбекистон Республикаси ЖК 178-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.
Суднинг ҳукмига кўра, З.Тоҳиров, Бухоро тумани “Gala Osiyo Agrosaxovat Servis” МЧЖни ташкил қилиб, 2015 йил май-июнь ойларида шартнома асосида жами бўлиб 42.167 АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия Федерациясидаги “Северо-Западный торговый дом” МЧЖга етказиб бериб, улар учун тўланиши лозим бўлган хорижий валютадаги пул маблағларининг 25 фоизини, яъни 10.541,75 АҚШ долларини банк муассасасига ўтказмасдан қасддан яширишда айбланган.
Дастлабки тергов ва судда сўроқ қилинган З.Тоҳиров, шартнома асосида 2015 йил май ойида жами 19.811 АҚШ долларга тенг помидор маҳсулотларини Россия Федерациясига олиб чиқмоқчи бўлганлигини, аммо Миллий банк Бухоро филиали томонидан валюта ҳисоб рақами ўз вақтида очилмаганлиги сабабли оворагарчилик натижасида етти кун қолиб кетганлигини, божхонада ҳам беш кун оввора бўлганлигини, шундан сўнг ушбу маҳсулотни Санкт-Петербург шаҳрига етказиб берганлигини, бу орада 2015 йил 10 июнда тузилган қўшимча шартномага асосан 22.356 АҚШ долларига тенг миқдорда помидор ва бақлажон маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганлигини, шартномада кўрсатилган
42.167 АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини
Санкт-Петербург шаҳрига етказиб берган бўлсада, аммо йўлда кўп оввора бўлиши ва ушланиб қолиши натижасида маҳсулотларнинг сифати бузилганлигини, харидор ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олмаганлиги ва ушбу маҳсулот учун маблағ келиб тушмаганлиги, бунинг оқибатида зарар кўрганлиги, натижада чет эл валютасини ваколатли банк муассасасига мажбурий тартибда сота олмаганлигини, экспортга юборилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини банк кредити ҳисобига сотиб олинганлигини билдирган.
Жиноят ишига “СОЭКС-НЕВА” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2015 йил 25 июнь куни ўтказилган эксперт хулосаси тақдим қилинган бўлиб, унга биноан “Gala Osiyo Agrosaxovat Servis” МЧЖ ва “Северо-Западный торговый дом” МЧЖ ўртасида тузилган шартномаларга биноан етказилиши лозим бўлган помидор ва бақлажон маҳсулотлари давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги ва истеъмолга яроқсизлиги аниқланган.
Қонуннинг мазмунига кўра, чет эл валютасини яшириш қасддан содир қилинадиган жиноятлар турига кириб, шахсни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 178-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун чет эл валютасини яширишга қаратилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир қилинганлиги исботланиши лозим.
Ўз навбатида ҳар қандай қасддан содир қилинадиган жиноятларда шахс унга қонун билан юклатилган вазифаларни унинг эрки, иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда бажара олмаса, мазкур ҳолатлар жавобгарликка сабаб бўлмайди.
Жиноят иши бўйича З.Тоҳировнинг чет эл валютасини яширишга қаратилган қасддан ҳаракатлар содир қилганлиги, чунончи Россия Федерациясига етказилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб, улардан тушган валютани махсус ҳисоб рақамига ўтказмасдан яшириб қолганлиги тасдиқланмаган. Аксинча, З.Тоҳировнинг четга етказиб берилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз бўлиб қолганлиги боис, уларни сота олмаганлиги, бунинг натижасида маблағ келиб тушмаганлиги сабабли, унга боғлиқ бўлмаган объектив сабабларга кўра махсус ҳисоб рақамига чет эл валютасини ўтказа олмаганлиги аниқланган.
Қайд этилганларга асосан, Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, биринчи босқич судининг айблов ҳукмини бекор қилиб, З.Тоҳировга нисбатан оқлов ҳукми чиқарди.
Суръат Найимов, Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг раиси
Рахимжон Қаноатов, Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг девонхона мудири