ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ДАРОМАД СОЛИҒИ

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ тўловчилари деб (бундан буён матнда солиқ тўловчилар деб юритилади) қуйидагилар эътироф этилади:

1) Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган жисмоний шахслар;

2) Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан даромад олувчи Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган жисмоний шахслар.

Солиқ тўловчининг жами даромади жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг (бундан кейин матнда солиқ деб юритилади) солиқ солиш объекти деб ҳисобланади.

Солик Кодексининг 392-моддасида белгиланган тартибда солиқни қатъий белгиланган миқдорда тўлаш хоҳишини билдирган якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиққа тортиш объекти бўлиб амалга оширилаётган фаолият турини тавсифловчи физик кўрсаткичлар ҳисобланади.

Солиқ базаси қуйидагилар ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган жисмоний шахслар учун — ушбу бўлимда назарда тутилган солиқ имтиёзларини ҳисобга олган ҳолдаги жами даромадлари;

2) Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган жисмоний шахслар учун — ушбу бўлимда назарда тутилган солиқ имтиёзлари қўлланмаган ҳолдаги жами даромадлари.

Солиқ базасини аниқлашда солиқ тўловчининг ҳам пул шаклида, ҳам натура шаклида олган даромадлари ёки даромадларни тасарруф этиш учун юзага келган ҳуқуқлари, шунингдек моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобга олинади. Бунда солиқ тўловчининг алоҳида турдаги даромадлари ушбу бўлимда белгиланган шартларда ва тартибда жами даромад таркибида ҳисобга олиниши ёки ҳисобга олинмаслиги мумкин.

Солиқ тўловчининг чет эл валютасида ифодаланган даромадлари, ҳақиқатда даромадлар олинган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича миллий валютага қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Турли солиқ ставкалари бўйича солинадиган солиқ базаси алоҳида аниқланади.

Солиқ базаси, агар ушбу Кодексда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ даври бошидан эътиборан ўсиб борувчи якун билан аниқланади.

Солиқ базаси назорат қилинадиган чет эл компанияларининг ушбу Кодекснинг VII бўлимига ва 208-моддасига мувофиқ аниқланадиган йиғма фойдасини ҳам ўз ичига олади.

Солиқ базасига ушбу бўлимда белгиланган ҳолларда ва тартибда тузатиш киритилади.

Ушбу Кодекснинг VI бўлимида назарда тутилган ҳолларда солиқ тўловчининг даромадларига ушбу Кодекснинг 20-бобида назарда тутилган тартибда тузатиш киритилади.

Агар солиқ тўловчининг даромадидан унинг ўз фармойишига, суднинг ёки бошқа органлар ва ташкилотларнинг қарорига кўра ушлаб қолишлар амалга оширилса, бундай ушлаб қолишлар солиқ базасини камайтирмайди.

Даромад олинган сана

Ушбу бўлимнинг мақсадида даромад олинган сана қуйидагича аниқланади:

1) даромадни тўлаш куни, шу жумладан даромадни солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақларига ўтказиш ёки даромадлар пул шаклида олинганда — даромадни солиқ тўловчининг топшириғига кўра учинчи шахсларнинг ҳисобварақларига ўтказиш куни;

2) даромадлар натура шаклида олинганда — даромадларни натура шаклида бериш куни;

3) даромадлар моддий наф тарзида олинганда — товарларни (хизматларни), қимматли қоғозларни сотиб олиш куни. Агар сотиб олинган қимматли қоғозларга ҳақ тўлаш ушбу қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқи солиқ тўловчига ўтганидан кейин амалга оширилса, даромаднинг ҳақиқатда олинган санаси сотиб олинган қимматли қоғозларнинг қийматига тегишли тўловни тўлаш куни сифатида аниқланади;

4) бир турдаги қарама-қарши талабларни ҳисобга олиш куни;

5) белгиланган тартибда солиқ агенти томонидан умидсиз қарз ҳисобдан чиқарилган кун;

6) ходим сафардан қайтганидан кейин бўнак ҳисобот тасдиқланган ойнинг охирги куни.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромад олинганда бундай даромаднинг олинган санаси деб, солиқ тўловчига меҳнат шартномаси (контракти) асосида меҳнат мажбуриятларини бажарганлиги учун, унга даромадлар ҳисобланган ойнинг охирги куни эътироф этилади, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган иш қидириш даврига компенсация тўланган сана эътироф этилади.

Календарь ой тугагунига қадар меҳнат муносабатлари бекор қилинган тақдирда, солиқ тўловчи томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олинган даромаднинг ҳақиқатда олинган санаси деб унга даромад ҳисобланган охирги иш куни эътироф этилади.

Назорат қилинадиган чет эл компанияси фойдасининг суммаси тарзидаги даромадлар учун даромаднинг ҳақиқатда олинган куни деб чет эл компанияси ёки тузилмаси рўйхатдан ўтказилган мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ молия йили учун молиявий ҳисобот тузиладиган даврнинг тугалланиш санаси тўғри келадиган календарь йилдан кейинги солиқ бўйича солиқ даврининг охирги санаси эътироф этилади.

Назорат қилинадиган чет эл компанияси рўйхатдан ўтказилган мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этиш мажбуриятлари мавжуд бўлмаган тақдирда, бундай компания фойдасининг суммаси тарзидаги даромаднинг ҳақиқатда олинган санаси деб фойда аниқланадиган календарь йилидан кейинги календарь йилнинг охирги куни эътироф этилади.

[ОКОЗ:

1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.10.00.00 Умумдавлат солиқлари / 07.10.02.00 Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи / 07.10.02.02 Жисмоний шахсларнинг йиллик жами даромади]

Жами даромад

Агар ушбу бўлимда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, жами даромад солиқ тўловчи томонидан ҳисобот (солиқ) даври давомида олинган қуйидаги даромадлардан ташкил топади:

1) Ўзбекистон Республикасининг резидентлари учун — Ўзбекистон Республикасидаги ва унинг ташқарисидаги манбалардан олинган даромадлардан;

2) Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари учун — Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадлардан.

Қуйидагилар жами даромадга киради:

1) ушбу Кодекснинг 371-моддасига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар;

2) ушбу Кодекснинг 375-моддасига мувофиқ мулкий даромадлар;

3) ушбу Кодекснинг 376-моддасига мувофиқ моддий наф тарзидаги даромадлар;

4) ушбу Кодекснинг 377-моддасига мувофиқ бошқа даромадлар.

372-модда. Рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар

Рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар жумласига қуйидагилар киради:

1) йиллик иш якунлари бўйича пул мукофоти;

2) юридик шахснинг мукофотлаш тўғрисидаги низомида назарда тутилган рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар;

3) касб маҳорати, мураббийлик учун тариф ставкаларига ва маошларга устамалар;

4) таътилга қўшимча ҳақлар ҳамда ушбу Кодекс 377-моддасининг 10-бандида кўрсатилмаган моддий ёрдам;

5) кўп йил ишлаганлик учун пул мукофоти ва тўловлар;

6) рационализаторлик таклифи учун тўлов;

7) меҳнат натижалари билан боғлиқ бўлмаган бир йўла бериладиган мукофотлар.

373-модда. Компенсация тўловлари (компенсация)

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадга киритиладиган компенсация тўловлари (компенсациялар) жумласига қуйидагилар киради:

1) табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойлардаги ишлар билан боғлиқ қўшимча тўловлар (иш стажи учун устамалар, баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун белгиланган коэффициентлар бўйича тўловлар). Бунда юридик шахслар ходимларининг чўл ва сувсиз жойларда, баланд тоғли ва табиий-иқлим шароити ноқулай ҳудудларда ишлаганлик учун иш ҳақига коэффициентлар ҳисоблашнинг энг юқори суммасини аниқлаш ҳисоблаш санасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдорида белгиланади;

2) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган касблар ва ишлар рўйхати бўйича оғир, зарарли, ўта зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун устамалар, шу жумладан шундай шароитлардаги узлуксиз иш стажи учун иш ҳақига устамалар;

3) технологик жараён жадвалида назарда тутилган тунги вақтда, иш вақтидан ташқари, дам олиш кунларида ва байрам (ишланмайдиган) кунларида ишлаганлик учун тариф ставкаларига ҳамда маошларга устамалар ва қўшимча тўловлар;

4) кўп сменали режимда ишлаганлик, шунингдек бир неча касбда, лавозимда ишлаганлик, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги, ўзининг асосий иши билан бир қаторда ишда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун устамалар;

5) доимий иши йўлда кечадиган, ҳаракатланиш ва (ёки) қатнов тусига эга бўлган ходимларнинг, шунингдек доимий иши ишларнинг вахта усулида бажарилишини назарда тутадиган ходимларнинг иш ҳақига қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқча тўланадиган устамалар;

6) иш берувчи жойлашган ердан (йиғилиш пунктидан) ишлаш жойигача бориш ва у ердан қайтиш учун вахтада ишлаш жадвалида назарда тутилган ишлар вахта усулида бажарилган ҳолда йўлга кетадиган кунлар, шунингдек ходимлар метеорологик шароитлар сабабли ва транспорт ташкилотларининг айби билан йўлда ушланиб қолган кунлар учун тариф ставкаси ёки маош миқдорида тўланадиган суммалар;

7) ер ости ишларида доимий банд бўлган ходимларга уларнинг стволдан ишлаш жойига бориш ва у ердан қайтиш учун шахтада (конда) ҳаракатланишининг меъёрий вақти учун тўланадиган қўшимча ҳақлар;

8) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқча дала таъминоти;

9) хизмат сафарлари вақтида қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқча кундалик харажатлар учун ҳақ (суткалик пуллар);

10) ишлар вахта усулида ташкил этилганда, иш вақти умумлаштирилган ҳолда ҳисобга олинаётганда ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда ходимларга иш вақтининг белгиланган давомийлигидан ортиқ ишлаганлиги муносабати билан бериладиган дам олиш кунлари (отгуллар) учун тўловлар;

11) хизмат сафарлари учун ходимнинг шахсий автомобилидан ёки хизмат мақсадлари учун унинг бошқа мол-мулкидан қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқча фойдаланганлик учун тўловлар;

12) меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш учун ушбу Кодекс 369-моддаси иккинчи қисмининг 10-бандида кўрсатилган миқдорлардан ортиқча олинган суммалар;

13) озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қиймати ёки озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қийматини қоплаш.

375-модда. Мулкий даромадлар

Мулкий даромадлар таркибига қуйидагилар киради:

1) фоизлар;

2) дивидендлар;

3) мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар;

4) солиқ тўловчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар. Мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мазкур қийматни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса – кадастр қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ даромад деб эътироф этилади;

5) саноат мулки объектларига, селекция ютуғига оид патент (лицензия) эгаси бўлган солиқ тўловчининг патентдан бошқа шахс фойдасига воз кечганда ёки лицензия шартномаси тузганда олган даромади;

6) роялти;

7) ишончли бошқарувга берилган мол-мулк бўйича ишончли бошқарувчидан олинган даромад;

8) ушбу Кодекснинг 324-моддасида назарда тутилган тартибда аниқланадиган РЕПО операциялари бўйича даромад;

9) ушбу Кодекснинг 327 — 329-моддаларида назарда тутилган тартибда аниқланадиган, қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг ҳосила молиявий воситалари билан операциялар бўйича даромад;

10) ушбу Кодекснинг VII бўлимида белгиланган ҳолларда ва тартибда назорат қилинадиган чет эл компаниясининг фойда тарзидаги даромади;

11) ушбу Кодекснинг 319-моддасига мувофиқ аниқланадиган, оддий ширкат шартномасига (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага) мувофиқ иштирок этишдан олинган даромадлар;

12) ушбу модданинг 1 — 11-бандларида кўрсатилмаган мулкий хусусиятга эга бошқа даромадлар.

Ражабов Озоджон, Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси