Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаати соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниши
Ҳозирги глобаллашув шароитида маълум бир дунё мамлакатининг бошқарув тизими, унинг халқаро майдондаги ўрни, бошқа давлатларнинг ушбу мамлакатга муносабати айни мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашда мурожаатлар билан ишлаш тизими, яъни фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига мурожаат қилиш ҳуқуқининг қонунларда акс этиши ва унинг ижросининг таъминланиши билан белгиланади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бу давлат ишларини бевосита бошқариш шакли ҳамда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар томонидан амалга ошириладиган давлат бошқарувини назорат қилиш усулларидан биридир.
Мурожаат қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида, яъни халқ ҳокимиятчилиги принципининг муҳим қоидаларидан бири сифатида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Конституциямиздаги мазкур моддада белгиланган ҳуқуқнинг таъминланиши кафолатлари кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатларда ўз аксини топган. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаати соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган.
Ҳозирда мурожаатларнинг келиб тушиш статистикаси шуни кўрсатадики, 2019 йилда вазирлик ва идоралар томонидан 170422 та мурожаат қабул қилинган бўлиб, 2020 йилда уларнинг сони 187345 тани ташкил этган. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири борлиги ҳаммамизга маълум.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари натижасида ҳар йили ўз ечимини топмаётган масалалар бўй ича й ирик лой иҳалар ва давлат дастурлари қабул қилинмоқда.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва ижрони назорат қилиш бўлимининг 2019 йилда келиб тушган мурожаатлар бўйича якуний таҳллиллари натижасида табиий офатлар бўйича етказилган зарарларни тўлашнинг аниқ-конкрет механизмини йўлга қўйиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш таклифи маъқулланиб, масала 2020 йилги Давлат дастурига киритилди ҳамда бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони тасдиқланди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб олиб борилган тизимли саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Табиий офатлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2020 йил
25 ноябрдаги 747-сон қарори қабул қилинди.
Келгусида бу норматив-ҳуқуқий ҳужжат орқали табиий офатлар натижасида зарар кўрган аҳоли, хусусан, жисмоний ва юридик шахслар ўзларига етказилган зарарларни қоплаш юзасидан мурожаатларига муносиб ечим топилади.
Демак, амалда олиб борилаётган мурожаатларнинг таҳлиллари ва уларнинг самарали натижалари аҳолини бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоли масалаларнинг ечимини топишда, аҳолини оғирини енгил қилишда, халқни рози қилишида муҳим омил бўлаётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Шу билан бирга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини амалиётга татбиқ этиш борасида, бугунги амалиётдан келиб чиқиб, мурожаатлар билан ишлаш тизимида қуйидаги камчиликларни кўрсатиб ўтиш мумкин:
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияларини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил 27 октябрдаги
880-сонли қарорида, лицензияловчи орган томонидан лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси ва барча зарур ҳужжатлар олинган кундан бошлаб йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади деб кўрсатилган.
Бироқ, шу мазмунда мурожаатлар келиб тушса 15 кунлик муддатда ўрганилиши амалиёти белгиланиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 14 майдаги ПФ-5718-сон Фармонида,
7 кун муддатда ваколатли органларнинг биринчи раҳбарлари қабулхона топшириғини кўриб чиқадилар ҳамда натижалари ва қабул қилинган қарорлар тўғрисида Қабулхонага ёзма равишда ахборот берадилар деб кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали тадбиркорларнинг электрон ва ёзма мурожаатлари 15 кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари орқали ёки “business.gov.uz” электрон тизими орқали келиб тушаётган тадбиркорларнинг мурожаатлари 7 кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Бош прокуратуранинг Ишонч телефони, Ёшлар, хотин-қизлар бўйича ва бошқа алоҳида қабулхоналарнинг мавжудлиги мурожаатлар билан ишлашда ягона бир тизимли маълумотлар базасининг мавжуд эмаслиги, мурожаатларни вазирлик ва идоралар, мансабдор шахслар томонидан ўз вақтида ва сифатли ўрганиб чиқилиши, уларни таҳлил қилиш имкониятини чеклаб келмоқда, бир фуқаро айнан бир масалада қайд этилган бир неча қабулхоналарга мурожаат қилиши, якуни бўйича масаланинг ечимини топа олмаслиги, ҳар хил муддатларда жавоабларни олиши тегишли давлат органларига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқармоқда.
Учинчидан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 35-моддасида, мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган маълумотномалар (шарҳлар) тегишли давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши белгиланган бўлсада, ҳозирги кунда қонуннинг мазкур талаби ҳам лозим даражада бажарилмасдан қолмоқда.
Тўртинчидан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасида, мурожаатлар муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги кафолатлари белгиланган бўлиб, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, маълумотларнинг ва агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, давлат органлари, ташкилотлар ходимлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмаслиги, жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги белгиланган бўлсада, мурожаатлар билан боғлиқ масалалар, сайёр қабуллар, уйма-уй юриб ўрганишларда аксарият ҳолларда мурожаатдаги масалалар ижобий ҳал этилганидан сўнг оммавий ахборот воситалари орқали уларнинг розилиги олинмасдан намойиш этиб келинмоқда.
Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-моддасида, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик – мансабдор шахсларга нисбатан жазо қўллаш масаласи белгиланган.
Мисол тарқиасида бу қонун талаблари ҳокимликда бузилса туман ҳокими ёки унинг ўринбосари, вилоят ҳокимлигида эса вилоят ҳокими ёки унинг ўринбосари жавобгарликка тортилиши лозим, ваҳоланки мурожаатларни ўрганган шахс бошқа ҳокимлик ходими бўлиб, ходим бу қонун талабларини қасддан бузиши ҳам мумкин, раҳбар ёки унинг ўринбосари бошқа ходимларнинг ҳаракати учун жавобгар бўлиши мантиқан нотўғри. Юқорида билдирилган барча фикр ва мулоҳазаларимизга хулоса қиладиган бўлсак, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, қонун нормаларини амалиётга татбиқ этиш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, соҳага ахборот-технологияларини жалб этишни янада замонавийлаштириш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали кўзланган мақсадга эшириш мумкин.
Салохитдин Турсунов, Бухоро вилоят маъмурий судининг раиси