МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИДА ХОДИМ ҲУҚУҚЛАРИ

Баъзан танишлар ёки яқинлардан «бошлиғим менга аризангизни ёзинг, сиз ишдан бўшадингиз деди» қабилидаги сўзларни эшитиб қоламиз. Ўз-ўзидан савол туғилади: «Меҳнат жамоасида намунали хулқи билан ажралиб турган, белгиланган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажараётган, ҳамкасблари орасида обрў-эътиборга эга, мутахассислиги бўйича лавозимига лойиқ бўлган шахсни бошлиқ ҳеч бир сабабсиз ишдан бўшатиб юбориши мумкинми?»

Хўш, биз ўзимизнинг меҳнат ҳуқуқларимизни қанчалик даражада биламиз: «бошлиқ», яъни иш берувчининг ҳаракатлари асослими, аризани мажбурлаб ёздириш мумкинми, «ишдан бўшаётган шахс», яъни ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қай тарзда ҳимоя қилинади ва бу борада амалдаги қонунчиликда қандай кафолатлар назарда тутилган?

Меҳнат муносабатлари иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси асосида вужудга келади. Меҳнат шартномасида ҳар иккала томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилади. Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат муносабатларининг тугатилишига асос бўлади. Меҳнат муносабатларини у ёки бу асос бўйича бекор қилиш масаласини кўриб чиқишда меҳнат шартномаси кимнинг ташаббуси билан бекор қилинганини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.

Меҳнат шартномасини тарафлардан бирининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари Меҳнат кодексининг 100-моддасида (иш берувчининг ташаббуси) ва 99-моддасида (ходимнинг ташаббуси) белгилаб қўйилган. Улар бир-биридан ўзининг алоҳида хусусиятлари билан фарқланади. Қуйида биз меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ҳар иккала асоси билан танишиб чиқамиз.

Ходимнинг ташаббуси – «ишдан бўшаётган шахс аризаси» билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?

Биз, биринчи навбатда, меҳнат шартномасини ходим ташаббуси билан бекор қилишнинг қонуний тартиб-таомилларини аниқлаштириб оламиз. Ходимнинг «ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш» сабаблари турлича бўлиши мумкин. Масалан: мансаб пиллапоясида ўсиш имконияти, юқорироқ ҳақ тўланадиган бошқа ишга ўтиш, ходимнинг бажараётган ишидан қониқмаслиги ёки унинг жамоага киришиб кетолмагани, доимий яшаш учун бошқа жойга кўчиш, ўқишга кириш, пенсияга чиқиш ва ҳоказолар.

Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш таомили Меҳнат кодексининг 99-моддасида аниқ ва қатъий белгилаб берилган. Унга кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақли.

Бундан кўриниб турибдики, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ёки муддатли меҳнат шартномасини хоҳлаган пайтда бекор қилиши мумкин.

Ходим ўз аризасида меҳнат шартномасини бекор қилиш сабабини кўрсатиши керакми?

Ходим бирор сабаб кўрсатиб ёки ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Фақатгина ходим ўз нияти ҳақида иш берувчини икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириши талаб этилади ва бу мажбурий ҳисобланади. Огоҳлантириш муддати тугаганидан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан белгиланган икки ҳафталик муддатни қисқартирган ҳолда бекор қилиниши мумкинми?

Қонунда қисқартирилган муддатлар назарда тутилмаган. Бироқ Меҳнат кодексининг 99-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин. Бундан кўриниб турибдики, иш берувчи ва ходим ўзаро келишсалар, икки ҳафта ўтишини кутиб туриш шарт эмас. Аризанинг матнида ходим меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраётган аниқ сана кўрсатилади.

Қонунда белгиланган икки ҳафталик муддат ёки ўзаро келишиб олинган муддат ичида ходим ўз аризаси қайтариб олишга ҳақлими?

Мазкур вазиятда қонунчилик ўзида ходим манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаб қўйган. Қонунда белгиланган ёки ходим ва иш берувчи келишувига кўра қисқартирилган огоҳлантириш муддати давомида ходим меҳнат шартномаси тугатилгани ҳақида буйруқ чиқарилган бўлишидан қатъи назар, аризасини қайтариб олишга ҳақли. Ходимнинг ўрнига бошқасининг таклиф этилгани унга аризасини қайтариб олишни рад қилишга асос бўлмайди, чунки иш берувчи фақат аввалги ходим ўртасидаги меҳнат шартномасини бекор қилганидан кейингина бу иш (лавозим)га бошқа ходимни таклиф қилишга ҳақли.

Мисол: 2017 йил 30 майда ходим раҳбарга меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра 2017 йил 1 июндан бекор қилиш ҳақида ариза билан мурожаат қилди. Корхона раҳбари ходим қонунда белгиланган икки ҳафтани ишлаб бериши керак деб ҳисоблаган ҳолда у билан меҳнат шартномасини фақат 2017 йил 13 июнда бекор қилиши мумкинлигини айтди. Ходим бунга рози бўлди ва меҳнат шартномасини иш берувчи томонидан белгиланган муддатда бекор қилиш ҳақида янги ариза ёзди. Аммо огоҳлантириш муддати давомида ходим ўз қарорини ўзгартирди ва 2017 йил 12 июнда берган аризасини қайтариб олди. Бу вазиятда иш берувчи Меҳнат кодексининг 99-моддасида белгилаб қўйилган тартибда ходимнинг ишдан бўшаш тўғрисида ёзган аризаси асосида у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас. Чунки икки ҳафталик муддат тамом бўлмаган.

Иш берувчи ходимдан икки ҳафталик огоҳлантириш муддати давомида ишлаб беришни талаб қилиши ва у билан тузилган шартномани бекор қилишни рад этишга ҳақлими?

Албатта, иш берувчи, агар унинг бунга асоси бўлса, меҳнат шартномасини қонунда белгиланган икки ҳафталик огоҳлантириш муддатидан аввал бекор қилишни рад этишга ҳақли. Бу вазиятда ходим тўлиқ икки ҳафта иш берувчи учун ишлаб бериши керак. Зеро, бу вақтда иш берувчи мазкур ходим ўрнига янги номзод топиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширади.

Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?

Юқорида таҳлил қилганимиздек, ходим бирор сабаб кўрсатиб ёки ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли ҳисобланади. Бироқ бу ҳуқуқ иш берувчига тегишли эмас.

Меҳнат кодексининг 100-моддасига биноан қуйидаги сабаблардан бирининг мавжудлиги иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканини билдиради:

1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани;­

2) ходимнинг малакаси етарли бўлмагани ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;

3) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузгани. Аввал меҳнат вазифаларини бузгани учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан такроран интизомга хилоф ножўя ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади;

4) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузгани.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати ички меҳнат тартиби қоидалари; корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси; айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставлар билан белгиланади.

Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бузиши қўпол тусга эгалиги ёки эга эмаслиги ҳар бир муайян ҳолда содир қилинган ножўя ҳаракатнинг оғир-енгиллигига ҳамда бундай бузиш туфайли келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларга қараб ҳал этилади;

5) ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек, меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилингани;

6) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилингани;

7) ходимнинг пенсия ёшига тўлгани, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан фақат юқорида кўрсатилган 7 та асосга кўра бекор қилиниши мумкин. Бошқа асосларга кўра иш берувчи ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас. Амалиётда иш берувчи юқоридаги асослар мавжуд бўлмаган ҳолда ходим билан бирор бир келишмовчиликка дуч келиб қолса, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг «осон йўли» – яъни ходимнинг ишдан «ўз аризаси билан» кетиши кераклигини талаб қилади. Бу — қонунга хилоф.

Ходим ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани ўз хоҳиши билан эмас, балки иш берувчининг қистови билан ёзган бўлса, ўз ишига тикланиши мумкинми?

Ҳа, албатта. Меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади. Судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида бергани тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширишлари лозим (Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги 12-қарорининг 15-банди).

Агар ариза иш берувчининг қистови билан ходимнинг ихтиёрига зид равишда ёзилган бўлса ва буни ходим исботлаб бера олса, меҳнат шартномасини бекор қилиш ғайриқонуний деб топилади ҳамда ходим суд томонидан аввалги ишига тикланади. Ишга тиклаш ҳақидаги низо бўйича ариза ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқ нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида бевосита судга берилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, меҳнат ва технология интизоми, ички меҳнат тартиби қоидалари, уставлар ва интизом тўғрисидаги қоидаларга риоя қилиш, иш берувчининг қонуний фармойишларини бажариш, меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитарияси талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя қилиш ходимнинг меҳнат муносабатларидаги мажбуриятларига киради. Агар ходим белгиланган тартибда ўзининг меҳнат вазифаларини бажарадиган бўлса, унга нисбатан иш берувчи бирор бир ножўя хатти-ҳаракат содир этишга ҳақли эмас. Ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинади.

Жалол Садиров, Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси