Мулк ҳуқуқига эгалик қилиш тартиби ва соҳада учраётган муаммолар
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва баб-баравар муҳофаза қилиниши ҳамда мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши белгиланган. Иқтисодий ҳаётнинг асосини ташкил этувчи мулк – ишлаб чиқариш воситаларини ва меҳнатнинг барча маҳсулотларини ўзлаштириш жиҳатидан кишилар ўртасидаги муносабат ҳисобланиб, бу муносабатлар синфлар ва ижтимоий гуруҳларнинг ишлаб чиқариш негизида тутган ўрнини, моддий неъматларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш усулини характерлайди. Мулкий муносабатлар ашёвий муносабатлар тарзида юридик жиҳатдан бошқарилгач ёки расмийлаштирилган ҳолатдан кейин улар мулк ҳуқуқи формасини олади.
Шу ўринда, мулк ўзи нима?- деган саволга жавоб бериб кетсак.
Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз
манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир, яъни мулк эгаси ўзига тегишли бўлган мулкдан абадий фойдаланиши, ўзининг мулк ҳуқуқини хоҳлаган вақтда тасарруф этиши мумкин. Ҳеч ким мулкдорга ўз мулкини эгаллаб туриш, ундан фойдаланиш ва уни тассарруф этиш учун муддат белгилаш ҳуқуқига эга эмас. Мулкка бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди.
Ўзбекистон Республикасида мулк хусусий мулк ва оммавий мулк шаклларига эга бўлиб, унинг субъектлари фуқаролар, юридик шахслар ва давлат ҳисобланади. Мулкнинг объектлари бўлиб, ер, ер ости бойликлари, сувлар, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар, корхоналар, ашёлар, шу жумладан бинолар, квартиралар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, хом ашё ва маҳсулот, пул, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулклар ҳамда интеллектуал мулклар ҳисобланади.
Мулк ҳуқуқи меҳнат фаолияти, тадбиркорлик фаолияти, мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, давлат мулкини хусусийлаштириш, мерос қилиб олиш ва бошқа қонун ҳужжатларига зид бўлмаган асосларда вужудга келади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва баб-баравар муҳофаза қилиниши ҳамда мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши белгиланган.
Иқтисодий ҳаётнинг асосини ташкил этувчи мулк – ишлаб чиқариш воситаларини ва меҳнатнинг барча маҳсулотларини ўзлаштириш жиҳатидан кишилар ўртасидаги муносабат ҳисобланиб, бу муносабатлар синфлар ва ижтимоий гуруҳларнинг ишлаб чиқариш негизида тутган ўрнини, моддий неъматларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш усулини характерлайди. Мулкий муносабатлар ашёвий муносабатлар тарзида юридик жиҳатдан бошқарилгач ёки расмийлаштирилган ҳолатдан кейин улар мулк ҳуқуқи формасини олади.
Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган мол-мулк кўчар мулк ҳисобланади. Кўчар мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди, қонунда назарда тутилган (автомототранспорт воситалари, тракторлар, тиркамалар) ҳоллар бундан мустасно.
Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда шундай мулк шакллари борки, уларни бошқаришва тасарруф қилишда бошқа мулкдорларнинг розилиги талаб этилади.
Жумладан, улушли мулк (масъулияти чекланган жамиятлар, акциядорлик жамиятлари ёки эр-хотининг биргаликдаги турмуши давомида ортирилган мулклар ва ҳаказо). Икки ёки ундан ортиқ шахснинг эгалигида бўлган мол-мулк уларга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.
Мазкур мулкни яхшилаш, кўпайтириш ва бошқа хўжалик юритуви билан боғлиқ харажатларни сотиш, ҳадя қилиш, айирбошлаш ва ҳаказоларни амалга оширилишида, бошқа мулкдорларнинг розилиги талаб этилади.
Бугунги кунга келиб, фуқаролар ўртасида автотранспорт воситаларини олди-сотди жараёнида кўплаб кузатилаётган ҳолат шуки, мулк эгаси ўз кўчар мулкини яьни автомобилини нотариал тасдиқланган ишончнома орқали бошқа шахсга фойдаланиш, тасарруф этиш ва сотиш ҳуқуқи билан бермоқда. Бу эса амалиётда кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 47-моддасида нотариуслар бир ёки бир неча шахс номидан бир ёки бир неча шахс номига ёзилган ишончномаларни тасдиқлайди. Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома шундай ишониб топшириш ҳуқуқи кўрсатиб қўйилган асосий ишончнома тақдим этилганидан кейин ёки асосий ишончнома бўйича вакил ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун вазият тақозоси билан шундай иш тутишга мажбур бўлганлиги ҳақида далиллар тақдим этганидан кейин нотариал тасдиқланиши керак. Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома асосий ишончнома бўйича берилганидан кўпроқ ҳуқуқни қамраб олмаслиги керак. Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончноманинг амал қилиш муддати бу ишончномани беришга асос бўлган асосий ишончноманинг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас”, деб белгиланган. “Нотариуслар томонидан айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги маьмурий регламентларни тасдиқлаш ҳақида Ўзбекистон Респуликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 й ил 18 ноябрдаги 726-сонли қарорига кўра нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг 16-бобида битим вакил томонидан тузилган тақдирда, унинг ваколати текширилади. Вакилнинг ваколати унинг номига берилган ишончнома ва (ёки) ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳ.к.) билан тасдиқланади. Нотариал тасдиқланган ишончноманинг бекор бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақидаги маълумот тизим орқали текширилади.
9-бобида битимни тасдиқлаш учун тўловларни амалга ошириш тартиби белгиланган. Яьни битимни тасдиқлашда нотариус томонидан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг миқдорларига асосан давлат божи ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий
ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловлар миқдорлари доирасида ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ ундирилади. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида давлат божи турлари белгиланган. Давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.
5-моддасида ундириш объектлари нотариуслар ва Ўзбекистон Республикасининг консуллари томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундирилади, деб белгиланган. “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида айнан шу каби жараёнлар учун давлат божи ставкаларининг миқдори белгиланган. Хусусан, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф қилиш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни ва автомототранспорт воситаларидан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун мулкдорнинг хотинига (эрига), унинг ва хотинининг (эрининг) ота-онасига, болаларига ва уларнинг эрига ёки хотинига, набираларига, бувиларига, буваларига, ака-укалари ва опа-сингилларига, жиянларига БҲМнинг 50 фоизи миқдорида, бошқа шахсларга БҲМнинг 3 баравари миқдорида тўланади. Фуқаролик ҳуқуқи нормаларида агар умумий мулкдорлардан бири мулкни яхшилаш учун қилаётган харажатларини бошқа мулкдорнинг розилигисиз амалга оширган тақдирда, бошқа мулкдор (қилинган сарф мулкни яхшилаш учун сарфланган бўлса ҳам) сарфланган пул маблағи учун хисса қўшиш мажбуриятини олмайди ва мулкни яхшилаш учун сарф қилган мулкдор (розилик олмаган) да бошқа мулкдорлардан талаб қилиш ҳуқуқини келтириб чиқармайди. Давлат мулк шаклларини ривожлантириш мақсадида мулк ҳуқуқи субъектлари ҳуқуқларининг тенглигини таъминлайди ва унинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Мулкка нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари мавжуд бўлиб, улар нимани англатади?
Эгалик қилиш ҳуқуқи – мулкдорнинг ўз мулкига жисмонан, моддий ва ҳуқуқий жиҳатдан эгалик қилиниши кўзда тутилади.
Фойдаланиш ҳуқуқи – жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз мулкининг фойдали жиҳатлари, хусусиятларидан турли эҳтиёжларнинг (шахсий ёки ишлаб чиқариш билан боғлиқ эҳтиёжларини) қондириш билан боғлиқ фаолиятини белгиловчи ҳуқуқлар бўлиб, мол-мулк эгасининг ҳуқуқларидан бири, бойлик ва мол-мулкдан белгиланган тартибда фойдаланишидир.
Тасарруф этиш ҳуқуқи – мулкдор ўз мол-мулкининг тақдирини мазкур мол-мулкка нисбатан юридик ҳужжатларни тузиш йўли билан белгилаш, яъни сотиш, ҳадя қилиш, ижарага бериш, гаровга бериш, ҳомийлик мақсадларида бериш, мерос қолдириш ва бошқа фаолият билан боғлиқ ҳуқуқлар бўлиб, бунда мулкдор ким ва қандай ҳолда фойдаланишини ҳал этади. Тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс мулк эгасининг асосий ваколатларини амалга ошириш ҳуқуқи асосида мулк объектидан фойдаланиш йўл-йўриғини белгилаш, мулкни сотиш, ижарага бериш, ҳадя этиш ҳуқуқига эга бўлади. Амалда мулкни тасарруф этиш ҳуқуқига реал эга бўлган шахсгина ҳақиқий мулк эгаси ҳисобланади, яъни бир сўз билан айтганда, тасарруф этиш ҳуқуқи мулкка нисбатан мутлақ ҳуқуқни беради.
Мулк ҳуқуқи, мулкдорга маълум даражада масъулиятни келтириб чиқаради, яъни мулкдан фойдаланишда мулкдорлар – фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, экологик муҳитга зарар етказмасликлари шарт.
Мулк ҳуқуқи – фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати (туғилиш давридан) бошлаб вужудга келиши мумкин, яъни янги туғилган боланинг мерос олиши, ҳадя олиши ва ҳаказолар асосида мулк ҳуқуқи вужудга келиши мумкин.
Аммо, мазкур мулк ҳуқуқининг вужудга келиши асосида мулкдан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқи фуқаронинг муомала лаёқати даврининг кириб келиши (18 ёшга тўлганидан сўнг) асосида вужудга келади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 28-моддасига асосан ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомала лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин ёки 29-моддасида ўн тўрт ёшга етмаганлар томонидан фақатгина майда маиший битимлар, текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал
тасдиқланишни ва давлат рўйхатидан ўтказишни талаб этмайдиган битимлар ҳамда қонуний вакил ёки унинг розилиги билан учинчи шахс томонидан муайян мақсад ёки эркин тасарруф этиш учун берилган маблағларни (кам миқдордаги пул суммаси билан олди-сотди битимлари) тасарруф этиш борасидаги битимларни тузишлари мумкин.
Вояга етмаганларнинг мулкини ота-оналар, фарзандликка олувчилар ва
ҳомийларнинг мулкни хадя қилиш билан боғлиқ тузилган битимлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.
Мулк ҳуқуқи қуйидаги холларда бекор қилиниши, тугатилиши мумкин.
Жумладан, мулкдорнинг мулкни сотиб юбориши, хадя қилиши ёки айирбошлаш натижасида, мулкнинг буткул нобуд бўлиши, Фуқаролик кодексининг 202-моддасига асосан национализация, яъни мулк ҳуқуқини ҳақ тўлаш эвазига давлат ихтиёрига ўтказилиши, 203-моддасига асосан реквизиция, яъни форс мажор (табиий офатлар, авриялар, эпидемиялар, эпизоотиялар) ҳолатларида ҳақ тўлаш эвазига олиб қўйилиши, мусодара қилинганда ва бошқа қонунда белгиланган ҳолатларда. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида белгиланган.
Юқорида қайд этиб ўтилганидек, автотранспорт воситалари бошқа бир шахсга тасарруф этиш ҳуқуқи билан ишончнома орқали бериш ҳуқуқига эга. Аммо амалиётда ишончнома орқали автотранспортни бошқариб келаётган фуқаро йўл ҳаракати қоидасини бузиб, фоторадарга тушган тақдирда, жарима мулк эгаси бўлган шахсга нисбатан қўлланилади. Қонунчиликда эса ҳуқуқубузарлик содир этган шахс содир этган ҳуқуқбузарлигига нисбатан қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Ваҳоланки, белгиланган жарима ҳуқуқбузарлик содир этмаган шахс номига расмийлаштирилиб, бир вақтнинг ўзида мулкга бўлган ҳуқуқ эгаси яъни мулкдор жаримага тортилишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6118-сонли фармонининг 12-бандида 2020 йил 1 декабрдан бошлаб, жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига ўтказиладиган олиб қўйилган мол-мулкни сотишга оид ижро ҳужжатлари бўйича келиб тушган маблағлар алоҳида ғазначилик ҳисобрақамида жамланади ва белгиланган миқдорда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун очилган ҳисоб рақамларига пропорционал тартибда йўналтирилади.
Мазкур бандда назарда тутилган ижро ҳужжатлари бўйича келиб тушган маблағларнинг олувчилар ва бюджет тизими бюджетлари даражалари ўртасидаги тақсимоти маблағларнинг белгиланган қисми «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Е шлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун очилган ҳисоб рақамларига ўтказилганидан кейин амалга оширилиши белгиланиши кўрсатилган.
Юқоридаги вазиятлардан келиб чиққан ҳолда, тегишли қонунчиликка қуйидаги таклифларни келтириб ўтмоқчимиз:
Биринчидан, автотранспортни ишончнома орқали олаётган шахсга(ишончли вакилга) ундан фойдаланиш, сотиш ҳуқуқини бермасдан, фақатгина автотранспорни бошқариш ҳуқуқини берилиши;
Иккинчидан, кўчар мулкларни(автомобилларни) олди-сотди шартномасида тўланадиган давлат божларини яьни нотариус учун бож, Давлат йўл ҳаракати инспекцияси божларини бирлаштириб, фақат бир томонлама тўлов қилинишини таьминлаш каби қоидаларни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилишини таклиф қиламиз.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фуқароларнинг мулк хуқуқи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш натижасида, жамиятдаги давлат ва фуқаролар ўртасидаги ечимини кутаётган муаммолар ҳам ҳал этилади. Шунингдек, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётда ижроси таьминланишига ҳам туртки бўлади, деб ҳисоблаймиз.
Юлдузхон Абдуғаффорова, Бухоро вилоят маъмурий суди архив мудираси