ОДИЛ СУД адолатли жамият пойдевори
Демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг бош шарти нима?
Бу инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устунлигидир. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда мустаҳкам ва мукаммал таъминлаш ҳамда муҳофаза қилишга эса одил судловсиз эришиб бўлмайди.
Адолат ва қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш суд тизимининг чинакам “Адолат қўрғони”га айланиши муҳим шартидир.
Мамлакатимиздаги янги давр одимларига ҳамоҳанг судларнинг чинакам “Адолат қўрғони”га айланишига юксак эътибор қаратилиб, бу борада изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг шу йил 16 январь куни қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ғоят муҳим қадамлардан бўлди.
Бинобарин, бугун “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
Шунга биноан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган фармонга мувофиқ 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.
“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш энг муҳим мезон сифатида стратегияда ўз ифодасини топган.
Стратегия доирасида одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар қаторида адолатли суд қарорлари қабул қилиниши орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш белгилангани аҳамиятли.
Шиддаткор давр одимлари ҳамда тараққиёт асри талабларига хос ва мос тарзда судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, шубҳасиз, фуқароларга кўплаб қулайликлар яратиш баробарида одил судловни таъминлашга хизмат қилади.
Фармонда судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;
суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;
судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш алоҳида қайд этилган.
Фармонга мувофиқ тасдиқланган 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури ушбу мезонлар рўёбига хизмат қилади.
Фармон билан судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши белгилангани ҳам одил судловни таъминлашнинг муҳим омилларидан.
Бинобарин, судларнинг амалда мустақиллиги ва судьялар дахлсизлиги эзгу мақсадлар рўёби сифатида қонунийлик ва адолат барқарорлиги кафолати бўлади.
Салохитдин ТУРСУНОВ, Бухоро вилоят маъмурий суди раиси