Оилавий муносабатларда аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқлилиги тўғрисида
Мамлакатда суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилди.
Оила тўғрисидаги қонунчилик ҳамда уларнинг вазифалари Оила тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодексдан ҳамда унга мувофиқ қабул қилинадиган бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат.
Оила тўғрисидаги қонунчиликнинг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.
Оилавий муносабатларда аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқлилиги.
Оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.
Кўп болали оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш.
Тўрт нафар ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оиладир. Бунда, агар тўрт нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва профессионал, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда йигирма икки ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади.
Давлат кўп болали оилаларга қонунчиликка мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди.
Оила тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинадиган муносабатлар. Оила тўғрисидаги қонунчилик никоҳ тузиш, никоҳнинг тугатилиши (тугаши)* ва уни ҳақиқий эмас деб топиш шартлари ва тартибини белгилайди, оила аъзолари: эр-хотин, ота-она ва болалар (фарзандликка олувчилар ва фарзандликка олинганлар) ўртасидаги, оила тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва доирада эса қариндошлар ҳамда ўзга шахслар ўртасидаги шахсий номулкий ва мулкий муносабатларни тартибга солади, шунингдек ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага олиш шакл ва қоидаларини, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тартибини белгилайди.
Муллабаева Гўзал, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси