Солиқ ҳисоботлари ва солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш учун жавобгарлик

Солиқ тўловчининг ҳар бир солиқ тури ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китобларни ва солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ҳамда солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган, солиқ тўловчиларнинг ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлари солиқ ҳисоботидир.

Солиқ ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган шаклларда тузилади. Солиқ ҳисоботи солиқ органларига шахс фақат солиқ тўловчи деб эътироф этиладиган солиқлар бўйича тақдим этилади. Солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик солиқ тўловчининг ёки солиқ агентининг зиммасига юкланади.

Бугунги кунда солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш билан бир қаторда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоботларни юритиш, солиқларни тўлаш тизимини такомиллаштириш, солиқ ва молиявий ҳисобот шаклларини соддалаштириш ҳамда улар ҳажмини қисқартириш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади, солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида бу борада бир қанча ислоҳотлар амал оширилиб келинмоқда.

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида 2012 йил 16 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинган. Мазкур Фармон билан давлат статистика, молия, солиқ ва бошқа турдаги ҳисоботлар қисқартирилган.

Масалан, мазкур Фармонга мувофиқ 2013 йил 1 январдан бошлаб 11 та ҳисобот шакллари бекор қилиниб, 12 турдаги солиқ ҳисобот шакллари ва уларни тақдим этиш даврийлиги қисқартирилган, яъни солиқ ҳисоботларини ойма-ой тақдим қилиш тартиби бекор қилинган, солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига тўла ҳажмда босқичма-босқич ўтказилиши имкониятлари яратилган.

Ушбу фармонга асосан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича солиқ ҳисоботлари йирик корхоналарда умумий тартибда 2,3 баробарига, кичик бизнес субъектлар учун эса 1,7 баробарига қисқарган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитасининг 2020 йил 28 январь кунидаги 2020-03-сонли Қарори билан Солиқ ҳисоботининг қуйидаги шакллари тасдиқланган:

  • қўшилган қиймат солиғи бўйича;
  • акциз солиғи бўйича;
  • фойда солиғи бўйича;
  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқ суммалари ва ижтимоий солиқ бўйича;
  • ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича;
  • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича;
  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича;
  • айланмадан олинадиган солиқ бўйича;
  • олинган мақсадли маблағлардан фойдаланганлик бўйича;
  • давлат божи ва йиғимлар бўйича;
  • молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларга ўтган юридик шахсларнинг солиқларини ҳисоблаб чиқиш учун зарур бўлган кўрсаткичлар бўйича.

Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шаклда қоғоз ёки электрон шаклда ушбу Кодексга мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.

Солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишга ҳақли. Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ ҳисоботини ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шакллар бўйича электрон ҳужжат тарзида тақдим этади. Йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади.

Солиқ кодекси 82-моддасининг 3 ва 4-қисмлари қоидалари давлат сирлари жумласига киритилган ахборотни тақдим этишга нисбатан қўлланилмайди.

Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан солиқ органига шахсан ёки вакил орқали тақдим этилиши ёхуд почта жўнатмаси тарзида жойланмалар рўйхати билан юборилиши мумкин. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ ҳисоботини солиқ тўловчи номидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этишга ҳақли. Солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Солиқ ҳисоботи қоғозда олинган тақдирда, солиқ органи солиқ тўловчининг илтимосига кўра, солиқ ҳисоботининг кўчирма нусхасига унинг қабул қилиб олингани тўғрисида белги қўйиши ва у олинган санани кўрсатиши шарт. Ҳисоботда, агар Солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилган ҳолда тақдим этилади. Солиқ тўловчи ва унинг ваколатли вакили ҳисоботда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаб, унга имзо қўяди.

Агар ҳисоботда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини солиқ тўловчининг ваколатли вакили тасдиқласа, ҳисоботда бу ҳақда тегишли белги қўйилади. Бунда ҳисоботга ушбу вакилнинг уни имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилинади. Солиқ ҳисоботи электрон шаклда тақдим этилганда вакилнинг уни имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси телекоммуникация алоқа каналлари орқали электрон шаклда тақдим этилиши мумкин. Солиқ ҳисоботи солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этилади.

Ушбу қоидалар Солиқ кодексининг Махсус қисмига мувофиқ солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти зиммасига юклатилган солиқ агентларига ва бошқа шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Илмий адабиётларда солиқ ҳисоботини ташкил этишнинг қуйидаги вариантлари назарда тутилган:

  1. Солиқ ҳисоби сиёсатини тасдиқлаш асосида солиқ ҳисоби регистрларидан фойдаланилган ҳолда солиқ ҳисобини ташкил этиш;
  2. Молиявий ҳисоб маълумотлари асосида солиқ ҳисоби регистрларини шакллантириш асосида ташкил этиш.

Солиқ ҳисоботига ўзгартиришлар киритиш.

Ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт. Агар Солиқ кодекси 83-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган ҳолатлар ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасининг камайишига олиб келмаган бўлса, солиқ тўловчи ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботига зарур тузатишлар киритишга ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишга ҳақли. Бунда солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг белгиланган муддати ўтгандан кейин тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи муддат бузилган ҳолда тақдим этилган деб ҳисобланмайди.

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддати ўтгунга қадар тақдим этилган бўлса, солиқ ҳисоботи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кун тақдим этилган деб ҳисобланади.

Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, солиқ тўловчи бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади:

1) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи у ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;

2) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса.

Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига, ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда, солиқ ҳисоботини топшириш учун белгиланган тартибда тақдим этилади.

Ушбу қоидалар солиқ агентлари томонидан тақдим этиладиган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботига нисбатан ҳам қўлланилади.

Солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари солиқ органларига солиқ ҳисоботини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни, агар Солиқ кодексида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ушбу ҳисобот тақдим этилган йилдан кейин камида беш йил сақлаши шарт. Агар солиқ тўғрисидаги қонунчилик солиқ ставкасини қўллашни, тўланадиган солиқ миқдорини, солиқ имтиёзини ёки солиқ чегирмасини қўллашни ва (ёки) солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришни солиқ тўловчининг муайян шартларга риоя этиши билан боғласа, ушбу солиқ тўловчи барча тасдиқловчи ҳужжатларни мазкур шартларнинг амал қилиши тугайдиган йилдан кейин камида беш йил сақлаши керак. Бундай тасдиқловчи ҳужжатлар жумласига, хусусан, ушбу солиқ бўйича солиқ ҳисоботи, унга илова қилинадиган ҳужжатлар, шунингдек кўрсатилган шартларга ёки мажбуриятларга риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар киради. Ушбу қоидалар, агар кўрсатилган шартлар ёки мажбуриятлар вақтинчалик тусга эга бўлса ва уларга риоя этилишини ҳужжатлар билан тасдиқлашни талаб қилса, қўлланилади.

Солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш учун жавобгарлик.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 220-моддасида, солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, (29.12.2021 йилга қадар) солиқ ҳисоботини солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этмаслик, — бу солиқ ҳисоботи асосида тўланиши (қўшимча тўланиши) лозим бўлган солиқ суммасини белгиланган муддатда тўланмаган ҳар бир кечиктирилган кун учун бир фоиз миқдорида, лекин кўрсатилган сумманинг ўн фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида жарима солишга сабаб бўлар эди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги 741-сонли қонуни билан Солиқ кодексининг 220-моддасига янги таҳрирда баён қилиниб, солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан моливий санкциялар қўлланилиши бекор қилиниб, солиқ қонунчилигидан чиқариб ташланди, яъни солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим қилмаганлик учун солиқ тўловчи бўлган юридик шахснинг мансабдор шахси ёки солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланди. Ушбу ҳолатлар аниқланган тақдирда юридик шахснинг мансабдор шахси ёки солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахслари Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 175-моддасига асосан жавобгарликка тортиладилар.

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 175-моддасига кўра, фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёхуд бундай ҳисобни белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб бориш, башарти бу ҳаракатлар тўланиши лозим бўлган солиқнинг ёки бошқа мажбурий тўловларнинг суммасини камайтиришга олиб келса, шунингдек бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни, дебиторлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларини ёхуд тўлов муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ёзма билдиришни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутларнинг асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиладиган тегишли солиқ ҳисоботи ҳужжатларида фойда (даромад) олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан кўрсатмаслик, шунингдек, улар мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яшириш мақсадида фойда (даромад) келиб тушишини ҳисобга олиш тартибини бузиш – фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш деб ҳисобланади ва тегишли мансабдор шахсларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддаси ёки Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Солиқ тўловчи ташкилот мансабдор шахсларнинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши солиқ тўловчи – юридик шахсдан Солиқ кодексининг 28-боби талабларига мувофиқ қўшимча ҳисобланган солиқлар ва молиявий жазо ундирилишини истисно этмайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил 7 сентябрь куни қабул қилинган “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6307-сонли Фармон билан 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун моливий санкциялар қўлланилишини бекор қилинганлиги ҳам тадбиркорлар учун берилаётган енгиллик десак муболаға бўлмайди.

Бахтиёр Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси.