Ҳаракатлар стратегиясидан – тараққиёт стратегияси сари!
Бугун халқимиз ҳаётида улкан сифат ўзгаришлари юз бермоқда. Жумладан, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан “2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг қабул қилиниши мамлакатимизда туб демократик ислоҳотлар, трансформацион ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ва оширилаётган ишлар барча соҳаларни қамраб олди. Энг асосийси, мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаънини, қадр-қимматини, манфаатларини, давлат органларининг жамият олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.
Aйниқса, халқ билан мулоқот қилиш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини бартараф этиш борасида қилинган ишлар, фуқароларга кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган Давлат хизматлари агентлиги фаолияти, валюта бозорининг либераллаштирилиши, прописка тизимининг бекор қилиниши ва ташқи сиёсатда салмоқли ютуқларга эришилгани эътиборга лойиқ.
2021 йилнинг сентабрь ойида Президент Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг яқин беш йилдаги тараққиёт стратегиясидан кўзланган мақсадлар, белгиланган вазифаларни амалга ошириш тамойилларини жамлаган “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли китоби чоп этилди. Унда Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни қуриш бўйича қилинаётган ишлар ва миллий тараққиёт истиқболлари ҳақида фикр юритилган. Ушбу асар “Янги Ўзбекистон орзуси, бугунги кунларимизга нисбатан айтганда, ҳозирги даврнинг тақозоси, унинг асл қиёфасини, ҳаракатлантирувчи кучлари ва омилларини белгилайдиган ғоявий-маънавий асос, халқимизга хос яратувчанлик шижоати ва кенг кўламли ислоҳотларимизнинг яққол ифодасидир”, сўзлари билан бошланади.
“Ҳаракатлар стратегияси”нинг мантиқий давоми сифатида нашр этилган ушбу китоб концептуал аҳамиятга эга бўлиб, унда мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар ва келгусидаги устувор вазифалар аниқ баён этилган. Мазкур китоб ўқувчиларда Янги Ўзбекистоннинг замонавий демократик қиёфаси қандай яратилаётгани, мамлакатни янги ривожланиш босқичига кўтариш учун белгилаб олинган стратегик йўл тўғрисида яхлит тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан бўлиб ўтган сайловолди учрашувларда билдирилган фикр-мулоҳазалар, амалий таклиф ва ташаббуслар Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини янада такомиллаштиришга хизмат қилди.
Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз” мавзусида сўзлаган нутқида келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида сўз юритилди.
Унда давлатимиз раҳбари “Ел-юртимиз биз бошлаган халқчил ислоҳотларга бугун хайрихоҳлик ва қатъий ишонч билан қараб, уларнинг ҳосили ва самарасини тезроқ кўришни истамоқда. Aна шу ҳақли талабни инобатга олган ҳолда, биз Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиб, сайлов жараёнида уни ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказдик. Бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди”, дея таъкидлади. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Бундан буён жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги фаолият “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этилади.
Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси 7 та йўналишдан иборат:
Биринчи йўналиш эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишга қаратилган. Бунинг учун келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади. Ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Туман бюджети қўшимча манбалар билан таъминланиб, маҳалланинг алоҳида жамғармаси шакллантирилади. Марказий идоралар трансформация қилиниб, ихчам ва самарали бошқарув тизими яратилади, бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади;
Иккинчи йўналиш адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон қадр-қимматини таъминлаш вазифаларини қамраб олган. Бу борада судлов тизими ва адвокатура институти, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти такомиллаштирилади. Тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилади. Коррупсияга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситалари сафарбар этилади. Бунда айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, коррупциянинг сабабларини олдиндан бартараф этиш чоралари кўрилади;
Учинчи йўналиш миллий иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги режаларни қамраб олади. Бу борада 2030-йилга бориб, жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторига чиқиш мақсад қилинган бўлиб, бунга хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришилади. Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш чоралари кўрилади. Шунингдек, аҳолини уй-жой ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро қатновларни яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилади;
Тўртинчи йўналишга асосан адолатли ижтимоий сиёсат юритиш ҳамда инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия масаласи бундан буён ҳам доимий эътибор марказида бўлади. Бу борада олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини 2025-йилга бориб, эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш кўзда тутилган. Янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастури ишлаб чиқилади.
Aҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун барча шароитлар яратилади. Келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маоши ҳам эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказилади. Вилоят, туман ва шаҳарларда ихтисослашган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилади. Давлат тиббий суғурта тизими ишга туширилиб, маблағ аниқ беморга боғланган ҳолда ажратилади. Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш муҳим вазифа бўлиб қолади;
Бешинчи йўналишга асосан маънавий ва маърифий соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилади. Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепсияси амалга оширилади. Маданият ва санъатни юксалтириш, ёшларни соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилади.
Зеро, бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётгани, фидокорона меҳнати билан мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани эътиборга лойиқ. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Президенти: “Бизнинг давлат сиёсатимизда бундан буён ҳам барча миллат ва элат вакилларининг миллий ўзлигини, она тили ва маданиятини, дини, урф-одат ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга устувор аҳамият берилади”, дея алоҳида таъкидлаб ўтгани бежизга эмас;
Олтинчи йўналишга асосан глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш, бу борадаги барча
саъй-ҳаракатларни уйғунлаштиришга эътибор қаратилади. Хусусан, Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида ривожлантириш, Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш масалалари диққат марказида бўлади.
Мамлакатимизда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги конференсияда қабул қилинган қарор ва ҳужжатларнинг изчил бажарилиши учун халқаро ҳамкорлар билан зарур чора-тадбирлар амалга оширилади;
Еттинчи йўналишда мамлакатимиздаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги вазифалар ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Қуролли Кучларининг қудратини янада ошириш, ҳарбийларнинг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини кучайтиришга эътибор қаратилади. Халқаро ҳамкорликда прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат, иқтисодий дипломатия давом эттирилади. Aввало, қўшни мамлакатлар ва дунёнинг барча минтақаларидаги шериклар билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқалар кенгайтирилади.
Умуман олганда, “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси”да акс этган мақсад ва вазифалар мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш – давлатимиз раҳбарининг эзгу саъй-ҳаракатларида бош мезон бўлиб қолганлигидан далолат беради.
ИхтиёрХолов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси