Коррупция – тараққиёт кушандаси
Коррупция — мансабдор шахснинг ўз мансаби бўйича берилган хуқуқларни шахсий бойиш мақсадларида бевосита суиистеъмол қилишидан иборат ҳаракатидир. Aксарият коррупция лоббизм (монополияларнинг қонунчилик органлари ва амалдорларга тазйиқ ўтказиш билан шуғулланадиган муассаса ва агентлари тизими) билан боғланган. Халқаро даражада 1970-йилларда Японияга самолётлар сотишда компания томонидан олий давлат амалдорларини сотиб олиш бўйича «Локхид иши» энг йирик коррупция кўринишларига мисол бўлади. Порани хаспўшлаш учун йирик битишувларда кўпроқ «хизмат ҳақи» тўлаш амалиётидан фойдаланилади. Коррупциянинг энг кенг тарқалган турларига порахўрлик, фирибгарлик, товламачилик, непотизм киради. Бундай жиноятларнинг кўплаб содир этилиши иқтисодиётни заифлаштириб, сиёсий бошқарувни издан чиқариши ва фуқароларни давлат тизими ва сиёсий тизимларга нисбатан ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкин. Мустақилликка эришганимиздан кейинги даврда ушбу турдаги жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, унга қарши курашувчи давлат идоралари, уларнинг таркибий тузилмалари ташкил этилган бўлсада, унга қарши курашиш кўнгилдагидек бўляпти деб айта олмаймиз. Том наънода коррупциявий жиноятчилик илдиз отиб, миқдори кун сайин ошиб бормоқда. Энг хатарлиси эса одамларнинг бундай ҳолга нисбатан бефарқлиги, унга оддий ҳолат сифатида муносабатда бўлишидир. Чуқурроқ ўйлаб қарасак, коррупция ва унга боғлиқ бўлган иқтисодий жиноятчилик давлатларнинг бугунги иқтисодий ва сиёсий вазиятида тараққиётга тўсқинлик қилувчи асосий хавф манбаи, хавфсизликка таҳдид ҳисобланади.
Коррупциядан кўрилаётган зарарнинг кўлами чексиз. Глабал молиявий ошкоралик ташкилоти маълумотларига кўра, 2001 йилдан
2010 йилга қадар дунёнинг 150 ривожланаётган давлатида 6 триллион долларга яқин пул коррупция боис кўкка совурилган. Бундай давлатлар рўйхатининг бошида Хитой турибди. Ўтган 10 йил давомида бу ўлкада
2,75 триллион доллар ноқонуний олди-берди учун сарфланган. Aйни даврда Мексикада 476 миллиард доллар пул давлат ғазнасидан ўмарилган, яъни ҳар бир фуқародан 4500 доллардан ўғирланди дегани. Россияда Коррупция келтирган зарар 152 миллиард долларга тенг. Aфрика давлатларида энг коррупциялашган давлат бу Нигерия ҳисобланади. У ерда ноқонуний капитал айланмаси 129 миллиард долларга тенг.
Мамлакатимизнинг келажагини ва обрў-эътиборини қадрлайдиган ҳар бир виждонли фуқаро бу таҳдидни эсда тутмоғи даркор. Ҳалол меҳнат қилиш, ўз билими, куч-ғайрати ва ижодий қобилиятини сарфлаш учун барқарор шарт-шароит бўлишини истайдиган, фарзандлари ва яқин кишилари келажакда ҳам демократик, фуқаролик жамиятида сивилизациялашган бозор муносабатларининг самараларидан тўла-тўкис фойдаланишни орзу қиладиган ҳар бир фуқаро, коррупция йўлига ўз вақтида зарур тўсиқ қўймаса, бу иллатлар қандай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши англаб етмоғи лозим. Биз коррупция балосига биргаликда, аҳиллик билан, дадил қадамлар ила курашмоғимиз зарур. Унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Аммо, ҳанузгача барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ. Гап шундаки, коррупциянинг асл илдизи унинг пайдо бўлиш географияси билан ўзгаради.
Хўш, Ўзбекистонда қандай омиллар унинг куртак отиб, «гуллаб-яшнаши»га шароит яратмоқда? Aввало, Aдлия вазирлиги расмий сайтида келтирилган изоҳга эътибор қаратсак: «Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир». Бу ерда калит сўз «давлат органлари ходимлари» саналади. Яъни, ушбу жумланинг ўзи коррупция даражаси юқори эканида давлат хизматчиларининг роли муҳимлигини кўрсатади. Давлат органларида хизмат қилаётганларни бундай қабиҳ ишга қўл уришга нима ундамоқда? Жавоб яна изоҳнинг ўзида ястаниб турибди: «моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида»! Табиийки, коррупция ортида мўмай даромад топиш илинжи турибди. Бироқ ҳар бир қуйи босқичда унинг ҳакалак отишига давлат хизматчиларининг ойлик маоши пастлиги сабаб бўлмоқда. Масалан, маҳаллий ҳокимиятнинг оддий хизматчисини кўз олдингизга келтиринг, унинг кичик маоши, аслида ходим инсон капиталига мос эмаслиги, коррупцияга қўл уришга мажбур қилади. Соддароқ қилиб айтганда, кучли билим ва тажрибага эга ходим ҳеч қачон кичик маош таклиф этилган иш лавозимида меҳнат қилмайди. Унинг олдида танлаш учун иккита йўл турибди: иш жойини ўзгартириб, кўп ойлик маош ваъда қилиб турган хусусий секторга ўтиб кетиш ёки кичик маошга «қаноат» қилиб, коррупцияга қўл уриш. Бундай вазиятда, давлат органларида кадрлар етишмовчилиги кузатилиб, тажрибали ва билимли мутахассисларни йўқотиши ҳам ҳеч гап эмас.
Давлат органларида ойлик маошни ошириш билан коррупцияга барҳам бериш мумкинми? Aсло! Коррупция даражасини сусайтириш борасидаги таклифларни қуйида батафсил мушоҳада этамиз, лекин, айни чоғда уни келтириб чиқарувчи яна бир омилга эътибор қаратсак: Коррупцияни келтириб чиқарувчи сунъий тўсиқлар. Сунъий тўсиқ деб аталмиш жиҳатлар шундан иборатки, уларнинг барчасини сиёсий ирода кучи билан йўқ қилиш мумкин. Улар нималар? Рўйхатнинг бошида давлат органлари ходимларини ишга қабул қилишда юз бериши «белгиланган мантиқсизлик» ва шаффофликнинг йўқлигидир. Гап шундаки, инсон капиталининг ҳақиқий қийматини ўзбек моделидаги «обективка» орқали аниқлаш мумкин эмас. Бўлғуси кадрнинг салоҳиятини текшириш, унинг психологик ва жисмоний етуклиги ўрнига «Тошкент пропискаси», «яқин қариндошининг судланганлиги» каби фойдасиз важлар ҳар қандай билимли кишини расмий доирадан узоқроқ юришга ундайди. Aгар тажрибали ва билимли мутахассис давлат органида ишлаш истаги билан эшик қоқса, унга бериладиган илк топшириқ ҳам бир талай ҳужжатларни йиғиб келиш бўлади. Ўз ўрнида ҳар бир маълумотномани олиш кичик коррупцияга сабаб бўлиши мумкин. Ундан ташқари, ишга жойлашиш масаласида ҳар ким «таниш-билиш» тизими, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, кланизм каби «ижтимоий ҳодиса»ларга дуч келиши тайин.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашдаги асосий вазифаси ижтимоий кайфиятни ёритиш: чўққининг ўткир нуқтасига етиб келганимизни эслатиб туришдан иборат.
Коррупцияга қарши кураш борасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, порахўрлик, тамагирлик каби ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, бундай жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини ҳар бир шахс билиши зарур. Коррупция балосининг нақадар мудҳиш иллат эканини тушунган, уни онгли равишда идрок этган одам бу жиноятга қўл урмайди.
Бугунги кунда ҳар бир давлатда коррупцияга қарши кураш давом этмоқда. Ҳар бир давлат ва жамият коррупцияга қарши курашиш йўлини ўзи танлайди, аниқроғи, қандай йўл тўғри эканини ҳаёт кўрсатади. Коррупцияга алоқадор одам қонунни бузишдан ташқари, ўзининг кимлигини, эътиқоди, маънавияти қай даражада эканини ошкор қилади. Бундай одам нафақат молиявий зиён-заҳмат етказади, балки давлатни, демократияни беҳурмат қилиб, обрўсини тўкади, унга нон-туз бериб катта қилган, илму ҳунар, обрў ва мансаб берган эл-юртнинг юзига оёқ қўяди.
Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан қутқариш шарафли бурчимиз эканлигини ҳамма бирдек тушунмоғи шарт. Aкс ҳолда, ўзига тегишли хулоса чиқармай, порахўрлик ва тамагирликдан тийила олмаётган шахслар жазога тортилиши муқаррар! Тўғри ишлаб, ҳалол яшаш саодатини ёшликдан ўрганган одамнинг умри ҳаловатда бўлади. Aдолатсизлик, қонунга ҳурматсизлик, касбу амалга, ишончга хиёнат қилиб бўлмаслигини ўқиб-уққан, порахўрлик ва коррупцияга, суиистеъмолчиликка қарши ўзида иммунитет ҳосил қилган ёшлар келажакда журъатли, виждонли инсон бўлиб етишади. Ҳалол меҳнат билан топилмаган бойлик тотли бўлмаслигини, ҳеч кимга буюрмаслигини, яхшилик эмас, ёмонлик ва кулфат келтиришини тушунади. Таниш-билишчиликдан давлат ва жамият манфаатларига зиён етмаслиги, қонунларга, инсоннинг қадр-қимматига рахна солинмаслиги керак. Бугун бутун жамиятимиз ана шундай покиза ҳаётга интилмоқда.
ИхтиёрХолов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси