Ерлардан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари
Ер халқимизнинг ҳаёти, фаолияти ва турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқ. Бепоён далалар, кенг боғ-роғлару қир- адирлар, ўзимиз яшаб турган уйлар, ҳовлилар, шаҳарлар, ер устига қурилган ва ҳатто ташлаётган ҳар бир қадамимиз ер ҳисобланади. Шундай экан, ерлардан имкон қадар самарали фойдалансак, иморатларни ўз ўрнида қурсак, экин-тикинни вақтида экиб, ернинг умрини ўтказиб юбормасак, тупроқ сифатини яхшиласак, албатта, бунинг ижобий натижалари яққол кўзга ташланади.
Қонунларимизда ҳам бу жиҳатларга катта эътибор қаратилган. Аммо Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган янги таҳрирдаги Ер Кодекси орқали ер эгаларининг ҳуқуқларини давлат томонидан муҳофаза қилишнинг янги тартибларини ишлаб чиқиш ва ерлардан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Энг асосийси, мазкур кодекс лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 10-январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришни, шунингдек, “2017 – 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида» кўзда тутилган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтиришга қаратилган нормаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилмоқда.
Савол туғилиши мумкин, янги таҳрирдаги Ер Кодексини ишлаб чиқишга қандай омиллар сабаб бўлган?
Энг аввало шуни унутмаслик керакки, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 1998-йил 30-апрелда қабул қилинган бўлиб, бугунга қадар бир неча бор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлса-да, ўтган 23 йил давомида янги таҳрирдаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилмаган эди. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ер участкаларига бўлган хусусий мулкчилик, жумладан, ер участкалари хусусий мулкдорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида ер муносабатларини шакллантиришнинг илғор, замонавий усуллари тўғрисида, ер участкалари билан боғлиқ зарарларни қоплаш, шунингдек, ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви ҳамда ерларни қайтариб олишда халқ дэпутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ваколатлари белгиланмаган эди.
Шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси лойиҳаси янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва лойиҳа 65 та янгидан ишлаб чиқилган моддалар билан тўлдирилди. Шунингдек, амалдаги Ер кодексидан 9 та модда бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги сабабли лойиҳадан чиқарилди. Амалдаги Ер кодексининг қолган 84 та моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Айрим моддаларнинг бўлиниб ишланиши оқибатида янги таҳрирдаги Ер кодекси яна 11 та моддага кўпайди.
Янги таҳрирдаги Ер кодексида ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назоратини кучайтириш, давлат назоратини амалга оширувчи ваколатли органлар – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Давлат экология қўмитаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари ваколатлари, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ер участкаларига бўлган мулкчилик тури, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган хусусий мулк- ҳуқуқининг вужудга келиши ва унинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши, ер участкасига бўлган ҳуқуқлар ва уларнинг бошқа шахсга ўтиши, ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ва улар билан боғлиқ битимлар, шунингдек, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш, ҳуқуқ бўйича ворислик, ер участкаларини бериш (сотиш) ва уларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни чеклаш ҳамда юридик ва уларга бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш билан боғлиқ нормалар Ер кодекси лойиҳасида ўз тасдиғини топган.
Бундан ташқари, ер участкаларидан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари, меърос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилувчилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари,ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг кафолатлари ва уларни ҳимоялаш, ҳуқуқлар бузилганда уларни тиклаш, шунингдек, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш, ердан фойдаланувчиларга етказилган зарар ўрнини қоплаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартиблари белгилаб берилган.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг таркиби ва улардан фойдаланиш, жумладан, суғориладиган ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, тиклаш ва ошириш чора-тадбирлари, ер фонди тоифаларидан, шундан аҳоли пунктлари ерларидан фойдаланиш, саноат, транспорт, телекоммуникация, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, оммавий дам олиш мақсадларига мўлжалланган ерлар ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар таркиби ҳамда ўрмон фонди ва сув фонди ерларидан фойдаланиш хусусиятлари Ер кодекси лойиҳасида ўз аксини топган.
Шу боис, янги таҳрирдаги Ер Кодекси ерларимиздан самарали фойдаланишда, унумдорлигини оширишда ва ердан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Жалолиддин Ҳусенов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси