Баъзан танишлар ёки яқинлардан «бошлиғим менга аризангизни ёзинг, сиз ишдан бўшадингиз деди» қабилидаги сўзларни эшитиб қоламиз. Ўз-ўзидан савол туғилади: «Меҳнат жамоасида намунали хулқи билан ажралиб турган, белгиланган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажараётган, ҳамкасблари орасида обрў-эътиборга эга, мутахассислиги бўйича лавозимига лойиқ бўлган шахсни бошлиқ ҳеч бир сабабсиз ишдан бўшатиб юбориши мумкинми?»
Хўш, биз ўзимизнинг меҳнат ҳуқуқларимизни қанчалик даражада биламиз: «бошлиқ», яъни иш берувчининг ҳаракатлари асослими, аризани мажбурлаб ёздириш мумкинми, «ишдан бўшаётган шахс», яъни ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қай тарзда ҳимоя қилинади ва бу борада амалдаги қонунчиликда қандай кафолатлар назарда тутилган?
Меҳнат муносабатлари иш берувчи ва ходим ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси асосида вужудга келади. Меҳнат шартномасида ҳар иккала томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилади. Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат муносабатларининг тугатилишига асос бўлади. Меҳнат муносабатларини у ёки бу асос бўйича бекор қилиш масаласини кўриб чиқишда меҳнат шартномаси кимнинг ташаббуси билан бекор қилинганини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.
Меҳнат шартномасини тарафлардан бирининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари Меҳнат кодексининг 100-моддасида (иш берувчининг ташаббуси) ва 99-моддасида (ходимнинг ташаббуси) белгилаб қўйилган. Улар бир-биридан ўзининг алоҳида хусусиятлари билан фарқланади. Қуйида биз меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ҳар иккала асоси билан танишиб чиқамиз.
Ходимнинг ташаббуси – «ишдан бўшаётган шахс аризаси» билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?
Биз, биринчи навбатда, меҳнат шартномасини ходим ташаббуси билан бекор қилишнинг қонуний тартиб-таомилларини аниқлаштириб оламиз. Ходимнинг «ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш» сабаблари турлича бўлиши мумкин. Масалан: мансаб пиллапоясида ўсиш имконияти, юқорироқ ҳақ тўланадиган бошқа ишга ўтиш, ходимнинг бажараётган ишидан қониқмаслиги ёки унинг жамоага киришиб кетолмагани, доимий яшаш учун бошқа жойга кўчиш, ўқишга кириш, пенсияга чиқиш ва ҳоказолар.
Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш таомили Меҳнат кодексининг 99-моддасида аниқ ва қатъий белгилаб берилган. Унга кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақли.
Бундан кўриниб турибдики, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ёки муддатли меҳнат шартномасини хоҳлаган пайтда бекор қилиши мумкин.
Ходим ўз аризасида меҳнат шартномасини бекор қилиш сабабини кўрсатиши керакми?
Ходим бирор сабаб кўрсатиб ёки ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир. Фақатгина ходим ўз нияти ҳақида иш берувчини икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириши талаб этилади ва бу мажбурий ҳисобланади. Огоҳлантириш муддати тугаганидан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.
Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан белгиланган икки ҳафталик муддатни қисқартирган ҳолда бекор қилиниши мумкинми?
Қонунда қисқартирилган муддатлар назарда тутилмаган. Бироқ Меҳнат кодексининг 99-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин. Бундан кўриниб турибдики, иш берувчи ва ходим ўзаро келишсалар, икки ҳафта ўтишини кутиб туриш шарт эмас. Аризанинг матнида ходим меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраётган аниқ сана кўрсатилади.
Қонунда белгиланган икки ҳафталик муддат ёки ўзаро келишиб олинган муддат ичида ходим ўз аризаси қайтариб олишга ҳақлими?
Мазкур вазиятда қонунчилик ўзида ходим манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаб қўйган. Қонунда белгиланган ёки ходим ва иш берувчи келишувига кўра қисқартирилган огоҳлантириш муддати давомида ходим меҳнат шартномаси тугатилгани ҳақида буйруқ чиқарилган бўлишидан қатъи назар, аризасини қайтариб олишга ҳақли. Ходимнинг ўрнига бошқасининг таклиф этилгани унга аризасини қайтариб олишни рад қилишга асос бўлмайди, чунки иш берувчи фақат аввалги ходим ўртасидаги меҳнат шартномасини бекор қилганидан кейингина бу иш (лавозим)га бошқа ходимни таклиф қилишга ҳақли.
Мисол: 2017 йил 30 майда ходим раҳбарга меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра 2017 йил 1 июндан бекор қилиш ҳақида ариза билан мурожаат қилди. Корхона раҳбари ходим қонунда белгиланган икки ҳафтани ишлаб бериши керак деб ҳисоблаган ҳолда у билан меҳнат шартномасини фақат 2017 йил 13 июнда бекор қилиши мумкинлигини айтди. Ходим бунга рози бўлди ва меҳнат шартномасини иш берувчи томонидан белгиланган муддатда бекор қилиш ҳақида янги ариза ёзди. Аммо огоҳлантириш муддати давомида ходим ўз қарорини ўзгартирди ва 2017 йил 12 июнда берган аризасини қайтариб олди. Бу вазиятда иш берувчи Меҳнат кодексининг 99-моддасида белгилаб қўйилган тартибда ходимнинг ишдан бўшаш тўғрисида ёзган аризаси асосида у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас. Чунки икки ҳафталик муддат тамом бўлмаган.
Иш берувчи ходимдан икки ҳафталик огоҳлантириш муддати давомида ишлаб беришни талаб қилиши ва у билан тузилган шартномани бекор қилишни рад этишга ҳақлими?
Албатта, иш берувчи, агар унинг бунга асоси бўлса, меҳнат шартномасини қонунда белгиланган икки ҳафталик огоҳлантириш муддатидан аввал бекор қилишни рад этишга ҳақли. Бу вазиятда ходим тўлиқ икки ҳафта иш берувчи учун ишлаб бериши керак. Зеро, бу вақтда иш берувчи мазкур ходим ўрнига янги номзод топиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширади.
Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?
Юқорида таҳлил қилганимиздек, ходим бирор сабаб кўрсатиб ёки ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли ҳисобланади. Бироқ бу ҳуқуқ иш берувчига тегишли эмас.
Меҳнат кодексининг 100-моддасига биноан қуйидаги сабаблардан бирининг мавжудлиги иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканини билдиради:
1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани;
2) ходимнинг малакаси етарли бўлмагани ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
3) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузгани. Аввал меҳнат вазифаларини бузгани учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан такроран интизомга хилоф ножўя ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади;
4) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузгани.
Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати ички меҳнат тартиби қоидалари; корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси; айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставлар билан белгиланади.
Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бузиши қўпол тусга эгалиги ёки эга эмаслиги ҳар бир муайян ҳолда содир қилинган ножўя ҳаракатнинг оғир-енгиллигига ҳамда бундай бузиш туфайли келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларга қараб ҳал этилади;
5) ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек, меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилингани;
6) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилингани;
7) ходимнинг пенсия ёшига тўлгани, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.
Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан фақат юқорида кўрсатилган 7 та асосга кўра бекор қилиниши мумкин. Бошқа асосларга кўра иш берувчи ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас. Амалиётда иш берувчи юқоридаги асослар мавжуд бўлмаган ҳолда ходим билан бирор бир келишмовчиликка дуч келиб қолса, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг «осон йўли» – яъни ходимнинг ишдан «ўз аризаси билан» кетиши кераклигини талаб қилади. Бу — қонунга хилоф.
Ходим ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани ўз хоҳиши билан эмас, балки иш берувчининг қистови билан ёзган бўлса, ўз ишига тикланиши мумкинми?
Ҳа, албатта. Меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади. Судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида бергани тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширишлари лозим (Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги 12-қарорининг 15-банди).
Агар ариза иш берувчининг қистови билан ходимнинг ихтиёрига зид равишда ёзилган бўлса ва буни ходим исботлаб бера олса, меҳнат шартномасини бекор қилиш ғайриқонуний деб топилади ҳамда ходим суд томонидан аввалги ишига тикланади. Ишга тиклаш ҳақидаги низо бўйича ариза ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқ нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида бевосита судга берилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, меҳнат ва технология интизоми, ички меҳнат тартиби қоидалари, уставлар ва интизом тўғрисидаги қоидаларга риоя қилиш, иш берувчининг қонуний фармойишларини бажариш, меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитарияси талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя қилиш ходимнинг меҳнат муносабатларидаги мажбуриятларига киради. Агар ходим белгиланган тартибда ўзининг меҳнат вазифаларини бажарадиган бўлса, унга нисбатан иш берувчи бирор бир ножўя хатти-ҳаракат содир этишга ҳақли эмас. Ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинади.
Жалол Садиров, Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси
Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг 2016 йил 01 июлдаги ҳукмига кўра, З.Тоҳиров, Ўзбекистон Республикаси ЖК 178-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.
Суднинг ҳукмига кўра, З.Тоҳиров, Бухоро тумани “Gala Osiyo Agrosaxovat Servis” МЧЖни ташкил қилиб, 2015 йил май-июнь ойларида шартнома асосида жами бўлиб 42.167 АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия Федерациясидаги “Северо-Западный торговый дом” МЧЖга етказиб бериб, улар учун тўланиши лозим бўлган хорижий валютадаги пул маблағларининг 25 фоизини, яъни 10.541,75 АҚШ долларини банк муассасасига ўтказмасдан қасддан яширишда айбланган.
Дастлабки тергов ва судда сўроқ қилинган З.Тоҳиров, шартнома асосида 2015 йил май ойида жами 19.811 АҚШ долларга тенг помидор маҳсулотларини Россия Федерациясига олиб чиқмоқчи бўлганлигини, аммо Миллий банк Бухоро филиали томонидан валюта ҳисоб рақами ўз вақтида очилмаганлиги сабабли оворагарчилик натижасида етти кун қолиб кетганлигини, божхонада ҳам беш кун оввора бўлганлигини, шундан сўнг ушбу маҳсулотни Санкт-Петербург шаҳрига етказиб берганлигини, бу орада 2015 йил 10 июнда тузилган қўшимча шартномага асосан 22.356 АҚШ долларига тенг миқдорда помидор ва бақлажон маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганлигини, шартномада кўрсатилган 42.167 АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Санкт-Петербург шаҳрига етказиб берган бўлсада, аммо йўлда кўп оввора бўлиши ва ушланиб қолиши натижасида маҳсулотларнинг сифати бузилганлигини, харидор ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олмаганлиги ва ушбу маҳсулот учун маблағ келиб тушмаганлиги, бунинг оқибатида зарар кўрганлиги, натижада чет эл валютасини ваколатли банк муассасасига мажбурий тартибда сота олмаганлигини, экспортга юборилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини банк кредити ҳисобига сотиб олинганлигини билдирган.
Жиноят ишига “СОЭКС-НЕВА” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2015 йил 25 июнь куни ўтказилган эксперт хулосаси тақдим қилинган бўлиб, унга биноан “Gala Osiyo Agrosaxovat Servis” МЧЖ ва “Северо-Западный торговый дом” МЧЖ ўртасида тузилган шартномаларга биноан етказилиши лозим бўлган помидор ва бақлажон маҳсулотлари давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги ва истеъмолга яроқсизлиги аниқланган.
Қонуннинг мазмунига кўра, чет эл валютасини яшириш қасддан содир қилинадиган жиноятлар турига кириб, шахсни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 178-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун чет эл валютасини яширишга қаратилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир қилинганлиги исботланиши лозим.
Ўз навбатида ҳар қандай қасддан содир қилинадиган жиноятларда шахс унга қонун билан юклатилган вазифаларни унинг эрки, иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда бажара олмаса, мазкур ҳолатлар жавобгарликка сабаб бўлмайди.
Жиноят иши бўйича З.Тоҳировнинг чет эл валютасини яширишга қаратилган қасддан ҳаракатлар содир қилганлиги, чунончи Россия Федерациясига етказилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб, улардан тушган валютани махсус ҳисоб рақамига ўтказмасдан яшириб қолганлиги тасдиқланмаган. Аксинча, З.Тоҳировнинг четга етказиб берилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз бўлиб қолганлиги боис, уларни сота олмаганлиги, бунинг натижасида маблағ келиб тушмаганлиги сабабли, унга боғлиқ бўлмаган объектив сабабларга кўра махсус ҳисоб рақамига чет эл валютасини ўтказа олмаганлиги аниқланган.
Қайд этилганларга асосан, Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, биринчи босқич судининг айблов ҳукмини бекор қилиб, З.Тоҳировга нисбатан оқлов ҳукми чиқарди.
Суръат Найимов,Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг раиси
Рахимжон Қаноатов,Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг девонхона мудири
2022 йил 8 июнь куни Олот туманидаги касб-ҳунар мактаби биносида аризачи Файзиева Усмон Рахмоновичнинг жавобгар Олот туман фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия ва “Эски Олот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳига нисбатан 2022 йил 25 май куни ўтказилган сайлов юзасидан қарорни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси юзасидан маъмурий иш бўйича сайёр суд мажлиси ўтказилди. Сайёр суд мажлисига Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси А.Бобомуродов раислик қилди.
Сайёр суд мажлисида аризачи ва жавобгарларнинг барча важлари тингланди. Сайёр суд мажлиси давомида “Эски Олот” МФЙ раисини сайлови юзасидан йиғилиш иштирокчилариннг фикрлари ҳам эшитилди.
2022 йил 25 май куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди томонидан судланувчи Зиёева Фарангис Ҳалим қизига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “л” банди билан ҳукм ўқилди. Иш тафсилотлари кўра, Ф.Зиёева 2022 йил 16 январь куни соат 17:30да Пешку туман, Ибн-сино маҳалла фуқаролар йиғини Афшона қишлоғида жойлашган ижарадаги яшаш хонадонида турмуш ўртоғи Жонпўлотов Нозим Намоз ўғли билан ўзаро келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида ошхона пичоғи билан Н.Жонпўлотовни қорин қисмига бир маротаба уриб, суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, унга оғир тан жароҳати етказиб, қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёни ишлатиб қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган. Судда сўроқ қилинган жабрланувчи Н.Жонпўлотов судланувчи Зиёева Фарангис Ҳалим қизи унинг турмуш ўртоғи эканлигини, уларнинг ўрталарида бўлиб ўтган оилавий келишмовчиликлар сабабли турмуш ўртоғи Ф.Зиёева Пешку тумани, Ибн-Сино МФЙ, Афшона қишлоғида жойлашган уйга ижарага чиқиб алоҳида яшаб келганлигини, 2022 йил 16 январь куни ўзининг уйида укасининг никоҳ тўйидан кейинги маросими бўлганлигини, ушбу маросимда у ҳам иштирок этиб меҳмонлар ва қариндошлар билан бирга ўтириб озгина спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини, тахминан соат 16:00да турмуш ўртоғи Ф.Зиёева унга қўнғироқ қилиб оч қолганлигини, овқат олиб келишни айтганлиги сабабли у бир идишга ош ва ширинлик олиб, турмуш ўртоғи Ф.Зиёевани ижарадаги уйига борганлигини, у ерда Ф.Зиёева билан кўришиб, олиб келган овқатини берганлигини, шунда Ф.Зиёева унга “олиб келган овқатинг салқут, емайман” деб айтганидан сўнг улар ўзаро тортишиб қолишганини, Ф.Зиёева опаси Латофатнинг уйига кетишини айтиб кўча томонга чиқиб кетаётган вақтида, унинг қўлидан тортиб уй ичкарисига киритганлигини ва юзидан икки маротаба урганлигини, шунда кетаман деб яна бақир-чақир қилганлигини, бир оздан кейин турмуш ўртоғи Ф.Зиёева бир қўлида кийим-кечаклари ва иккинчи қўлида пичоқ билан чиққанлигини, турмуш ўртоғи Ф.Зиёеванинг уйдан чиқишига қўймасдан ичкарига киришини айтиб қўлидан тортганлигини, шу вақтда турмуш ўртоғи Ф.Зиёева қўлидаги пичоқни унинг қорнига суққанлигини, шунда у нима сабабдан уни пичоқлаганини сўраб қўли билан Ф.Зиёеванинг бўйнидан буғганлигини, кейин қорнига суқилиб қолган пичоқни тортиб олганлигини, пичоқ суқилган жойдан тўхтамасдан қон кетганлиги сабабли ижарадаги уйда турган велосипедни олиб ўзининг уйига борганлигини, кейин укаси Жонпўлотов Насимга телефон қилиб аҳволи оғирлашаётганини айтиб уни чақирганлигини, укаси келганча таниши Аббоснинг автомашинасида Пешку туман тез ёрдам бўлимига борганлигини, у ерда унга тез тиббий ёрдам беришганини, бундан олдин хам турмуш ўртоғи Ф.Зиёева билан ўрталарида оилавий келишмовчиликлар бўлганлигини, 2022 йил 16 январь куни турмуш ўртоғи Ф.Зиёевани уриб тан жароҳати етказган вақтида уларнинг олдида ҳеч ким бўлмаганини, турмуш ўртоғи унга пиқоч суққанидан кейин уларнинг олдига қўшниси келиб қолиб уларни ажратганлигини, ҳозирда судланувчи Ф.Зиёевага нисбатан даъвоси йўқлигини, Ф.Зиёевага қонуний енгиллик берилишини сўраб кўрсатув берди. Суд, судланувчи Ф.Зиёевага нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атворини, мазкур жиноят жабрланувчининг зўрлик ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли содир этилганлигини инобатга олиб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, қарамоғида бир нафар 3 ёшли вояга етмаган фарзанди борлигини, ягона боқувчилигини, жабрланувчи (турмуш ўртоғи) Н.Жонпўлотов билан доимий жанжал ва оилавий келишмовчилик сабабли ҳозирда “Ойдин Нур” оилани ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш марказида яшаб келаётганлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топиб унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “л” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, куннинг кеч соат 21:00дан эрталаб соат 7:00гача яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Турсунбой Тангриев, Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Фаррух Икрамов, Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг раиси
2022 йил 30 май куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди томонидан судланувчи Ражабова Зарина Саёдовнага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 110-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан ҳукм ўқилди.
Иш тафсилотлари кўра, З.Ражабова 2021 йилнинг январь ойи охирларидан 2021 йилнинг май ойи охирларига қадар бўлган давр давомида, ўзининг Пешку туман “Хуррам” МФЙ, “Калласанг” қишлоғида жойлашган яшаш уйида, ўгай қизи вояга етмаган Рашидова Шаҳзода Раҳим қизини мунтазам равишда уриб, танасини турли қисмларига қайнатилган сув билан куйдириш орқали муттасил равишда қийнаб, суд тиббий экспертиза илмий амалий маркази Ромитан филиалининг 2022 йил 31 январдаги 28-сонли хулосасига кўра, “соғлигининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати” етказиб, вояга етмаган шахсга нисбатан қийнаш жиноятини содир этган.
Гарчанд судда судланувчи З.Ражабова айбига қисман иқрорлик билдириб, ўгай қизи вояга етмаган Ш.Рашидова унинг жаҳлини чиқарганида урган бўлса-да, унинг қўли, оёғи ва танасидан бошқа жойларига қайноқ сув тўкиб қийнамаганлигини, оғзига пешоб қилмаганлигини, резина шланг билан танасидан урмаганлигини, икки қўлига матони ўраб эшик ва деразага боғлаб қўймаганлигини билдирган бўлса-да, унинг вояга етмаган Ш.Рашидовани муттасил равишда уриб қийнаганлигида ифодаланган айби, жабрланувчи вояга етмаган Ш.Рашидованинг суддаги 2021 йил январь ойининг охирларида ўгай онаси Зарина қайнаб турган иссиқ сувни қўлига қуйганлиги, 2021 йил февраль ойининг бошларида иккала оёғига қайноқ сув тўкканлиги, 2021 йил 25 апрель куни уйга киравериш эшиги олдидаги бетон зинага сочидан ушлаган ҳолда урганлиги, резина шланг билан орқа томон бел қисмидан урганлиги, 2021 йил май ойи бошларида барча рўмолларни бир-бирига боғлаб, уни қўлини эшик ва деразага тортиб эрталабгача боғлаб қўйганлиги, 2021 йил май ойи ўрталарида ошхонанинг ёнидаги уйга олиб кириб оғзига пешоб қилганлиги, кейин эса ташқарига олиб чиқиб челакда турган иссиқ сувни устига сепганлиги ҳақидаги кўрсатуви;
– гувоҳ А.Ҳаитов, А.Холов, Г.Мақсудова ва Д.Жумаевнинг суддаги кўрсатувлари;
– РСТЭИАМ Бухоро вилояти Ромитан туман пунктининг 2022 йил 30 январдаги вояга етмаган Ш.Рашидовага оид “чап болдир олд юзасидан ярадан кейинги чандиғи суд тиббий экспертиза ўтказгунга қадар узоқ муддат ўтганлиги сабабли муддатини аниқлаш имконияти бўлмаганлиги, ушбу юқори ҳароратга эга бўлган омил, яъни текширулувчи айтган ҳолатда юзага келган бўлиши мумкинлиги, оғирлик даражаси бўйича соғлигининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати тоифасига кириши ҳақида”ги 28-сонли суд тиббий экспертизаси хулосаси;
– вояга етмаган Ш.Рашидова ва гумон қилинувчи З.Ражабова ўртасида ўтказилган юзлаштиришдаги кўрсатувлар билан ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топган деб ҳисоблади.
Суд, судланувчи З.Ражабовага нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атворини, мазкур жиноят вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилганлигини, жабрланувчининг қонуний вакили даъво қилиб судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини талаб қилганлигини инобатга олиб, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, содир бўлган ҳолатлар қай даражада вояга етмаганнинг ҳаётига ва руҳий ҳолатига салбий таъсир қилганлигини ҳуқуқий баҳолаб, унинг қилмишини жазога сазовор ва уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин эмас деган тўхтамга келган бўлса-да, судланувчи томонидан содир этилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киришини, судланувчининг унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи маротаба содир этганлигини, унинг аёллигини ва қарамоғида 1 (бир) ёшга тўлмаган фарзанди борлигини шунингдек, ЖКнинг 50-моддасининг 10-қисмида қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан тайинланмаслиги қайд қилинганлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 110-моддаси 2-қисми “а” банди билан куннинг кеч соат 21:00дан эрталаб соат 7:00гача яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, жазо ўташ даврида Ражабова Зарина Саёдовнанинг зиммасига бир қатор қўшимча тақиқлар (чеклашлар) юкланиб, жабрланувчи вояга етмаган Ш.Рашидованинг битган ярасини янгиламаслик ҳамда судланувчи билан учрашуви унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини олдини олиш мақсадида судланувчининг зиммасига вояга етмаган Ш.Рашидова ва унинг оила аъзолари билан учрашмаслик, улар билан алоқа ўрнатмаслик каби мажбурият ҳам юклатилди.
Зариф Шеров,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Суд тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан биридир.
Бугун жиноят ишлари бўйича судлов ҳайати судьяси Улуғбек Жўраев ва жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси Акрам Раҳимов, туман прокурори Б.Султонов ва хотин қизлар қўмитаси раиси Ю.Зухуровалар билан биргаликда туманда сайёр қабуллар ўтказди.
Сайёр қабулда жами 93 та фуқаро қабул қилинди. Фуқаролар томонидан мурожаатларнинг аксарияти жиноят ишлари, маъмурий ишлар, фуқаролик ишлари ва иқтисодий ишлари бўйича келиб тушди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекситон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ташаббуси билан 2022 йил 28 май куни Бухоро вилояти маъмурий судлари судьялари ҳамда Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасининг катта мажлислар залида солиқ қонунчилигини қўллаш бўйича семинар-тренинг машғулоти ўтказилди. Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг раис ўринбосарлари, Бухоро вилоят ва туманлараро маъмурий судининг раиси ва судьялари, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ва ўринбосарлари, вилоят прокуратураси вакиллари, вилоят адлия бошқармаси вакиллари, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, ўринбосарлари ва ходимлари, ушбу ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 10 дан ортиқ тадбиркорлар, Бухоро давлат университетининг 150 дан ортиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган битирувчи талабалари қатнашдилар. Шунингдек, Бухоро вилоят маъмурий судининг раиси С.Турсунов томонидан ушбу семинар-тренинг очиб берилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Д.Каримов, Давлат солиқ қўмитаси вакили, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Б.Садуллаев, Бухоро вилоят божхона бошқармаси бошлиғи, ҳамда Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси ўринбосарилари томонидан солиқ қонунчилиги бўйича маърузалар қилинди. Бундан ташқари, семинар-тренинг якунида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва Бухоро вилоят маъмурий судининг раиси С.Турсунов томонидан ушбу ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ёш тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига ҳуқуқий тушунтириш берилди ҳамда Ўзбекситон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра, Ўзбекситон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талабларга риоя қилган ҳолда, белгиланган тартибда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги) ёки қарорлари устидан туманлараро маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди.
Бухоро вилоят маъмурий судиматбуотхизмати
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Бухоро вилоят маъмурий суди