БУХОРОЛИК  ТАДБИРКОР  ОҚЛАНДИ

Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг 2016 йил 01 июлдаги  ҳукмига кўра, З.Тоҳиров, Ўзбекистон Республикаси ЖК 178-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.

Суднинг ҳукмига кўра, З.Тоҳиров, Бухоро тумани “Gala Osiyo Agrosaxovat Servis” МЧЖни ташкил қилиб, 2015 йил май-июнь ойларида шартнома асосида жами бўлиб 42.167 АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия Федерациясидаги “Северо-Западный торговый дом” МЧЖга етказиб бериб, улар учун тўланиши лозим бўлган хорижий валютадаги пул маблағларининг 25 фоизини, яъни 10.541,75 АҚШ долларини банк муассасасига ўтказмасдан қасддан яширишда айбланган. 

Дастлабки тергов ва судда сўроқ қилинган З.Тоҳиров, шартнома асосида 2015 йил май ойида жами 19.811 АҚШ  долларга тенг помидор маҳсулотларини Россия Федерациясига олиб чиқмоқчи бўлганлигини, аммо Миллий банк Бухоро филиали томонидан валюта ҳисоб рақами ўз вақтида очилмаганлиги сабабли оворагарчилик натижасида етти кун қолиб кетганлигини, божхонада ҳам беш кун оввора бўлганлигини, шундан сўнг ушбу маҳсулотни Санкт-Петербург шаҳрига етказиб берганлигини, бу орада 2015 йил 10 июнда тузилган қўшимча шартномага асосан 22.356 АҚШ долларига тенг миқдорда помидор ва бақлажон маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганлигини, шартномада кўрсатилган
42.167 АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини
Санкт-Петербург шаҳрига етказиб берган бўлсада, аммо йўлда кўп оввора бўлиши ва ушланиб қолиши натижасида маҳсулотларнинг сифати бузилганлигини, харидор ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олмаганлиги ва ушбу маҳсулот учун маблағ келиб тушмаганлиги, бунинг оқибатида зарар кўрганлиги, натижада чет эл валютасини ваколатли банк муассасасига мажбурий тартибда сота олмаганлигини, экспортга юборилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини банк кредити ҳисобига сотиб олинганлигини билдирган.

Жиноят ишига “СОЭКС-НЕВА” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2015 йил 25 июнь куни ўтказилган эксперт хулосаси тақдим қилинган бўлиб, унга биноан “Gala Osiyo Agrosaxovat Servis” МЧЖ ва “Северо-Западный торговый дом” МЧЖ ўртасида тузилган шартномаларга биноан етказилиши лозим бўлган помидор ва бақлажон маҳсулотлари давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги ва истеъмолга яроқсизлиги аниқланган.

Қонуннинг мазмунига кўра, чет эл валютасини яшириш қасддан содир қилинадиган жиноятлар турига кириб, шахсни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 178-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун чет эл валютасини яширишга қаратилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир қилинганлиги исботланиши лозим.

Ўз навбатида ҳар қандай қасддан содир қилинадиган жиноятларда шахс унга қонун билан юклатилган вазифаларни унинг эрки, иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда бажара олмаса, мазкур ҳолатлар жавобгарликка сабаб бўлмайди.

Жиноят иши бўйича З.Тоҳировнинг чет эл валютасини яширишга қаратилган қасддан ҳаракатлар содир қилганлиги, чунончи Россия Федерациясига етказилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб, улардан тушган валютани махсус ҳисоб рақамига ўтказмасдан яшириб қолганлиги тасдиқланмаган. Аксинча, З.Тоҳировнинг четга етказиб берилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз бўлиб қолганлиги боис, уларни сота олмаганлиги, бунинг натижасида маблағ келиб тушмаганлиги сабабли, унга боғлиқ бўлмаган объектив сабабларга кўра махсус ҳисоб рақамига чет эл валютасини ўтказа олмаганлиги аниқланган.

Қайд этилганларга асосан, Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, биринчи босқич судининг айблов ҳукмини бекор қилиб, З.Тоҳировга нисбатан оқлов ҳукми чиқарди.

Суръат Найимов, Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг раиси

Рахимжон Қаноатов, Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг девонхона мудири

Сайёр судда МФЙ раиси сайлови кўриб чиқилди

2022 йил 8 июнь куни Олот туманидаги касб-ҳунар мактаби биносида аризачи Файзиева Усмон Рахмоновичнинг жавобгар Олот туман фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия ва “Эски Олот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳига нисбатан 2022 йил 25 май куни ўтказилган сайлов юзасидан қарорни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси юзасидан маъмурий иш бўйича сайёр суд мажлиси ўтказилди. Сайёр суд мажлисига Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси А.Бобомуродов раислик қилди.

Сайёр суд мажлисида аризачи ва жавобгарларнинг барча важлари тингланди. Сайёр суд мажлиси давомида “Эски Олот” МФЙ раисини сайлови юзасидан йиғилиш иштирокчилариннг фикрлари ҳам эшитилди.

Алишер Бобомуродов, Бухоро туманлараро маъмурий суди раиси

Сўнгги пушаймон

Судланувчи Ж.Ж.,қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, киссавурлик қилиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиб, ўғирлик жиноятини содир қилган. 
Жумладан у, 2022 йил 01 январь куни соат тахминан 22:00 ларда Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчасида жойлашган “Cougar game zone” компютер ўйинлари ўйналадиган залга мижоз сифатида келиб, ушбу залда компютер ўйинлари ўйнаётган, фуқаро Г.В.М.нинг чалғиганлигидан фойдаланиб, унга тегишли бўлган оқ рангли куртканинг чап чўнтагида бўлган 350 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни киссавурлик йўли билан яширин равишда талон-торож қилиб, жабрланувчига 3.793.181 сўм миқдорида моддий зарар етказиб, ўғирлик жиноятини содир қилган. 
Судланувчи Ж.Ж. судда, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, у 
2022 йил кечки пайт соат 20:00 ларда қўшнилари Ш.Н. ва унинг 
6-7 нафар ўртоқлари биргаликда компютер ўйинлари ўйнаш учун Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчасида жойлашган “Гулливер” ресторани ёнидаги “Cougar game zone” компютер ўйинлари ўйналадиган жойга бориб, Нозим ва унинг ўртоқлари компютер ўйинлари ўйналадиган ўйингоҳнинг кираверишдаги хоналарига жойлашиб, бўш компютерларга ўтириб, ўйин ўйнаганликлари, ўзи компютер ўйинлари ўйнай олмаслиги туфайли ўртоғи Ш.Н.нинг компютер ўйинларини ўйнашини бироз вақт томоша қилиб тургани, кейин эса, ўрнидан туриб, ушбу хонада моҳирлик билан компютер ўйинлари ўйнаётган болаларнинг ўйинларини томоша қила бошлагани, хонадаги барча болаларнинг ўйинларини томоша қилиб бўлганидан сўнг, зина орқали пастга яъни компютерлар қаторасига териб қўйилган залга тушгани, залда мижозлар ва томошабинлар кўпчиликни ташкил қилгани, кейин эса, ўзи залда компютер ўйинлари ўйнаётган болаларнинг ўйинларини томоша қила бошлагани, залга кираверишнинг чап томонида ўзига олдиндан нотаниш бўлган, кейинчалик исмини билган, Г.В. ва унинг ўртоғи Қ.С. ҳам бўлган.
Суд, судланувчи Ж.Ж.нинг айби, унинг ўз қилмишига тўлиқ иқрорлик билдириб,оилавий шароитини, оилада якка боқувчилигини ҳамда қилган ишидан чин дилдан пушаймон эканлигини инобатга олган ҳолда шахсига ва қилган жиноят ишига мос жазо тайинлади. 
 
Шухрат Тўхтаев,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
 
Акбар Жабборов,
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси

Эрини пичоқлаган аёлга ҳукм ўқилди

2022 йил 25 май куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди томонидан судланувчи Зиёева Фарангис Ҳалим қизига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “л” банди билан ҳукм ўқилди.
Иш тафсилотлари кўра, Ф.Зиёева 2022 йил 16 январь куни соат 17:30да Пешку туман, Ибн-сино маҳалла фуқаролар йиғини Афшона қишлоғида жойлашган ижарадаги яшаш хонадонида турмуш ўртоғи Жонпўлотов Нозим Намоз ўғли билан ўзаро келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида ошхона пичоғи билан Н.Жонпўлотовни қорин қисмига бир маротаба уриб, суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, унга оғир тан жароҳати етказиб, қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёни ишлатиб қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган.
Судда сўроқ қилинган жабрланувчи Н.Жонпўлотов судланувчи Зиёева Фарангис Ҳалим қизи унинг турмуш ўртоғи эканлигини, уларнинг ўрталарида бўлиб ўтган оилавий келишмовчиликлар сабабли турмуш ўртоғи Ф.Зиёева Пешку тумани, Ибн-Сино МФЙ, Афшона қишлоғида жойлашган уйга ижарага чиқиб алоҳида яшаб келганлигини, 2022 йил 16 январь куни ўзининг уйида укасининг никоҳ тўйидан кейинги маросими бўлганлигини, ушбу маросимда у ҳам иштирок этиб меҳмонлар ва қариндошлар билан бирга ўтириб озгина спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини, тахминан соат 16:00да турмуш ўртоғи Ф.Зиёева унга қўнғироқ қилиб оч қолганлигини, овқат олиб келишни айтганлиги сабабли у бир идишга ош ва ширинлик олиб, турмуш ўртоғи Ф.Зиёевани ижарадаги уйига борганлигини, у ерда Ф.Зиёева билан кўришиб, олиб келган овқатини берганлигини, шунда Ф.Зиёева унга “олиб келган овқатинг салқут, емайман” деб айтганидан сўнг улар ўзаро тортишиб қолишганини, Ф.Зиёева опаси Латофатнинг уйига кетишини айтиб кўча томонга чиқиб кетаётган вақтида, унинг қўлидан тортиб уй ичкарисига киритганлигини ва юзидан икки маротаба урганлигини, шунда кетаман деб яна бақир-чақир қилганлигини, бир оздан кейин турмуш ўртоғи Ф.Зиёева бир қўлида кийим-кечаклари ва иккинчи қўлида пичоқ билан чиққанлигини, турмуш ўртоғи Ф.Зиёеванинг уйдан чиқишига қўймасдан ичкарига киришини айтиб қўлидан тортганлигини, шу вақтда турмуш ўртоғи Ф.Зиёева қўлидаги пичоқни унинг қорнига суққанлигини, шунда у нима сабабдан уни пичоқлаганини сўраб қўли билан Ф.Зиёеванинг бўйнидан буғганлигини, кейин қорнига суқилиб қолган пичоқни тортиб олганлигини, пичоқ суқилган жойдан тўхтамасдан қон кетганлиги сабабли ижарадаги уйда турган велосипедни олиб ўзининг уйига борганлигини, кейин укаси Жонпўлотов Насимга телефон қилиб аҳволи оғирлашаётганини айтиб уни чақирганлигини, укаси келганча таниши Аббоснинг автомашинасида Пешку туман тез ёрдам бўлимига борганлигини, у ерда унга тез тиббий ёрдам беришганини, бундан олдин хам турмуш ўртоғи Ф.Зиёева билан ўрталарида оилавий келишмовчиликлар бўлганлигини, 2022 йил 16 январь куни турмуш ўртоғи Ф.Зиёевани уриб тан жароҳати етказган вақтида уларнинг олдида ҳеч ким бўлмаганини, турмуш ўртоғи унга пиқоч суққанидан кейин уларнинг олдига қўшниси келиб қолиб уларни ажратганлигини, ҳозирда судланувчи Ф.Зиёевага нисбатан даъвоси йўқлигини, Ф.Зиёевага қонуний енгиллик берилишини сўраб кўрсатув берди.
Суд, судланувчи Ф.Зиёевага нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атворини, мазкур жиноят жабрланувчининг зўрлик ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли содир этилганлигини инобатга олиб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, қарамоғида бир нафар 3 ёшли вояга етмаган фарзанди борлигини, ягона боқувчилигини, жабрланувчи (турмуш ўртоғи) Н.Жонпўлотов билан доимий жанжал ва оилавий келишмовчилик сабабли ҳозирда “Ойдин Нур” оилани ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоялаш марказида яшаб келаётганлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топиб унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “л” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, куннинг кеч соат 21:00дан эрталаб соат 7:00гача яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Турсунбой Тангриев,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси


Фаррух Икрамов,
Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг раиси

Ўгай онанинг зулмига чек қўйилди

2022 йил 30 май куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди томонидан судланувчи Ражабова Зарина Саёдовнага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 110-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан ҳукм ўқилди.

         Иш тафсилотлари кўра, З.Ражабова 2021 йилнинг январь ойи охирларидан 2021 йилнинг май ойи охирларига қадар бўлган давр давомида, ўзининг Пешку туман “Хуррам” МФЙ, “Калласанг” қишлоғида жойлашган яшаш уйида, ўгай қизи вояга етмаган Рашидова Шаҳзода Раҳим қизини мунтазам равишда уриб, танасини турли қисмларига қайнатилган сув билан куйдириш орқали муттасил равишда қийнаб, суд тиббий экспертиза илмий амалий маркази Ромитан филиалининг 2022 йил 31 январдаги 28-сонли хулосасига кўра, “соғлигининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати” етказиб, вояга етмаган шахсга нисбатан қийнаш жиноятини содир этган.

         Гарчанд судда судланувчи З.Ражабова айбига қисман иқрорлик билдириб, ўгай қизи вояга етмаган Ш.Рашидова унинг жаҳлини чиқарганида урган бўлса-да, унинг қўли, оёғи ва танасидан бошқа жойларига қайноқ сув тўкиб қийнамаганлигини, оғзига пешоб қилмаганлигини, резина шланг билан танасидан урмаганлигини, икки қўлига матони ўраб эшик ва деразага боғлаб қўймаганлигини билдирган бўлса-да, унинг вояга етмаган Ш.Рашидовани муттасил равишда уриб қийнаганлигида ифодаланган айби, жабрланувчи вояга етмаган Ш.Рашидованинг суддаги 2021 йил январь ойининг охирларида ўгай онаси Зарина қайнаб турган иссиқ сувни қўлига қуйганлиги, 2021 йил февраль ойининг бошларида иккала оёғига қайноқ сув тўкканлиги, 2021 йил 25 апрель куни уйга киравериш эшиги олдидаги бетон зинага сочидан ушлаган ҳолда урганлиги, резина шланг билан орқа томон бел қисмидан урганлиги, 2021 йил май ойи бошларида барча рўмолларни бир-бирига боғлаб, уни қўлини эшик ва деразага тортиб эрталабгача боғлаб қўйганлиги, 2021 йил май ойи ўрталарида ошхонанинг ёнидаги уйга олиб кириб оғзига пешоб қилганлиги, кейин эса ташқарига олиб чиқиб челакда турган иссиқ сувни устига сепганлиги ҳақидаги кўрсатуви;

– гувоҳ А.Ҳаитов, А.Холов, Г.Мақсудова ва Д.Жумаевнинг суддаги кўрсатувлари;

– РСТЭИАМ Бухоро вилояти Ромитан туман пунктининг 2022 йил 30 январдаги вояга етмаган Ш.Рашидовага оид “чап болдир олд юзасидан ярадан кейинги чандиғи суд тиббий экспертиза ўтказгунга қадар узоқ муддат ўтганлиги сабабли муддатини аниқлаш имконияти бўлмаганлиги, ушбу юқори ҳароратга эга бўлган омил, яъни текширулувчи айтган ҳолатда юзага келган бўлиши мумкинлиги, оғирлик даражаси бўйича соғлигининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати тоифасига кириши ҳақида”ги 28-сонли суд тиббий экспертизаси хулосаси;

– вояга етмаган Ш.Рашидова ва гумон қилинувчи З.Ражабова ўртасида ўтказилган юзлаштиришдаги кўрсатувлар билан ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топган деб ҳисоблади.

         Суд, судланувчи З.Ражабовага нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атворини, мазкур жиноят вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилганлигини, жабрланувчининг қонуний вакили даъво қилиб судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини талаб қилганлигини инобатга олиб, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, содир бўлган ҳолатлар қай даражада вояга етмаганнинг ҳаётига ва руҳий ҳолатига салбий таъсир қилганлигини ҳуқуқий баҳолаб, унинг қилмишини жазога сазовор ва уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин эмас деган тўхтамга келган бўлса-да, судланувчи томонидан содир этилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киришини, судланувчининг унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи маротаба содир этганлигини, унинг аёллигини ва қарамоғида 1 (бир) ёшга тўлмаган фарзанди борлигини шунингдек, ЖКнинг 50-моддасининг 10-қисмида қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан тайинланмаслиги қайд қилинганлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 110-моддаси 2-қисми “а” банди билан куннинг кеч соат 21:00дан эрталаб соат 7:00гача яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, жазо ўташ даврида Ражабова Зарина Саёдовнанинг зиммасига бир қатор қўшимча тақиқлар (чеклашлар) юкланиб, жабрланувчи вояга етмаган Ш.Рашидованинг битган ярасини янгиламаслик ҳамда судланувчи билан учрашуви унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини олдини олиш мақсадида судланувчининг зиммасига вояга етмаган Ш.Рашидова ва унинг оила аъзолари билан учрашмаслик, улар билан алоқа ўрнатмаслик каби мажбурият ҳам юклатилди.

Зариф Шеров,

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Фаррух Икрамов,

Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг раиси

Абитуриентларни чув туширган фирибгарга нисбатан ҳукм ўқилди

2022 йил 06 май куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди (томонидан судланувчи Шарипов Марат Маткарим ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан ҳукм ўқилди.
         Иш тафсилотлари кўра, М.Шарипов ва Паноева Шалола Шокировна олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб Пешку туман Бобоҳожи МФЙда яшовчи Обидова Дилрабо Ҳусниддин қизини Қозоғистон Республикаси “Шымкент” Университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда бериб, 2020-2021 йилги ўқиш учун контракт тўловлари учун 2020 йил октябрь ойидан 2021 йил май ойига қадар Д.Обидова ва унинг оила аъзоларидан жами 1500 АҚШ доллари (сўмга нисбатан қиймати 15.783.000 сўм) миқдоридаги пулларини олиб, пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб, ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан Д.Обидованинг 1.500 АҚШ долларини қўлга киритиб, фирибгарлик жиноятини содир қилганлар.
         Бундан ташқари, М.Шарипов ва Паноева Шалола Шокировна олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи Бахтиёров Ибрат Ғайрат ўғлини Қозоғистон Республикаси “Тиббиёт” Университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда бериб, ўқиш учун контракт тўловлари учун 2021 йил февраль ойидан 2021 йил июль ойига қадар И.Бахтиёров ва унинг оила аъзоларидан жами 32.000.000 сўмлик пулларини олиб, ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб, ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан И.Бахтиёровнинг 32.000.000 сўмлик анча миқдордаги пулларини қўлга киритиб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилганлар.
         Суд, судланувчи М.Шариповга нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, унинг жиноят содир этишдаги иштирокчилик даражаси ва ролини, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, онаси вафот этганлигини, етказилган моддий зарарни ярмидан кўпини қоплаганлигини, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини, уларнинг судланувчига нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган енгил жазо берилишини сўраб қилган мурожаатларини содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси
         3-қисми “б” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, куннинг кеч соат 21:00дан эрталаб соат 7:00гача яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 3 (уч) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, ҳукм билан  судланувчининг зиммасига жабрланувчи И.Бахтиёровга 14.500.000 сўмни, жабрланувчи Д.Обидовага 700 АҚШ долларига тенг 7.792.792 сўмини 4 (тўрт) ой муддат ичида ўрнини қоплаш мажбурияти юкланди.
Шавкат Қувватов,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Фаррух Икрамов,
Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг раиси

САЙЁР ҚАБУЛЛАР: АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ЎРГАНИЛМОҚДА

Суд тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан биридир.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланган.
Бугунги кунда халқ ичига кириб бориб, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш ҳар бир вазирлик ва идораларнинг асосий фаолият мезонига айланмоқда.
Вилоят ва туман суд раҳбарияти ҳам халқнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ўтказмоқда.

Бугун жиноят ишлари бўйича судлов ҳайати судьяси Улуғбек Жўраев ва жиноят ишлари бўйича Вобкент туман суди раиси Акрам Раҳимов, туман прокурори Б.Султонов ва хотин қизлар қўмитаси раиси Ю.Зухуровалар билан биргаликда туманда сайёр қабуллар ўтказди.

Сайёр қабулда жами 93 та фуқаро қабул қилинди. Фуқаролар томонидан мурожаатларнинг аксарияти жиноят ишлари, маъмурий ишлар, фуқаролик ишлари ва иқтисодий ишлари бўйича келиб тушди.

Шикоятлар ўрганиш учун қабул қилинди. Ташкил этилган сайёр қабулда суд қарорларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаати тингланди. 
Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилинди.

Бухоро вилоят маъмурий суди матбуот хизмати

Олий суд томонидан Бухоро вилоятида солиқ қонунчилиги бўйича семинар-тренинг ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекситон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ташаббуси билан 2022 йил 28 май куни Бухоро вилояти маъмурий судлари судьялари ҳамда Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармасининг катта мажлислар залида солиқ қонунчилигини қўллаш бўйича семинар-тренинг машғулоти ўтказилди.
Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг раис ўринбосарлари, Бухоро вилоят ва туманлараро маъмурий судининг раиси ва судьялари, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ва ўринбосарлари, вилоят прокуратураси вакиллари, вилоят адлия бошқармаси вакиллари, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, ўринбосарлари ва ходимлари, ушбу ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 10 дан ортиқ тадбиркорлар, Бухоро давлат университетининг 150 дан ортиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган битирувчи талабалари қатнашдилар.
Шунингдек, Бухоро вилоят маъмурий судининг раиси С.Турсунов томонидан ушбу семинар-тренинг очиб берилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Д.Каримов, Давлат солиқ қўмитаси вакили, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Б.Садуллаев, Бухоро вилоят божхона бошқармаси бошлиғи, ҳамда Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси ўринбосарилари томонидан солиқ қонунчилиги бўйича маърузалар қилинди.
Бундан ташқари, семинар-тренинг якунида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва Бухоро вилоят маъмурий судининг раиси С.Турсунов томонидан ушбу ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ёш тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига ҳуқуқий тушунтириш берилди ҳамда Ўзбекситон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра, Ўзбекситон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талабларга риоя қилган ҳолда, белгиланган тартибда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги) ёки қарорлари устидан туманлараро маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди.

Бухоро вилоят маъмурий суди матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори амалда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.07.2020 йилдаги ПФ-6034-сон Фармони билан 2021 йил 1 январдан бошлаб маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиб, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинди.

Маъмурий судлар фаолиятини тартибга солиш мақсадида “Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги кодекс ишлаб чиқилиб, ушбу кодексга асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар Маъмурий судлар судловига тааллуқли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Конституциямизнинг 29 йиллигига бағишланган нутқида ҳам мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилгани, улар орқали ўтган бир йил вақт давомида 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тиклангани, бу каби ислоҳотларни янада кенгайтириб, маъмурий судлар нуфузини янада ошириш лозимлигини алоҳида таъкидлади.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил
29 январда “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сон Қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарорнинг 5-бандининг биринчи хат бошисида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништирилишини таъминлаш белгиланган.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби билан ҳамкорликда режа ишлаб чиқилди. Унга кўра манфаатдор вазирлик ва идоралар мансабдор шахслари ҳамда мутахассислари иштирокида семинар-тренинглар ўтказиш режалаштирилди.

Мазкур режага асосан дастлабки семинар-тренинг жорий йилнинг 20 апрель куни Бухоро вилоят маъмурий судида онлайн режимида ўтказилди.

Семинар-тренингда Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари ва вилоят ҳокимлиги аппарати бош юристконсульти, шунингдек, туман(шаҳар)лар ҳокими ўринбосарлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлиги аппарати бош юристконсультлари иштирок этди.

Унда 3 та маърузаларда маъмурий судларнинг фаолияти, амалий мисоллар келтирилди.

Ерни қайтариш, ер ажратиш ва бошқа масалалардаги ҳокимларнинг қарорларини бекор бўлиш сабаблари, ҳамкорлик батафсил ёритилиб берилди.

Семинар-тренинг якунида иштирокчилар томонидан саволлар берилди. Берилган саволларга ташкилотчилар томонидан батафсил жавоблар берилди.

Ушбу семинар-тренинг 25 июнь кунига қадар ҳафтада икки маротаба давлат солиқ хизмати, давлат божхона хизмати, кадастр органлари, давлат хизматлари марказлари, нотариуслар, ФҲДЁ, интелектуал мулк агентлиги, монополияга қарши курашиш, мажбурий ижро бюроси ҳудудий бошқармалари, адвокатлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари иштирокида ўтказилиши белгиланган.

Ихтиёр Холов, Бухоровилоятмаъмурийсудинингсудьяси

Ҳокимларнинг айрим қарорлари нотўғри қабул қилингани аниқланди

Бухоро вилояти маъмурий судлари томонидан 2021 йилда 828 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар кўриб тамомланган.

Ишларнинг 74 таси бўйича иш маъмурий судловга тааллуқли бўлмаганлиги ва аризачи талабидан воз кечганлиги сабабли иш юритиш тугатилган. 44 та иш кўрилмасдан қолдирилган. 283 та иш бўйича келтирилган талаблар асоссизлиги сабабли шикоят ва аризаларни қаноатлантириш рад этилган. 427 та иш бўйича судга мурожаат қилувчиларнинг талаблари қаноатлантирилиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари суд томонидан тикланган. Кўриб тамомланган оммавий низолар маъмурий органлар кесимида таҳлил қилинганда маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларини ҳақиқий эмас ва улар мансабдор шахсларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ оммавий низолар 305 та кўрилган. Ушбу ишларнинг 264 таси вилоят, туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ ишлар бўлса, 41 таси ҳокимият мансабдор шахси хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ ишларни ташкил қилади.

Ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ жами кўрилган 264 та ишнинг 105 таси қаноатлантирилган. 121 таси рад этилган. 19 таси иш юритишдан тугатилиб, 19 таси кўрмасдан қолдирилган. Ҳокимлик мансабдор шахслари ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ жами кўрилган 41 та маъмурий ишларнинг 6 таси қаноатлантирилган. 21 таси рад этилган, 13 таси иш юритишдан тугатилган ва 1 таси кўрмасдан қолдирилган. Мазкур тоифадаги ишлар юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 130 та хусусий ажрим чиқарилган. 

Кўриб чиқилган ишлар туманлар кесимида таҳлил қилинганда 2021 йил давомида Бухоро вилояти 5 та (таъсирчан солиқ механизмини қўллаш ҳақидаги хулосалар), Бухоро тумани 6 та, Бухоро шаҳри 24 та, Вобкент тумани 6 та, Ғиждувон тумани 5 та, Жондор тумани 1 та, Когон тумани 23 та, Когон шаҳри 9 та, Қоракўл тумани 3 та, Қоровулбозор тумани 1 та, Олот тумани 2 та, Пешку тумани 8 та, Ромитан тумани 2 та, Шофиркон тумани ҳокимликларининг 10 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. 
Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан қарорлар қабул қилишда қонунларга етарли даражада риоя этмаяпти. Бунинг натижасида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зарар етказилмоқда.

Салоҳиддин Турсунов, Бухоро вилояти маъмурий судининг раиси

Skip to content